𝗨𝗡𝗚𝗨𝗧


Kanal geosi va tili: O‘zbekiston, O‘zbekcha


Охангарон туман "Унгут" қишлоғи аҳолисининг телеграм канали
Мурожаат учун: @Tabibbek, @Abdusadikov
Реклама учун: @Tabibbek

Связанные каналы  |  Похожие каналы

Kanal geosi va tili
O‘zbekiston, O‘zbekcha
Statistika
Postlar filtri


Солиҳа Носирова, 2 ёш 6 ой 7 кун

Солиҳа Носирова 2020 йил 11 майда Самарқанд вилоятида туғилган. Унинг касаллик тарихи «Док-1 Макс» иши бўйичa биринчи инстанция суди мажлисларидан «Газета.uz» тайёрлаган стенограмма асосида баён қилинади.

Солиҳа 2022 йилнинг октябрь ойи охирларида шамоллаган. Онаси дорихонага бориб, шамоллашга қарши дори сўраган ва дорихоначининг тавсияси билан «Док-1 Макс» сиропини сотиб олган.

Дорини уч кунча қабул қилгач, сиймай қўйган, оёғи шишиб кетган. Шу боис уни Иштихон туманидаги шифохонага, у ерда икки кун ётганидан сўнг эса Самарқанддаги шаҳар кўп тармоқли болалар касалхонасига олиб боришган.

У ерда етти ёки саккиз кун ётганидан кейин, қилинган саъй-ҳаракатларга қарамай, Солиҳа 2022 йил 17 ноябрда вафот этган.


Азизбек Аминбаев, 11 ой 27 кун

Азиз Аминбаев 2021 йил 18 ноябрда Қорақалпоғистонда туғилган. Унинг касаллик тарихи «Док-1 Макс» иши бўйича биринчи инстaнция суди ҳукмидаги тафсилотлар асосида баён қилинади.

Азиз 2022 йил кузининг ўрталарида шамоллаб қолади. Уни даволаш мақсадида дорихонадан сотиб олинган «Док-1 Макс» сиропи, октябрдан бошлаб 15 кун давомида кунига бир маҳалдан ичирилади. Баҳорда Россияга ишлаш учун кетган отаси Дадахон Аминбаев ўғлининг касал бўлгани ва пешоб ажратмаётгани ҳақида онаси Саида Ҳосилбековадан, у билан телефонда гаплашганида хабар топади.

Азизнинг аҳволи яхшиланавермагач, бувиси Саида Ҳосилбекова уни Урганчдаги РШТИЁМ филиалига олиб боради. Унга ўткир буйрак етишмовчилиги ташхиси қўйилади. 27 октябрда болани РШТИЁМнинг Нукус филиалига кўчиришади. Бу орада у комага ҳам тушади.

Боланинг отаси 1 ноябрь куни Россиядан қайтиб келади. У келган пайтда ўғли пешоб ажрата бошлаган бўлган, аммо тўрт-беш маротаба диализ қилинганига қарамай, комадан чиқмайди.

Азиз Аминбаев 2022 йил 14 ноябрь куни вафот этади.


Нигина Одилова, 2 ёш 7 ой 17 кун

Нигина Одилова 2020 йил 28 март куни Навоий вилоятида туғилган. Унинг касаллик тарихи «Док-1 Макс» иши бўйичa биринчи инстанция суди мажлисларидан «Газета.uz» тайёрлаган стенограмма асосида баён қилинади.

Нигина 2022 йил октябрь ойи охирларида шамоллаб қолади. Онаси дорихонадан «Док-1 Макс» сиропи ва парацетамол таблеткаларини олиб келиб, уч-тўрт кун икки маҳалдан ичиради. Иккинчи куни эрталабда қизчанинг ҳарорати тушади, аммо кечга бориб томоғи яна қизара бошлайди. Учинчи кундан сийдик ажралиши камайиб, еган-ичганини қайт қилади, ҳолсизланишни бошлайди.

Ота-онаси аввалида «иситмага қарши шамчадан фойдаланишаётгани учун терлаяпти, танасидаги сув шу йўсиндан чиқиб кетяпти, шунинг учун сийдик ажратмаяпти», деб ўйлаган. Кейинги кун яна пешоб чиқмагач, онаси 4 ноябрь тонгида Зарафшон шаҳридаги поликлиникага олиб чиққан.

Дадаси Озоджон Нуруллаевнинг судда кўрсатма беришича, у ерда «отангга бор, онангга бор» қилиб, соат 11:00 гача болага бирор дўхтир қарамаган. Эшикма-эшик юравериб, тасодифан Навоийдан бир ойлик командировкага келган врачнинг қабулига кириб қолишган — 15 кун олдин Нигинанинг симптомлари Зарафшон шаҳридаги бошқа беморда ҳам кузатилган, бундан ўша врач хабардор бўлган. У тезда УТТга тушириб, ўша заҳоти Навоий вилояти кўп тармоқли болалар марказига йўлланма берган.

У ерга боришганда қизча яна УТТдан ўтказилиб, реанимация бўлимига ётқизилган. Тунда реанимация бўлими бошлиғи билан шифохона бош врач ўринбосари қизалоқнинг онасидан касаллик тарихини обдон сўраган. «Док-1 Макс» ҳақида эшитгач, ўша вақтда яна тўрт-беш бемор шу дорини қабул қилиб, аҳволи ёмонлашгани, диализ олиб жонлантириш бўлимига даволанаётганлигини айтган.

