Сизнинг қаҳрамонингиз ким? Мен бизнесни айнан таълим соҳасида олиб борганим учун ҳозирги болаларнинг қаҳрамонлари ҳақида кўп ўйлайман. Биласизми, болаларнинг қаҳрамонларига қараб уларнинг келажакда ким бўлишлари ва қандай ишларни амалга ошира олишларини билиб олиш мумкин.
Американинг буюк бўлишига учта нарса асосий муҳим омил ҳисобланар экан:
1. Мулк (материал ва интеллектуал) ҳуқуқининг жуда қаттиқ қўриқланиши;
2. Бизнесга жуда кенг йўл очилиши;
3. Болалар учун қаҳрамон ярата олиши;
Ҳа, учинчиси мени ўйлашга мажбур қилди, ростан ҳам Америка фильмларини, мултьфильмларини томоша қилсангиз, қаҳрамонлар умуман уддалаши қийин бўлган ишларни бажаришади. Супермен, ўргимчак одам, бэтмен шулар жумласидан.
Эътибор беринг, улар болаларга нималарни сингдирмоқда? Уддалаб бўлмайдиган иш йўқлигини, ҳаммаси ўз қўлингда эканлигини, фақат ўзинг хоҳласанг, атрофдаги барча сенга ёрдамчи бўла олишини сингдиришмоқда.
Энди ўзимизнинг қаҳрамонларга эътибор беринг, “Зумрад ва Қиммат” угай она ва ҳар ишни “хоп бўлади” деб бажарадиган сипо қизга битта кампир бир сандиқ тилла бериб юборади. Осон-а? Икки кун битта яхши кампирникида хизмат қилсанг, бир сандиқ тилло бор. У кампир у тиллоларни қаердан олди? Шунча тиллоси бор одам уйига битта хизматкор олса, бўлмайдими? деган саволлар ўнинчи планда ҳам боланинг миясига келмайди.
Ёки “Кенжа ботир”ни олайлик, уч ака-ука бўлар эмишда, энг кучлиси кенжаси бўлар эмиш, кейин у подшоҳнинг қизини битта ўлимдан сақлаб қолади ва подшоҳ унга мамлакатнинг ярим мулкини тортиқ қилиб юборади. Осон экан-да?
Ёки Афандини олинг, у камбағалларни ҳимоя қиламан деб бойни пулга ухлатади, бу дегани бойни ухлатиб кетса ҳам бўлаверади, бойга бало ҳам урмайди дегани. Бой доимо салбий образда гавдаланади, камбағал эса доимо ижобий образ тимсоли. Афанди алдаб бировнинг пулини ухлатиб кетди-ку, бу мумкинми? дейдиган саволни ҳеч ким ўйлаб ҳам кўрмайди.
Бундай қаҳрамонларга эга бўлган авлод катта бўлса, нималар қилади? Шу оддий маиший муаммоларни ечишдан нарига ўтмайди. Бир миллион доллар пул топиб олсайдим, зўр бўлар эди-да деб ўзини ўзи овутиб юраверади.
Жуда бўлмаса, битта бойнинг қизига уйланиб олиш хаёли уни асло тарк этмайди. Доим осмондан чалпак ёғишини кутиб яшайдиган ёки қайсидир бойни алдаб пулини чайиб юборадиган авлод бўлади қолади.
Фарзандингизнинг қаҳрамонларига эътиборлироқ бўлинг.
@bektoshkhatamov