⚖️SURXONDARYO IIB YURIST️


Kanal geosi va tili: O‘zbekiston, O‘zbekcha
Toifa: Huquq


Янги қонун ҳужжатлари, ҳуқуқий ислоҳотлар ҳақида тезкор маълумотлар тақдим этувчи канал

Связанные каналы

Kanal geosi va tili
O‘zbekiston, O‘zbekcha
Toifa
Huquq
Statistika
Postlar filtri


#Қонунчиликдаги_янгиликлар

❗️Фуқароларнинг ижтимоий ҳимояси янада кучайтирилади

Президент томонидан имзоланган Қонун (ЎРҚ-922-сон, 18.03.2024 й.) билан айрим қонун ҳужжатларга ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди

🔰 “Ижара тўғрисида”ги Қонунга ижарачининг ногирон бўлиб қолганлиги ижара шартномасини тугатиш учун асос бўлишини бекор қилишни назарда тутувчи ўзгартиришлар киритилди.

☑️ “Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тўғрисида”ги Қонунга киритилган ўзгартиришга кўра, пенсионерга ҳисобланган, лекин унинг томонидан талаб қилиб олинмаган пенсия суммасини тўлаш муддати 12 ойдан 24 ойгача узайтирилди.

🌐 Шунингдек фуқароларга пенсия тайинлаш учун давлат хизматлари марказлари ёки ЯИДХП (my.gov.uz) орқали мурожаат қилиш ҳуқуқи берилди.

✅ Бундан ташқари, Қонунда пенсиянинг энг кам миқдори энг кам истеъмол харажатлари даражасидан оз бўлмаслигини белгилаш, пенсиялар миқдорларини йил давомида товарлар ва хизматларнинг истеъмол нархлари индекси даражасининг ўсиш суръатларини инобатга олган ҳолда ошириб бориш тартиби аниқлаштирилди.

📄 Шу билан бирга “Фуқароларнинг жамғариб бориладиган пенсия таъминоти тўғрисида”ги Қонунга фуқарода давлат пенсия таъминоти ҳуқуқи юзага келганлиги тўғрисида Пенсия жамғармаси томонидан Халқ банкига ахборот тизими орқали электрон шаклда юбориладиган маълумотлар фуқаронинг пенсия тўловларини олиши учун асос бўлишини назарда тутувчи ўзгартиришлар киритилди.


#Қонунчиликдаги_янгиликлар

❗️Айрим тоифадаги жиноий қилмишлар учун жавобгарлик либераллаштирилди

Президент томонидан имзоланган Қонун (ЎРҚ-921-сон, 15.03.2024 й.) билан айрим кодексларга ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди

🔰Жиноят кодексига киритилган ўзгартиришга кўра:

🔘Учувчисиз учадиган аппаратларни, уларнинг бутловчи ва эҳтиёт қисмларини қонунга хилоф равишда олиб кириш, ўтказиш, олиш, сақлаш ёки улардан фойдаланиш, шундай ҳаракатлар учун маъмурий жазо қўлланилганидан кейин содир этилган бўлса, қуйидагича жазоланади:

➖БҲМнинг 25 бараваридан 50 бараваригача (8 млн 500 минг сўмдан 17 млн сўмгача) миқдорда жарима;
➖3 йилгача ахлоқ тузатиш ишлари;
➖3 йилгача озодликни чеклаш;
➖3 йилгача озодликдан маҳрум қилиш.

✅ Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига қуйидаги қўшимчалар киритилди:

🔘Учувчисиз учадиган аппаратларни, уларнинг бутловчи ва эҳтиёт қисмларини қонунга хилоф равишда олиб кириш, ўтказиш, олиш, сақлаш ёки улардан фойдаланиш, учувчисиз учадиган аппаратларни, уларнинг бутловчи ва эҳтиёт қисмларини мусодара қилиб, БҲМнинг 10 бараваридан 20 бараваригача (3 млн 400 минг сўмдан 6 млн 800 минг сўмгача) миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.