Кейинги кун боланинг икки буйраги ишламаётгани аниқланган. Шифокорлар ота-онасига зудлик билан диализ қилиш кераклиги, аммо Навоийда болаларнинг диализ фильтри бўлмагани учун тезда Бухоро ё Самарқанддан олиб келтириш кераклигини айтган.

Шу куни соат 16:00 га бориб, қизчанинг аҳволи янада оғирлашган. Отаси Самарқанд вилояти кўп тармоқли болалар шифохонасидан таниш-билиш қилиб, икки дона фильтр олдирган. Навоийдаги дўхтирлар: «Бу шанба-якшанбани ўтказишга. Душанба куни олиб кетасизлар», деб жавоб берган.

Соат 22:00 лар атрофида фильтр келган. Ота-она диализ бўлимининг бошлиғига олиб борганда «Фильтр ўзимизда бор-ку, нега олиб келдингиз», деган. Озоджон ака шу пайтда қайси бўлимга ишонишни билмагани, аммо ўртада боласи сарсон бўлганини айтади. Қизча шу куни тунда биринчи марта диализ олган. Навоийдаги шифокорлар якшанба кечки пайт иккинчи диализни ўтказиб, душанба — 7 ноябрь куни Самарқанд вилояти врачлари билан гаплашиб, ўша ерга йўлланма берган.

Улар Навоийдан чиқиб Самарқандга боргунича соат 16:00 лар бўлиб қолади. Врачлар болани кўриб, реанимация бўлимига қабул қилади. Чоршанба куни диализ қилишга қарор қилишади. Аммо ўша пайтда Самарқанддан ҳам катетер бўлмайди. Шифокорлар қизчанинг ота-онасига катетер топиб келишлари кераклигини айтади.

Ўша вақтда Самарқандда халқаро саммит ўтаётган, йўллар ёпиқ бўлган. Қизалоқнинг отаси тунги соат 2:00 да, Тошкентга бориб, Сергелидаги қайсидир бир дорихонадан икки дона катетер топади. Келгунича пайшанба эрталаб бўлади. Пайшанбада диализ ўтказилади, лекин, шифокорлар огоҳлантирганидек, самара бўлмайди.

Бола оғирлашиб, шишиб кетади. Укол-дори, аппаратлар билан 14 ноябргача ушлаб туришади. 14 ноябрь куни Нигинанинг жони узилади.


Осиё Суннатова, 1 ёш 1 ой 9 кун

Осиё Суннатова 2021 йил 3 октябрда Жиззах вилоятида туғилган. Унинг касаллик тарихи «Док-1 Макс» иши бўйичa биринчи инстанция суди мажлисларидан «Газета.uz» тайёрлаган стенограмма асосида баён қилинади.

Осиё 1 ёшга тўлганидан кўп ўтмай, 22 октябрь куни шамоллаб қолади. Отаси пахта йиғим-терими сабаб уйдан 30 км узоқда бўлгани боис, онаси дорихонага бориб, иситмалаган қизига аввалроқ бошқа фарзандига ҳам ичириб, нафини кўрган «Док-1 Макс» сиропидан олиб келади.

Икки маҳал сироп ичганидан кейин ҳам Осиёнинг аҳволи яхшиланмагач, ота-онаси уни «Фарҳод» клиникасига олиб боради. Икки кун қатнаб, укол олса ҳам шамоллаши ўтиб кетмайди. Бунинг сабабини шифокорлар «шамоллаш бирданига яхши бўлиб қолмаслиги, уни вақт даволаши» билан тушунтиради.

Иккинчи куни клиникадан уйга қайтгач, қизалоқнинг пешоб ажратмаётгани, танасида шишлар пайдо бўлиб, бўшашаётганини пайқашади. Шундан кейин уни Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази (РШТЁИМ) Жиззах филиалига олиб боришади.

Шифокорлар умуман пешоб ажралмаётган бўлса, қандайдир укол қилиб сийдиришлари, шунда ҳам ўзгариш бўлмаса, операция қилишлари ва унгача текширтириш кераклигини айтади. УТТ қилиб «Буйраги зўр, буйракдан эмас», дейишади.

Ота-онаси шошилинч тез тиббий ёрдамдан чиқиб, қизалоқни Жиззах вилояти кўп тармоқли болалар шифохонасига олиб боради. У ерда ўткир буйрак етишмовчилиги борлиги аниқланиб, вақтни ўтказмай, тезда Самарқандга бориш ва диализ қилдириш тавсия қилинади.

Самарқанд кўп тармоқли тиббиёт марказида дўхтирлар соат 14:00 гача ишлаши, ундан кейин одам қабул қилмаслиги маълум бўлгач, Осиёни Самарқанддаги шошилинч тез тиббий ёрдамга олиб боришади. Уёқда ҳам УТТ қилинади — аҳвол ёмонлиги, буйрагида кучли жараён кетаётгани айтилади.

Шошилинч тез тиббий ёрдамда икки кун бўлишгач, бир нотаниш аёл шифокор келиб боланинг аҳволи жуда ёмон, дея Осиёни реанимацияга ўтказади. Боланинг кўп тармоқли болалар шифохонасига кўчиши, катетер топилишига ҳам ўша шифокор аёл сабабчи бўлади — катетерни Жиззах, Самарқанд, Қаршидан сўрамаган жойлари қолмайди ва, охири — учинчи куни Тошкентдан базўр топиб келтиришади.

Ўшанда касалхона ходимлари бу «Док-1 Макс» билан боғлиқ 10 ё 11-ҳолат эканини айтади. Саъй-ҳаракатларга қарамай, Осиё 2022 йил 12 ноябрда вафот этади.


