Қор тинди. Тонг отди, кўзи уйқули,
Шаҳар уйқудаги қизга ўхшайди.
Дарахтлар ўзидан ҳайрон жодули,
Бир-бирин танимай қарай бошлайди.
Оппоқ қор юзига қўйилар оёқ,
Муҳрдай қўйилар режали излар.
Дон терган чумчуқдай нигоҳлар ичра
Изим излар аро изингни излар.
Йўлларга қарайди йўлларнинг чети,
Оёғин учида юрар уловлар.
Қизарар бировнинг чеҳраси, кафти,
Қордан бехабардир ҳали бировлар.
Худо борлигига ишора қилиб,
Болалар қородам ясар кўрдингми?
Йўлак музга тойиб қаттиқ йиқилган,
Авайлаб ўтдингми, йиқилмадингми?
Ернинг юрагига товонинг ботиб,
Қиличдай ўтганда тортдингми сергак.
Сенинг юзларингга урилган қордан
Менинг ҳаётимни ясамоқ керак.
Тонг отди, қор тинди. Шаҳар уйғонди.
Дарахтлар –Тангрига ёлборган қўллар.
Менинг юрагимда эрув бошланди,
Сенинг юрагингга очилди йўллар.
Шодмонқул САЛОМ
@Shodmonqul_SALOM