📝 Мазкур ҳаракатларни содир этган шахс, агар у учувчисиз учадиган аппаратларни, уларнинг бутловчи ва эҳтиёт қисмларини ўз ихтиёри билан топширса, маъмурий жавобгарликдан озод қилинади.

Илгари бу норма мавжуд эмас эди.

⚠️ Бунда, учувчисиз учадиган аппаратларни қонунга хилоф равишда олиб кириш, ўтказиш, олиш, сақлаш ёки улардан фойдаланиш учун аввал маъмурий кейин жиноят жавобгарлик белгиланди.

❗️Аввал тўғридан-тўғри жиноий жавобгарлик белгиланган эди.

📌Қонун расмий эълон қилинган кундан эътиборан 3 ой ўтгач кучга киради.


#Қонунчиликдаги_янгиликлар

❗️Тадбиркорларга рақамли технологиялар соҳасида хизматлар кўрсатиш учун қулай шарт-шароит яратилади

“Тадбиркорлик субъектларига халқаро платформалар орқали рақамли технологиялар соҳасида хизматлар кўрсатиш учун қулай шарт-шароитлар яратиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Президент Қарори (ПҚ-129-сон, 15.03.2024 й.) қабул қилинди

🔰Қарорга кўра, ҳуқуқий эксперимент тариқасида рақамлаштириш соҳасида хизматлар кўрсатиш бўйича экспорт шартномавий ҳужжатларни халқаро платформаларда расмийлаштиришга рухсат берилади.

🗓 2024 йил 1 апрелдан ҳуқуқий эксперимент доирасида Дастурий маҳсулотлар ва ахборот технологиялари технологик парки (IT-парк) резидентлари томонидан рақамлаштириш соҳасидаги хизматлар (улар амалга ошириши рухсат этилган фаолият турлари рўйхатига мувофиқ) экспорти бўйича халқаро платформаларда электрон шаклда расмийлаштирилган қиймати 100 минг АҚШ долларигача (ёки ушбу эквивалентга тенг миқдоргача) бўлган шартномалар (келишув, ҳисобварақ-фактура, инвойс) электрон ҳужжат сифатида тан олинади ҳамда уларнинг қоғоз шаклидаги нусхаси талаб этилмайди.

☑️ Рақамлаштириш соҳасидаги хизматлар экспорти бўйича шартномаларни расмийлаштириш рухсат этиладиган халқаро платформалар рўйхати Рақамли технологиялар вазирлиги ҳамда Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги томонидан тасдиқланади.

📜 Ҳуқуқий эксперимент доирасида IT-парк резидентлари учун ЯИДХП орқали Ташқи савдо операцияларининг ягона электрон ахборот тизимига ташқи савдо битимлари бўйича тегишли маълумотларни киритиб бориш мажбурий ҳисобланади.


#Қонунчиликдаги_янгиликлар

❗️Жиноятчиликка қарши курашиш бўйича фаолиятнинг ҳуқуқий асослари такомиллаштирилади

Президент томонидан имзоланган Қонун (ЎРҚ-920-сон, 13.03.2024 й.) билан айрим норматив ҳуқуқий ҳужжатларга қўшимча ва ўзгартиришлар киритилди

🔰 “Тезкор-қидирув фаолияти тўғрисида”ги Қонунга киритилган қўшимчага кўра, тезкор-қидирув тадбирлари ахборот-коммуникация технологиялари қўлланилган ҳолда, шу жумладан кибермаконда ва унинг имкониятларидан фойдаланилган ҳолда ўтказилиши мумкин бўлди.

📋 “Маъмурий қамоқни ўташ тартиби тўғрисида”ги Қонунга киритилган қўшимчага кўра, махсус қабулхоналардаги тезкор-қидирув фаолияти жиноятларнинг олдини олиш, уларни аниқлаш, уларга барҳам бериш ва уларни фош этиш, шунингдек жиноятларга тайёргарлик кўришга ва уларни содир этишга дахлдор бўлган шахсларни аниқлаш, топиш ҳамда қидириш мақсадида, қонунчиликда белгиланган тартибда амалга оширилади.