Темурбек Сайфуллаев, 2 ёш 7 ой 30 кун

Темурбек Сайфуллаев 2020 йил 12 мартда Самарқандда туғилган. Унинг касаллик тарихи «Док-1 Макс» иши бўйича биринчи инстaнция суди ҳукмидаги тафсилотлар асосида баён қилинади.

2022 йилнинг 3−4 ноябрида Темурбекнинг томоғи оғриб қолади. Онасининг ўзи шифохонада ишлагани учун ўғлига «Амбронол» сиропи ва суспензия кўринишидаги «Ибуфен Д» дори воситасини бир кунда уч маҳалдан ичиради.

5 ноябрда Темурбекнинг пешоб чиқариши камайиб, эртаси куни бутунлай сиймай қўяди. Шундан кейин тез тиббий ёрдам чақириб, уни Пахтачи туманидаги тиббиёт бирлашмаси болалар бўлимига олиб боришади.

Онаси Нилуфар Ўлжаеванинг маълум қилишича, шифокорларнинг тавсияси билан ўғлини Самарқанд шаҳридаги кўп тармоқли болалар шифохонасига олиб боришган. Жонлантириш бўлимига ётқизилган Темурбекда қўшимчасига коронавирус ҳам аниқланади.

Темурбекка 2022 йил 11 ноябрь куни гемодиализ қилинади. У айнан шу куни шифохонада вафот этади.


Дамир Шокиров, 1 ёш 5 ой 12 кун

Дамир Шокиров 2021 йил 22 июнда Навоий вилоятида туғилган. Унинг касаллик тарихи «Газета.uz» нашри «Док-1 Макс» иши бўйичa биринчи инстанция суди мажлисларидан тайёрлаган стенограмма асосида баён қилинади.

Оилада ёлғиз фарзанд бўлган Дамирнинг саломатлигида ҳеч қандай шикоят бўлмаган, ўсиши ҳам тенгдошларига нисбатан яхши бўлган.

Аввалроқ шамоллаганида «Док-1 Макс» ичиб, яхши бўлиб кетгани учун 2022 йил октябрида иситмалаб, шамоллагандек кўринганида болага яна шу сиропдан икки кун икки маҳал ичиришади. Дамир ҳолсизланиб, қайт қила бошлагач, уни Зарафшон шаҳар касалхонасига олиб боришади. Дўхтирлар унинг қайт қилишини бронх йўлларидаги шамоллаш билан боғлиқ бўлиши мумкин, деб тахмин қилади.

Шифокорлар Дамирни уч кун шамоллашга қарши даволайди. Уйидагилари нима керак бўлса, ҳаммасини касалхонага етказиб туради. Бу орада УТТ ҳам қилиб, боланинг буйрагида ҳеч қандай муаммо йўқлиги айтилади. Ўрнидан туролмай, ҳолсизланиб, сиймай қўйганидан кейин қайта УТТ қилиниб, «Сийдик йўлидами, каналидами торайиш бор», деб яна хато ташхис қўйилади.

Ота-онаси ўғлини Навоий вилоят кўп тармоқли тиббиёт марказига олиб бориб, УТТ қилдирганидан кейингина боланинг буйраги ишдан чиққани, қонда заҳарланиш бошлангани маълум бўлади. Бир кун ўтиб, Дамирни диализ қилдириш учун Самарқандга юборишади. Самарқанд вилоят кўп тармоқли болалар шифохонасида тўрт марта диализ қилинади — икки марта қони, икки марта суви тозалаб олинади, лекин фойдаси бўлмайди.

Отаси Достон Сатторовнинг эслашича, ўшанда болани диализ қилиш учун бутун Самарқанд вилоятида, 50−60 та дорихонадан оддий бир катетер топилмайди. Тошкентдан олиб келтирилган биринчи катетернинг ўлчами тўғри келмайди. Эртасига Тошкентдан бошқа бир катетер почта орқали келтирилади.

Таъкидланишича, Дамирнинг аҳволига Самарқанддаги шифохонада ҳам аниқ ташхис қўйилмаган — шамоллаш, овқатдан заҳарланиш вариантлари кўриб чиқилади. Дўхтирлар боланинг ота-онасидан қандай дорилар бергани ҳақида сўраган, лекин бу «Док-1 Макс» билан боғлиқ бўлиши мумкинлигини улар ҳам билмаган. Шу тариқа, 24−25 октябрда мазаси қочган Дамир 3 ноябрга келиб комага тушади.

Дамир 2022 йил 3 ноябрь куни вафот этган.


Ислом Каримбаев, 1 ёш 10 ой 18 кун

Ислом Каримбаев 2020 йил 14 декабрь куни Қорақалпоғистон Республикасида туғилган. Унинг касаллик тарихи «Док-1 Макс» иши бўйича биринчи инстaнция суди ҳукмидаги тафсилотлар асосида баён қилинади.

Ислом туғма юрак нуқсони ва «Даун синдроми» билан дунёга келган. Шу боис иммунитети паст, тез-тез касал бўлган ва соғлиғини тиклаш мақсадида доимий равишда дори ичган.

2022 йилнинг тахминан 17−18 октябрида йўтала бошлагани сабаб онаси унга дорихонадан «Док-1 Макс» сиропини олиб келиб, 2−3 кун давомида 2 маҳал ичирган. Ислом тахминан 21 октябрь куни иситмалаб, қайт қилади ва пешоб ажратмай қўяди. Эртаси куни уни Амударё туманидаги Тиббиёт бирлашмасига олиб боришади.

