Анвар Обиджоннинг
“ОЛТИАРИҚ ҲАНГОМАЛАРИ”
китобидан
Гоголнинг “Ревизор”ини ўқиб, зап тўқиган-да, деб қўямиз. Лекин...
1983 йилнинг ёзи эди. Институтни битирган укасини олиб кетиш учун Тошкентга келган олтиариқлик маҳалладошим Холмат агроном бизникида тунаб қолди. Эртаси куни ака-укага қўшилиб, уларнинг тўкилган “Москвич”ида мен ҳам қишлоққа йўл олдим.
Бекободдан ўтганимизда, машинанинг балони ёрилиб, буқоғи бор асранғи
ғилдиракни қўйсак, буниси ҳам Конибодомдан берироқда гумбирлаб отилди. Яланг жойда ўткинчи машиналар тўхтамай, вақт ярим кечадан ўтганда, озгинадан ухлаб олдик. Ғира- шира тонгда туриб, охири бизникидан хароброқ бир “Москвич”ни тўхтатдик. Эгаси
Бешариқдаги қайсидир колхўзда мол дўхтири экан, “майли, запас балонимни бериб тураман, борсак, колхўзимизнинг гаражида камераларингни яматиб оларсизлар”, деди.
Колхўз гаражига ҳали қуёш сакрамасдан етиб бориб, дарвоза олдида учта
савлатдор киши турганини кўрдик. Улар раис, бош агроном, гараж мудири эканлар. Мол дўхтири: “Олтиариқлик меҳмонларга балонимни бериб, зўрға етказиб келдим-да”, дегач, раис ҳаммамиз билан иссиқ кўришиб, кимлигимизни суриштирди. Ўзимни журналист, Холматжонни агроном, янги диплом олган укасини иқтисодчи деб таништирдим. Раис камерани ямаб ўтирмай, машинамизга бошқа янги ғилдирак қўйишни буюрди ва бизни
йўлнинг у юзидаги бинога етаклади. Кирсак, узун стол, дастурхон ноз-неъматга лиқ тўла.
Оч эдик, ўн-ўн беш чоғли одамга мўлжаллаб ёзилган дастурхоннинг бир четини тезда товуқтитиш қип ташладик.Орада, раис бундан икки ҳафта бурун мусабақадош сифатида Олтиариқда бўлишгани, уста деҳқонлардан кўп нарса ўрганиб қайтишганини
гапириб ўтирди. (Ўша даврда бир туман иккинчи туманга мусобақадош этиб белгиланар, гоҳ буниси унисининг, гоҳ униси бунисининг ишини текшириб, аниқланган ютуқ- камчиликлар ҳақида вилоят раҳбарларига маълумот беришар, аслида бу қуруқ
оворагарчилик, кераксиз харажатлар эди).
Нонушта тугагач, ташқарига чиқиб, зиёфат учун миннатдорчилик билдира-билдира машинага ўтираётганимизда, раиснинг бирдан қиёфаси ўзгариб: “Қайтиб келасизларми?” – дея гарангсираб боқди. “Насиб қилса, келармиз”, дедим.
Зиёфатнинг асл сабабини, хайрлашаётганимизда раис довдираб қолганинг боисини туман марказига келиб, йўл устига осиб қўйилган алвонни кўрганимиздан кейингина
англадик. “Олтиариқлик азиз мусобақадошлар, қадамингизга ҳасанот!” деган сўзлар алвонга қўшилиб ҳилпираб турарди.
Буёғидан қарасанг, жуда кулгили, уёғидан қарасанг, жуда қалбтирнар ҳолат.
Ҳақиқий текширувчилар борса, раис уларни пайхон қилинган дастурхонга қайси юз билан таклиф этади? Бизни раисга рўпара қилган мол дўхтирининг аҳволи энди нима кечади?