📁 Шу билан бирга “Ички ишлар органлари тўғрисида”ги Қонунга жиноятларнинг ҳолатларини аниқлаш, жиноятларни содир этган шахсларни аниқлаш ва қидириш, шунингдек жазони ўташдан бўйин товлаётган ёки бедарак йўқолган шахсларни қидириш мақсадида оммавий ахборот воситаларининг имкониятларидан бепул фойдаланишга доир ички ишлар органларининг ҳуқуқларини аниқлаштиришни назарда тутувчи ўзгартириш киритилди.

📌Қонун расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга киради.


#Қонунчиликдаги_янгиликлар

❗️Ижро этувчи ҳокимият органлари фаолияти самарадорлигини баҳолаш тизими такомиллаштирилади

"Республика ва маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари ҳамда хўжалик бирлашмалари фаолияти самарадорлигини баҳолаш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида” Президент Фармони (ПФ-49-сон 13.03.2024 й.) қабул қилинди

🔰Унга мувофиқ, республика ижро этувчи ҳокимият органлари ва хўжалик бирлашмалари раҳбарлари ва уларнинг ўринбосарлари фаолиятининг энг муҳим самарадорлик кўрсаткичлари (КРI), уларга эришиш бўйича “йўл хариталари” ҳамда улар томонидан ҳудудларда амалга ошириладиган чора-тадбирлар дастури Ҳукумат томонидан тасдиқланади.

☑️ Самарадорлик кўрсаткичларига ўз вақтида ва сифатли эришилишини таъминлаш ва уларнинг бажарилишини мониторинг қилиш тизимини рақамлаштириш мақсадида:

🔹самарадорлик кўрсаткичлари бажарилиши тўғрисидаги маълумот ҳар чоракда “samaradorlik.uz” электрон платформасига киритилади ҳамда унда раҳбарлар ва уларнинг ўринбосарлари фаолиятининг самарадорлиги рейтинги шаклланади;

🔹ҳар бир самарадорлик кўрсаткичига белгиланадиган салмоқ ўлчови йиғиндисидан келиб чиқиб, самарадорлик кўрсаткичлари улар бажарилиши 70 фоиздан кам бўлганда – “қониқарсиз”, 70 фоиздан 85 фоизгача – “қониқарли”, 85 фоиздан 100 фоизгача – “яхши” ҳамда 100 фоиз ва ундан юқори бўлганда “аъло” деб баҳоланади.


#Қонунчиликдаги_янгиликлар

❗️Ёнғинлар профилактикаси самарадорлиги янада оширилади

Президент томонидан имзоланган Қонун (ЎРҚ-919-сон, 13.03.2024 й.) билан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига қўшимча ва ўзгартиришлар киритилди

✅ Унга кўра, ўрмонларда ёнғин хавфсизлиги талабларини бузиш, агар ёнғин чиқишига олиб келган бўлса, қуйидаги миқдорда жарима солишга сабаб бўлиши белгиланди:

➖фуқароларга БҲМнинг 10 бараваридан 15 бараваригача (3 млн 400 минг сўмдан 5 млн 100 минг сўмгача);

➖мансабдор шахсларга БҲМнинг 20 бараваридан 25 бараваригача (6 млн 800 минг сўмдан 8 млн 500 минг сўмдан).

📋Шунингдек, шахснинг эҳтиётсизлиги ёки ёнғин хавфсизлиги қоидаларини бузганлиги туфайли уй-жой фондида одамларнинг соғлиғига зарар етиши ёхуд ўзганинг мол-мулки шикастланиши ёки унинг йўқ қилиниши билан боғлиқ бўлмаган тарзда ёнғин содир бўлганда мазкур шахс ёнғин хавфсизлиги қоидаларини бузганлик учун маъмурий жавобгарликдан озод қилинади.

📌Қонун расмий эълон қилинган кундан эътиборан 3 ой ўтгач кучга киради.