Навбатчи шифокор болани текширувдан ўтказиб, амбулатор тартибда олиб қолади. 24 октябрда эса Ислом РШТИЁМ Нукус филиалига олиб борилади. Отаси Нурбек Раҳимовнинг маълум қилишича, шифокорлар унинг ўғлига ўткир буйрак етишмовчилиги ташхисини қўйиб, жонлантириш бўлимига ётқизган.

5−6 маротаба диализ қилинганидан кейин бола комага тушиб, ундан чиқмаган. Ислом 2022 йил 1 ноябрь куни вафот этган.


Асалбону Холмаматова, 4 ёш 5 ой 12 кун

Асалбону Холмаматова 2018 йил 15 май куни Самарқанд вилоятида туғилган. Унинг касаллик тарихи «Док-1 Макс» иши бўйича биринчи инстaнция суди ҳукмидаги тафсилотлар асосида баён қилинади.

Асалбону 2022 йил октябрь ойи ўрталарида шамоллаб қолади. Шундан кейин унга шифокорнинг тавсияси билан дорихонадан сотиб олинган «Док-1 Макс» сиропи ичирилади. Қизалоқ дорини 1 кун, 3 маҳал қабул қилади. Шундан кейин ҳолсизланиб қолади, эртасига пешоб ажратмай қўяди.

Отаси Зарифжон Насриддиновнинг маълум қилишича, аҳволи ёмонлашгач, шифокорлар қизини тезда Самарқанд вилояти тез тиббий ёрдам шифохонасига юборган. У ерда қизининг буйраги ишламаётганлиги маълум бўлгач, зудлик билан Самарқанд вилояти кўп тармоқли болалар марказига жўнатишган. Марказдаги шифокорлар битта буйрак ишдан чиққанини айтади. У ерда қизалоққа диализ қилинади, қони камайгани учун қўшимча 200 миллилитр қон қуйилади.

Асалбону 2022 йил 27 октябрда вафот этади.


Малика Абдуллаева/ Мақсутова, 3 ёш 9 ой 18 кун

Суд ҳукмида Маликанинг фамилияси икки хил — Мақсутова ва Абдуллаева тарзида берилган. Унинг отасининг исм-шарифи — Абдуллаев Баҳодир Мақсутович. Материални тайёрлаш жараёнида Маликанинг ота-онаси билан алоқа ўрнатиб бўлмади. Марҳум қизалоқнинг фамилиясига қорақалпоғистонлик жабрланувчилар орқали ҳам аниқлик киритиб бўлмагани боис, иккала талқинни ҳам қолдиришга қарор қилинди.

Малика 2019 йил 10 май куни Нукус шаҳрида туғилган. Унинг касаллик тарихи «Док-1 Макс» иши бўйича биринчи инстaнция суди ҳукмидаги тафсилотлар асосида баён қилинади.

Малика 2022 йил сентябри бошларида шамоллаб қолади. Шунда отаси уйга яқин жойдаги дорихонага бориб, сотувчидан шамоллашга қарши дори сўрайди. Қизалоқ сотувчи тавсияси билан 35 минг сўмга олинган «Док-1 Макс» сиропини йўриқномага кўра 3 кун 2 маҳал — 1 чой қошиқдан қабул қилади. Лекин аҳволи яхшилавермагач, отаси унга номини ўзи ҳам эслолмайдиган таблеткалар беради ва қиз анча яхши бўлиб қолади.

23 сентябрда Маликада шамоллаш қайталанади, тана ҳарорати кўтарилиб, қайт қила бошлайди. Унга дорихонадан сотиб олинган 2 дона «Амуксалин» (интернетда бу номдаги сироп чиқмади, дори номи суд ҳукмида қандай келтирилган бўлса, шу тарзда берилмоқда — таҳр.) сиропидан биттаси 3 кун 3 маҳалдан 1 чой қошиқда ичирилади.

Аҳволи яхшиланмагач, ота-онаси қизини Тахиатош туманидаги 1-поликлиникага олиб боради. Отаси Баҳодир Абдуллаевнинг маълум қилишича, шифокор қизига «Ампициллин» уколи ва номи унинг эсида бўлмаган сиропни ёзиб беради. 2 кун давомида «Ампициллин» уколини килиб, шифокор ёзган сиропни ичиришади. Аммо қизнинг аҳволи ёмонлашиб, юролмай қолади.

Маликани Тахиатош туманидаги болалар шифохонасига олиб боришганида, шифокорлар унга ўпка шамоллаши ташхисини қўйиб, бир кун давомида натрий хлориди, аскорбин кислотаси, цефозалин ва бошқа дорилар билан стационар даволайди. Бироқ қизалоқ пешоб чиқармай қўяди. УТТ қилган шифокорлар унга «сариқ касал» ташхисини қўйиб, Тахиатош туманидаги юқумли касалликлар шифохонасига юборади.

Юқумли касалликлар шифохонасидагилар «сариқ касал» ташхисини тасдиқламайди, уни болалар шифохонасига қайтариб юборади. Болалар шифохонасига қайтиб боргач, бола реаниматолог кўригидан ўтказилади. Малика буйрак етишмовчилиги деган янги ташхис билан реанимация бўлимига ётқизилади.

Отасининг қўшимча қилишича, 30 сентябрда қизи Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази Нукус филиалига олиб кетилади. Гемодиализ қилингач, қизи пешоб чиқара бошлайди, аммо 2 октябрда комага тушиб қолади.

