Бир финжон сув сири: Боғчасаройда Бухоро амирини қандай кутиб олишган?
Ватанимиз тарихидаги 6 февраль санаси билан боғлиқ айрим воқеалар баёни.
1893 йил (бундан 132 йил олдин) – Бухоро амири Абдулаҳадхон Боғчасаройга биринчи марта ташриф буюрди. Тарихчи Ойбек Киличевнинг ёзишича, амир юксак эҳтиром ва маҳаллий одатлар билан қарши олинган. Боғчасаройда маърифатпарвар Исмоил Гаспринский томонидан кирилл ва араб имлосида рус ва татар тилларида чоп этилган “Таржимон” газетасида Бухоро амирининг Боғчасаройга амалга оширган илк ташрифига доир бир қатор мақолалар эълон қилинган.
Газетада қайд этилишича, “6 февраль кундузи соат иккида Бухоро амири Жаноби олийлари Боғчасарой шаҳрига ташриф буюрди. Ҳурматли меҳмоннинг ташрифи даврида ёқимли баҳорий илиқ ҳаво ҳукмрон эди. Темирйўл вокзали ҳамда бозор кўчаси ҳашаматли тарзда яшиллик ва байроқлар билан безатилган эди. Узун кўчанинг икки четида кўплаб одамлар тўпланганди. Шу билан бирга Қрим-татар эскадрасининг пиёда қўшини саф тортиб турарди. Мусулмон аҳоли вакиллари томонидан 1858 йил 17 октябрь санасида барпо этилган Шоҳ фаввораси чиройли безатилган эди... Шоҳ фаввораси яқинидаги шаҳар дарвозаси олдида оломон тўпланган эди. Жаноби амир фойтундан тушди ва шарофатли Монарх фонтани ёнида турган муҳтарам ҳожилардан
бир финжон биллурдай тиниқ боғчасарой сувини қабул қилди”.Ойбек Киличевнинг ёзишича, бу маълумотлар орқали империя маъмурлари Россиянинг бошқа ҳудудларида амирни асосан нон ва туз билан кутиб олган бўлсалар, Боғчасаройда эса уни сув билан қарши олганликларини билиб оламиз.
Зеро, сув доимо поклик ҳамда фаровонлик рамзидир. Меҳмонни сув билан кутиб олиш одати покланиш ва ҳурмат рамзи сифатида қаралган. Бу анъана тарихий-маданий аҳамиятга эга бўлиб, меҳмонни ҳурмат билан кутиб олишнинг рамзий ифодаси ҳисобланган.
Манба:
https://uza.uz/posts/685312