#Қонунчиликдаги_янгиликлар

❗️Иш ҳақини ҳимоя қилиш тўғрисидаги Конвенция ратификация қилинди

Президент томонидан имзоланган Қонун (ЎРҚ-918-сон, 12.03.2024 й.) билан Халқаро меҳнат ташкилотининг Конвенцияси ратификация қилинди

✅ Унга кўра, Халқаро меҳнат ташкилотининг Иш ҳақини ҳимоя қилиш тўғрисидаги 95-сонли Конвенцияси (Женева, 1949 йил, 1 июль) ратификация қилинди.


#Қонунчиликдаги_янгиликлар

❗️Экспортбоп ва сердаромад экинлар экиш учун 54 та туманда ўқув-тажриба майдонлари ташкил этилади

“Аҳоли хонадонларида саноат усулида маҳсулот ишлаб чиқаришни қўллаб-қувватлаш ҳамда томорқа ва деҳқон хўжаликларида янги захираларни ишга солишга доир чора-тадбирлар тўғрисида”ги Президент Қарори (ПҚ-115-сон, 05.03.2024 й.) қабул қилинди

🔰Қарорга кўра:

🔹туманлар экспортбоп ва сердаромад экинлар экишга, шунингдек, кичик ишлаб чиқариш ва маҳсулот етиштиришга ихтисослаштирилади;

🔹2024 йилда экспортбоп ва сердаромад экинлар экиш ва аҳолининг мазкур соҳада билим ва кўникмаларини ошириш учун 54 та туманда намунавий ўқув-тажриба майдонлари ташкил этилади;

🔹2024 йилда мева-сабзавотчиликка ихтисослашган 51 та туманда мева-сабзавотларни шок усулида музлатишни йўлга қўйиш бўйича янги лойиҳалар амалга оширилади;

🔹ишлаб чиқаришга оид лойиҳалар билан бир қаторда маҳсулот етиштириш билан боғлиқ лойиҳаларга, 100 миллион сўмгача гаровсиз кредитлар ажратилади;

🔹қишлоқ хўжалиги экинларини етиштириш бундан мустасно, музлатгичли омборхона, тайёр ҳолда иссиқхона, қадоқлаш, қуритиш ва қайта ишлаш цехлари аҳолига 12 ойга бўлиб тўлаш шарти билан лизингга берилади;

🔹ўзини ўзи банд қилган шахслар шуғулланиши мумкин бўлган фаолият (ишлар, хизматлар) турлари рўйхатига хонадонларда биогумус тайёрлаш фаолияти киритилади.


#Қонунчиликдаги_янгиликлар

❗️БМТ принциплари миллий статистика тизимига жорий этилади

“Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Статистика агентлиги фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Президент Қарори (ПҚ-114-сон, 04.03.2024 й.) қабул қилинди

🔰 Қарорга кўра, Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг расмий статистика сифатини таъминлаш бўйича базавий принциплари миллий статистика тизимига жорий этилишини таъминлаш мақсадида 2024 йил якунига қадар:

🔹расмий статистикани тайёрловчилар томонидан тарқатиладиган статистика маълумотлари Статистика маълумотларини ишлаб чиқишнинг намунавий модели (GSBPM) асосида шакллантирилади;

🔹 БМТ томонидан тавсия этилган сифатни бошқариш бўйича қўлланмаларни тўлиқ жорий этиш доирасида зарур ташкилий чоралар кўрилади.

🔘Бунда:

➖расмий статистикани тайёрловчиларнинг ҳар бирида расмий статистикада сифат ва тарқатиш сиёсатлари ишлаб чиқилади;

➖БМТ томонидан маъқулланган қўлланма (NQAF) асосида Миллий сифатни бошқариш қўлланмаси ишлаб чиқилади;

➖миллий статистика тизимини глобал баҳолашдан ўтказиш ташкил этилади ва натижалари эълон қилинади.

🗓 2025 йил 1 январдан статистика кузатувларини амалга ошириш жараёнига консалтинг компаниялари, олий таълим муассасалари ва илмий-тадқиқот институтлари жалб этилади.

🗂 2024 йил якунига қадар “Статистика” интеграллашган ахборот тизими ва “Электрон ҳукумат” тизимининг Идоралараро интеграциялашув платформаси ўртасида электрон маълумотлар алмашинуви йўлга қўйилади.