23 кун комада ётган Малика 2022 йил 23 октябрь куни шифохонада вафот этади.


Малика Маратова, 3 ёш 8 ой 26 кун

Малика Маратова 2019 йил 30 январь куни Қорақалпоғистон Республикасида туғилган. Унинг касаллик тарихи «Док-1 Макс» иши бўйича биринчи инстaнция суди ҳукмидаги тафсилотлар асосида баён қилинади.

2022 йил 23 сентябрда Малика шамоллаб қолади — тана ҳарорати кўтарилади, кўнгли айниб, тез-тез қайт қилади. Шундан кейин отаси дорихонадан «Парацетамол» шамчаси ва «Ампицилин» уколини олиб келади. Тана ҳарорати тушмаганидан кейин онаси турмуш ўртоғидан «Док-1 Макс» сиропини ҳам олиб келишни сўрайди.

Отаси Анвар Бердиниязов «Док-1 Макс» сиропи, «Цинепар» ва «Кюпен» номли таблеткаларни олиб келади. Малика сиропни тахминан 1 ҳафта давомида 3 маҳал 2 чой қошиқдан қабул қилади. 5 октябрдан қизалоқнинг пешоби келмай қолади.

Отаси уни 9 октябрда Чимбой тиббиёт бирлашмаси шифохонаси болалар бўлимига олиб боради. 9−10 октябрда аҳволи оғирлашгани сабаб Нукус тез-тиббий ёрдам шифохонасига олиб кетилади. Шифокорлар томонидан ўткир буйрак етишмовчилиги ташхиси қўйилиб, диализ қилинади — 10 октябрдан 19 октябргача жами 7 маротаба диализ муолажаси олади. Шундан сўнг қизнинг пешоби кела бошлайди. Аммо тахминан 15−16 октябрь кунлари қиз комага тушиб қолади.

Малика 2022 йил 26 октябрь куни вафот этади.


Дунё Ўлмасова, 3 ёш

Дунё Ўлмасова 2019 йил 25 октябрь куни Самарқанд вилоятида туғилган. Унинг касаллик тарихи «Док-1 Макс» иши бўйича биринчи инстaнция суди ҳукмидаги тафсилотлар асосида баён қилинади.

Дунё 2022 йилнинг октябрида йўтала бошлайди. Шу сабабли онаси 15 октябрда дорихоначининг тавсияси билан «Док 1 Макс» сиропини тахминан 40 минг сўмга сотиб олади. Қизалоқ дорини 3 маҳалдан ичган кунининг учинчисида қайт қила бошлайди.

Шундан кейин уни 18−19 октябрь кунлари қишлоқ поликлиникасига олиб боришади. Шифокор бола овқатдан заҳарланган бўлиши мумкин деб ўйлагани боис унинг ошқозонни тозалаш мақсадида осма укол қилади. Бироқ қизалоқ яна қайт қила бошлайди, тўртинчи кунга сиймай қўяди.

19 октябрь куни Дунёни сариқ касал деб тахмин қилган қишлоқ поликлиникаси ҳамшираси унинг онасига гепатит-касалхонасига олиб боришни тавсия қилади. У ердаги шифокорлар эса болада гепатит аломатлари йўқлигини айтади, аммо таҳлил учун қон топширишни сўрайди.

20 октябрдаги қон таҳлили натижаси ва УТТга кўра, қизалоқнинг қовуғида пешоб йўқлиги, қолаверса буйраклари шишгани маълум бўлади. Эртаси куни Самарқанд вилоят болалар кўп тармоқли тиббиёт марказига олиб борилган қизалоқ жонлантириш бўлимига ётқизилади.

Дунё 2022 йил 25 октябрь куни касалхонада вафот этади.


Севинч Фарҳодова, 4 ёш 6 ой 6 кун

Севинч Фарҳодова 2018 йил 18 августда Қорақалпоғистон Республикасида туғилган. Унинг касаллик тарихи «Док-1 Макс» иши бўйича биринчи инстaнция суди ҳукмидаги тафсилотлар асосида баён қилинади.

Севинч 2022 йил октябрь ойи ўрталарида шамоллаб қолади. Уни даволаш мақсадида дори сотиб олмоқчи бўлган ота-онасига дорихоначи шамоллашга қарши «Док-1 Макс» сиропини тавсия қилади. Сиропни Севинчга 4 кун 3 маҳалдан ичиришади. 20 октябрда иситмаси чиққан, қайт қилиб, пешоб ажратмай қўйган Севинчни ота-онаси Берунийдаги туман тиббиёт бирлашмасига олиб боради.

Ультратовуш текшируви шифокори қизнинг буйраклари қуриб қолгани, унинг шишаётганини билдириб, буйрак етишмовчилиги ташхисини қўяди. Шунингдек, Севинчни зудлик билан болалар жонлантириш бўлимига олиб боришни ҳам тавсия қилади. Жонлантириш бўлими шифокори эса қизнинг аҳволи оғирлигини билдириб, уни дарҳол Тошкентдаги 16-шаҳар касалхонаси (Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази, РШТЁИМ)га олиб бориш кераклигини айтади.

Аммо Севинчни зудлик билан Тошкентга олиб бориш учун на самолётга ва на поездга чипта топилади. Шу боис қизалоқ 21 октябрь куни РШТЁИМнинг Нукус филиалига олиб борилади. Бу ердаги шифокорлар Берунийдаги ҳамкасблари қўйган «ўткир буйрак етишмовчилиги» ташхисини тасдиқлайди. Қизалоқ жонлантириш бўлимига ётқизилади. 3 марта диализ олгач, у комага тушиб қолади.

Севинч 2022 йил 24 октябрда вафот этади.


Малика Қудратова, 3 ёш 8 ой 15 кун

Бир оиланинг икки фарзанди «Док-1 Макс»дан жабрланган. Малика исмли қизалоқ вафот этган, унинг укаси Муҳаммадали эса ногирон бўлиб қолган. Малика Қудратова 2019 йил 31 январда, Муҳаммадали эса 2021 йил 7 апрелда туғилган. Уларнинг касаллик тарихи — бир-бирига боғлиқ бўлгани учун — «Док-1 Макс» иши бўйича биринчи инстанция суди мажлисларидан «Газета.uz» тайёрлаган стенограмма асосида бир матнда баён қилинади.

Ардашой Нўъмонова 2022 йил баҳори бошларида шамоллаган ўғли Муҳаммадали Қудратов учун шифокор тавсияси билан «Док-1 Макс» сиропини биринчи марта сотиб олиб, кейинчалик ундан доимий фойдаланиб келган. Дори яхши натижа бергани ва унинг ҳеч қандай салбий таъсирини кўрмагани учун, она 2022 йил кузида шамоллаб қолган қизи Маликага ҳам шу доридан ичирган. Сиропни 3 кун 2 маҳалдан йўриқномада кўрсатилган миқдорда қабул қилган қизалоқ 4−5 октябрларда қайт қила бошлаган.

Шундан кейин уни Навоий вилояти Кармана туман тиббиёт бирлашмасига олиб боришади. Ошқозон бузилиб, инфекция тушганини айтган шифокорлар Маликанинг меъдасини ювиб, уйига жўнатади. Қизалоқ ҳолсиз, қайт қиладиган ва кўп ухлайдиган бўлиб қолгач, уни тез ёрдам машинаси билан яна Карманадаги болалар касалхонасига олиб бориб, реанимация бўлимига ётқизишади. Қизча у ерда бир сутка давомида ҳам пешоб чиқармайди. УТТга туширилганида иккала буйраги ҳам ҳам ишламаётгани, «тамом бўлгани», заҳарлангани маълум бўлади. Онаси бу хабардан шокка тушиб қолади.

Бир сутка давомида тўхтовсиз осма укол қилинган қизалоқнинг танаси охири укол қабул қилмай, шишиб кетади. Шифокорлар онасига биргина йўл қолгани — диализ қилиш кераклигини, аммо диализ Карманада йўқлиги, бунинг учун ё Самарқанд, ёки Бухорога бориш кераклигини, шароит кўтарса, болани шу шаҳарлардаги касалхоналарга олиб бориш кераклигини айтишади.

Малика 8 октябрь куни Самарқанд вилоят кўп тармоқли болалар марказига олиб келинади. Отаси топиб келган кaтетер билан диализ бошланади — ота-онаси «шундан кейин боламиз яхши бўлиб кетади», деб умидвор бўлади. Аммо ҳар диализдан сўнг Маликанинг аҳволи оғирлашаверади.

«15 кило чиқадиган қизим 15 кунда 50 кило бўлиб кетиб, ҳатто оғзидан йиринглай бошлади. Икки-уч марта диализ олиб, аҳволи оғир бўлиб турганида уйдан қайнонам телефон қилиб, ўғлим Муҳаммадали ҳам қайт қилиб, пешоб чиқармай қўйганини айтди. Ўша вақтдаги аҳволимни ҳеч кимга тушунтириб беролмайман. Ўғлимни ҳам тезда реанимацияга олиб келдик. У ҳам худди опаси каби аҳволда эди», — деганди Ардашай Нўъмонова суддаги кўрсатмасида кўзда ёш билан.

Маълум бўлишича, Муҳаммадали йўталганида отаси унга бир ёки икки марта «Док-1 Макс»дан ичирган бўлади. Ардашой Нўъмонова қизининг аҳволи диализдан сўнг жуда ёмонлашгани боис ўғлига ҳам диализ қилишларидан хавотирланади, шифокорлар эса бу муолажадан бошқа чора йўқлигнии тушунтиради. Айни вақтда, шифокорлар Муҳаммадали учун ҳам катетер топиб келиш кераклигини, касалхонада бундай мослама йўқлигини айтади.

Муҳаммадали бир ярим ёш бўлгани учун унга жуда кичкина найчали катетер зарур эди. Бунақаси Тошкентнинг ўзидан бир сутка изланади, охири кимдир ёрдам қилиб, 500 минг сўмга жўнатиб юборади. Лекин ўша куни Муҳаммадалининг ўзи озгина пешоб чиқаради ва шу тариқа уни диализ қилиш фикридан қайтилади.

Бу вақтда Маликанинг аҳволи оғирлашади. Бешинчи диализдан сўнг, 15 октябрь кечаси у вафот этади.

Ардашой Нўъмонованинг айтишича, қизи қонталаш қўллари билан: «Онажон, мени олиб кетинг», дегани унинг кўз олдида муҳрланиб қолган. «Фарзандим ўз қўлимда дорилар таъсирида адо бўлди», — деганди у суддаги кўрсатмасида. Ўша вақтда ўғли Муҳаммадали ҳам реанимацияда оғир аҳволда ётгани учун Маликанинг жанозасида қатнаша олмаган, уни сўнгги йўлга кузата олмаган.