#Қонунчиликдаги_янгиликлар

❗️Суғурта полисларини қоғоз шаклида расмийлаштириш амалиёти бекор қилинади

“Суғурта хизматлари бозорини янада ривожлантиришнинг комплекс чора-тадбирлари тўғрисида”ги Президент Қарори (ПҚ-108-сон, 01.03.2024 й.) қабул қилинди

🔰Қарорга кўра, 2024 йил 1 сентябрдан:

🔹суғуртанинг барча турлари бўйича суғурта (қайта суғурта) шартномаларини ягона автоматлаштирилган ахборот тизими орқали рўйхатдан ўтказиш ва суғурта полисларини ушбу тизим орқали расмийлаштириш мажбурий ҳисобланади;

🔹барча суғурта турлари бўйича суғурта полисларини фақат қоғоз шаклда расмийлаштириш амалиёти бекор қилинади;

🔹суғурта полисларини ягона автоматлаштирилган ахборот тизими орқали расмийлаштирмаслик уларни ҳақиқий эмас деб топишга асос бўлади ҳамда суғурталовчи томонидан лицензия талаблари ва шартларини бир марта қўпол равишда бузиш ҳисобланади;

🔹Истиқболли лойиҳалар миллий агентлиги суғурталовчилар томонидан кўрсатиладиган суғурта хизматлари сифати бўйича суғурталовчилар рейтингини юритади ва оммавий ахборот воситаларида эълон қилади.

🏢Қуйидагиларга шартномаларнинг ўз вақтида расмийлаштирилишини таъминлаш мажбурияти юклатилади:

➖Cолиқ қўмитаси ва Транспорт вазирлигига иш берувчининг ва ташувчининг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилиш шартномаларини;

➖Тоғ-кон, геология ва саноат хавфсизлигини назорат қилиш инспекциясига хавфли ишлаб чиқариш объектида авария юз берган тақдирда бошқа шахсларнинг ҳаёти, соғлиғи ёки мол-мулкига ҳамда атроф-муҳитга зарар етказганлик учун фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилиш шартномаларини;

➖Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлигига объектларни давлат маблағлари ва ҳукумат кафолати остидаги кредитлар ҳисобига барпо этишда қурилиш таваккалчиликларини мажбурий суғурта қилиш шартномаларини.


#Қонунчиликдаги_янгиликлар

❗️“Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Бола ҳуқуқлари бўйича вакили (Болалар омбудсмани) тўғрисида”ги Қонун (ЎРҚ-917-сон, 29.02.2024 й.) қабул қилинди

🔰 Қонунга кўра, бола ҳуқуқлари бўйича вакил (Болалар омбудсмани) мансабдор шахс бўлиб, у давлат органлари, шу жумладан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва назорат қилувчи органлар, шунингдек корхоналар, муассасалар, ташкилотлар ҳамда мансабдор шахслар томонидан бола ҳуқуқлари тўғрисидаги қонунчиликка риоя этилиши устидан парламент назоратини амалга оширади.

📜 Вакил ўз ваколатларини мустақил равишда ҳамда давлат органларига ва уларнинг мансабдор шахсларига тобе бўлмаган тарзда амалга оширади ҳамда ўз фаолиятида Олий Мажлис палаталарига ҳисобдордир.

🗓 Бола ҳуқуқлари бўйича вакил Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва Сенати томонидан 5 йил муддатга сайланади.

✅ Қонун билан, бола ҳуқуқлари бўйича вакилнинг асосий вазифалари, ҳуқуқлари ва мажбуриятлари белгилаб қўйилди, жумладан:

🔹мансабдор шахсларга бола ҳуқуқлари тўғрисидаги қонунчиликнинг бузилишига йўл қўйилмаслиги ҳақида огоҳлантиришлар юбориш;

🔹давлат органларининг ва бошқа ташкилотларнинг раҳбарларига бола ҳуқуқлари тўғрисидаги қонунчилик бузилишлари, уларга имкон берувчи сабаблар ва шарт-шароитларни бартараф этиш ҳақида кўриб чиқилиши мажбурий бўлган тақдимномалар киритиш;

🔹ҳаракатлари ёки ҳаракатсизлигида бола ҳуқуқлари бузилганлиги аниқланган шахсларни жавобгарликка тортиш тўғрисида тегишли органларга илтимосномалар киритиш ҳуқуқига эга.