Муҳаммадалида пешоб ажралган куннинг оқшомида унинг томирлари тортишиб («судорога» бўлиб) қолган. Пешонасининг бир тарафи тортишиб, кўзи билан оғзи қийшайиб қолгани учун шифокорлар онасига: «Ўғлингизнинг шу аҳволда ўлмай тургани — мўъжиза. Ҳар нарсага тайёр туринг. Биз ҳам қўлимиздан келганини қилдик», деган.

Октябрь охирларида, Муҳаммадалининг кўзи билан оғзидаги қийшайиш қайтгач, даволанишни давом эттири


Беҳруз Реджепов, 5 ёшу 4 ой 4 кун

Беҳруз Реджепов 2017 йил 6 июнь куни Қорақалпоғистон Республикасида туғилган. Унинг касаллик тарихи «Док-1 Макс» иши бўйича биринчи инстaнция суди ҳукмидаги тафсилотлар асосида баён қилинади.

Беҳруз 2022 йили август ойи бошларида бетоб бўлиб қолади — тана ҳарорати кўтарилиб, кучли йўталади. Онаси Гуландам Кўлбаева уни қишлоқ врачлик пункти (ҚВП)га олиб чиққанида, шифокор болага «Амбронол», «Азимитрицин» ва «Қизил мия» сиропларини тавсия қилади. «Амбронол» сиропини 2 кун 2 маҳалдан ичган Беҳрузнинг йўтали қолиб, бироз тузалгандек бўлади. Лекин август охирларига бориб, тана ҳарорати яна кўтарилиб, қайт қила бошлайди. Онаси иситмани тушириш учун «Парацетомол» таблеткасини ярмини бергач, соғайиб кетади.

20 сентябрда Беҳрузда яна иситмалаш, қайт қилиш кузатилади. Онаси бу сафар «Парацетомол» ва унга қўшимча «Аспирин» таблеткасининг ярмини беради. Аммо боланинг аҳволи яхши томонга ўзгармайди. ҚВПдаги шифокор болани кўрикдан ўтказиб, «Парацетомол», «Смекта», «Амоксацилин» каби дори воситалари ва Натрий-хлориднинг системасини бепул беради. Бола бу дориларни ичганига қарамай, аҳволи баттар оғирлашади — пешоб чиқармай қўяди, қорни шиша бошлайди.

Шундан сўнг, 24 сентябрь куни тез ёрдам чақирилади. Келган тез ёрдам ходимлари боланинг пешоб чиқармаётганини унинг ҳеч нарса емагани ва ичмаётгани билан боғлайди. Эртаси куни Беҳрузнинг қайт қилиши кучайиб, тана ҳарорати кўтарилади. Учинчи кун ҳам пешоб чиқармагач, онаси таниш педиатр тавсияси билан ўғлини УТТдан ўтказади.

Буйраги ишламаётгани маълум бўлгач, бола 26 сентябрь куни тез ёрдам машинаси билан Шуманай туман марказий шифохонасига олиб борилиб, жонлантириш бўлимига ётқизилади. Эртаси куни уни Республика шошилинч ёрдам илмий марказининг Нукус филиалига юборишади. Беҳруз у ерда гемодиализдан кейин пешоб чиқара бошлайди, аммо 29 сентябрда комага тушади.

15 кун комада ётган Беҳруз 2022 йил 12 октябрь куни вафот этади.


Имронбек Кучимов, 2 ёш 15 кун

Имронбек Кучимов 2020 йил 14 сентябрда Жиззах вилоятида туғилган. Унинг касаллик тарихи «Док-1 Макс» иши бўйича биринчи инстaнция суди ҳукмидаги тафсилотлар асосида баён қилинади.

Имронбек 2022 йили туғилган кунидан бир кун ўтиб, 15 сентябрда шамоллаб қолади. Шундан кейин онаси бир аёлнинг тавсияси билан дорихонадан «Док-1 Макс» сиропини сотиб олади. Имронбек дорини бир ҳафта давомида кунига уч маҳал ичади.

23 сентябрь куни боланинг ичи кетиб, қайт қила бошлагани боис эртаси куни уни Ғаллаорол туман шошилинч тиббий ёрдам марказига олиб боришади. Бу ерда бола пешоб ҳам чиқара олмай қолгани учун уни тез ёрдам машинасида вилоят кўп тармоқли болалар шифохонасига юборишади.

Болага ўткир буйрак етишмовчилиги ташхиси қўйилади. Имронбекнинг аҳволи ҳеч яхшиланавермагач, 28 сентябрь куни тез ёрдам машинасида Самарқанддаги кўп тармоқли болалар шифохонасига олиб кетилади. Жонлантириш бўлимига ётқизилган болага катетер уланади.

Имронбек 2022 йил 29 сентябрь куни вафот этади.


Муҳаммаджон Норсоатов, 1 ёш 9 ой 2 кун

Муҳаммаджон Норсоатов 2020 йил 27 ноябрь куни Қашқадарё вилоятида туғилган. Унинг касаллик тарихи «Док-1 Макс» иши бўйича биринчи инстaнция суди ҳукмидаги тафсилотлар асосида баён қилинади.

Муҳаммаджон 2022 йилнинг сентябрида шамоллаб қолади. Дорихонадан сотувчининг тавсияси билан «Док-1 Макс» сотиб олган онаси ўғлига сиропни 5 кун давомида икки маҳалдан беради.

Боланинг аҳволи яхшиланавермагач, уни 22 сентябрь куни Ғузор туман болалар кўп тармоқли тиббиёт марказига олиб боришади. Навбатчи шифокор тана ҳарорати кескин кўтарилган Муҳаммаджонга томчи дори қуйиб, уйига жавоб беради.

23 сентябрда эса Қашқадарё вилоят болалар кўп тармоқли тиббиёт маркази нефрология бўлими навбатчи шифокори Муҳаммаджонга буйрак шамоллаши ташхисини қўяди. Бу вақтга келиб боланинг иситмаси кескин кўтарилган, ҳолсизланган эди.

Иштаҳаси йўқолиб, икки сутка давомида пешоб чиқармайди, шиша бошлайди. Шифокорларнинг қайта таҳлилидан кейин, Муҳаммаджон 25 сентябрь куни йўлланма билан Самарқанд вилояти болалар кўп тармоқли тиббиёт марказига олиб борилади.

Жонлантириш бўлимига ётқизилган болага «Док-1 Макс» сиропидан заҳарланиши оқибатида буйрак етишмовчилиги ташхиси қўйилади. Муҳаммаджон 2022 йил 29 сентябрь куни вафот этади.


Айжамал Мамбетиярова, 1 ёш 5 ой 4 кун

Айжамал Мамбетиярова 2021 йил 29 апрель куни Қорақалпоғистон Республикасида туғилган. Унинг касаллик тарихи «Док-1 Макс» иши бўйича биринчи инстaнция суди ҳукмидаги тафсилотлар асосида баён қилинади.

Айжамaл 2022 йил 2 сентябрда грипп бўлиб қолади. Онаси Дилфуза Кудайназарова дорихонага бориб, ҳали 2 ёшга тўлмаган қизининг шамоллаганини айтганида, дорихоначи унга «Док-1 Макс» сиропини тавсия қилади. Дорини уч кун уч маҳал 2,5−3 миллилитрдан ичган Айжамaл 5 сентябрда ҳолсизланиб қолгач, онаси тез ёрдам чақиради. Қизалоққа грипп ташхисини қўйган тез ёрдам ходимлари болага қандай дори берилаётгани ҳақида сўрайди. «Док-1 Макс» деган жавобни олгач, тез ёрдам ходимлари ҳам уни ичиришда давом этиш мумкинлигини айтади.

Нукусдаги Республика болалар касалхонаси мутахассислари ҳам Айжамалга қўйилган грипп ташхисини тасдиқлайди. Касалликнинг еттинчи кунига келиб, қизнинг аҳволи жуда оғирлашади, айнан шу куни онаси унинг пешоб ҳам чиқармаётганини билиб қолади. Юқумли касалликлар шифохонасига олиб борилганида, бола организмида креатин моддаси миқдори ошиб кетгани аниқланади. Айжамал реанимация бўлимига ётқизилади, гемодиализ қилинади.

Онаси Дилфуза Кудайназарованинг сўзларига кўра, қизи 8-куни (бу касалликнинг 8-куними ёки сентябрь ойининг, аниқлик киритилмаган — таҳр.) ўзига келади. 11-куни эса шифокорлар унинг аҳволи оғирлигини, оғриққа чидай олмаётгани учун уни сунъий комага тушириш кераклигини айтади. Сунъий комага туширилгач, қизалоқнинг ўзи ҳам табиий равишда кома ҳолатига тушиб қолган.

Онасининг қўшимча қилишича, Айжамал 2022 йил 15 сентябрь куни гемодиализ қилингач, қизидан 3 кун қон кетган, аммо шифокорлар қон қаердан кетаётганини аниқлай олмаган. Айжамал 2022 йил 3 октябрь куни, операцияга олиб кириб кетилаётганида вафот этган.


Аҳмад Аитбаев, 2 ёш 4 ой 11 кун

Аҳмад Аитбаев 2020 йил 21 март куни Қорақалпоғистонда туғилган. Унинг касаллик тарихи «Док-1 Макс» иши бўйича биринчи инстaнция суди ҳукмидаги тафсилотлар асосида баён қилинади.

2022 йил июль ойи бошларида Аҳмад шамоллаб қолади. Онаси уни Қўнғирот шаҳар тиббиёт бирлашмасига олиб боради. Шифокор шамоллашга қарши дорилар ёзиб беради, аммо рецептдаги дориларнинг ҳаммаси ҳам топилмагани боис, дорихоначи болага «Док-1 Макс» сиропини ичиришни тавсия қилади.

«Док-1 Макс» сиропини қабул қилишни бошлаган боланинг аҳволи 6 июлдан ёмонлаша бошлайди. Ота-онаси уни Қўнғирот шаҳар тиббиёт бирлашмасининг инфекция бўлимига ётқизади. Тахминан шу вақтда Аҳмаднинг пешоби ҳам келмай қўяди. Шифокорлар унга ўткир буйрак етишмовчилиги ташхисини қўйиб, 8 июль куни Нукусдаги шошилинч тиббий ёрдам касалхонасига юборади.

Нукусдаги касалхонанинг жонлантириш бўлимига ётқизилган Аҳмад Аитбаев 25 июль куни комага тушади ва 1 август куни вафот этади.




❗️#Эьлон

🐟 Янги йил дастурхонингизга Унгут МФЙ, Намуна кўчаси, 89-уйда, Холдаров Абдуғаффор аканинг уйида балик (сазан, толсталок, беламур ) маҳсулотлари сотилади.


⚠️
Бу хабарни қўни-қўшниларингизга ва яқинларингизга етказиб қўйишингизни илтимос қилиб қоламиз.


UNGUTLIKLAR. ADMIN

20 ta oxirgi post ko‘rsatilgan.