🏢 Вакил ҳар йили, ҳисобот йилидан кейинги йилнинг 15 февралидан кечиктирмай Олий Мажлис палаталарига бола ҳуқуқлари тўғрисидаги қонунчиликка риоя этилиш ҳолати ҳақида маъруза тақдим этади.

▶️ Вакил болага нисбатан қийноққа солиш ва бошқа шафқатсиз, ғайриинсоний ёки қадр-қимматни камситувчи муомала ҳамда жазо турларини қўллашнинг олдини олиш бўйича чоралар кўради.

🌐 Бола ҳуқуқлари бўйича вакил ўзининг Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳридаги вакилини тайинлайди.

📌Қонун расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга киради.


#Қонунчиликдаги_янгиликлар

❗️Президент томонидан имзоланган Қонун (ЎРҚ-916-сон, 29.02.2024 й.) билан айрим қонун ҳужжатларга ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди

🔰Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга киритилган ўзгартириш ва қўшимчага кўра, дарахтлар ва буталарнинг қимматбаҳо навларини кесишга, кундаков қилишга, шикастлантиришга ёки йўқ қилишга олиб келадиган лойиҳа ҳужжатларини ишлаб чиққанлик учун маъмурий жавобгарлик белгиланди.

✔️ Шунингдек, дарахтларни қонунга хилоф равишда кесганлик, кундаков қилганлик ёки шикастлантирганлик учун маъмурий жазо чоралари кучайтирилиб, бир-бирини такрорловчи нормалар чиқариб ташланди.

✅ Бундан ташқари, "Ўсимлик дунёсини муҳофаза қилиш ва ундан фойдаланиш тўғрисида"ги Қонунида давлат ўрмон фондига кирмайдиган дарахтлар ва буталарнинг қимматбаҳо навларини қонунга хилоф равишда кесган ёки йўқ қилган шахсларнинг қонунга хилоф равишда кесилган дарахт ва бута ўрнига компенсациявий дарахт ва бута кўчатларини айнан дарахт ва бута кесилган жойга экиш ҳамда уларни 3 йил давомида парвариш қилиш мажбурияти белгиланди.

📝 Шунингдек, дарахтлар ва буталарнинг қимматбаҳо навларини қонунга хилоф равишда кесганлик ёки йўқ қилганлик учун юридик шахсларга нисбатан молиявий санкциялар қўлланилиши белгиланди.

📌Қонун расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга киради.


#Қонунчиликдаги_янгиликлар

❗️Техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги давлат бошқаруви янада такомиллаштирилади

“Техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги давлат бошқарувини янада такомиллаштиришга доир чора-тадбирлар тўғрисида”ги Президент Фармони (ПФ-41-сон, 27.02.2024 й.) қабул қилинди

🔰 Унга кўра, Ўзбекистон техник жиҳатдан тартибга солиш агентлиги Вазирлар Маҳкамаси бўйсунувига ўтказилди.

✔️ Техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасини рақамлаштириш орқали самарадорлик ва натижадорликка эришиш, тадбиркорлик субъектларига кўрсатиладиган давлат хизматлари турларини кенгайтириш, шаффоф ва коррупциядан холи самарали тизимни жорий этиш Агентлик фаолиятининг асосий йўналишларидан бири этиб белгиланди.

🗓 2024 йил 1 октябрдан ишлаб чиқарилган ва четдан олиб кириладиган хавфлилик даражаси юқори бўлган маҳсулотларни давлат рўйхатидан ўтказиш тартиби жорий этилади.

❕Бунда, республика ҳудудига олиб кирилаётган маҳсулотлар давлат рўйхатидан ўтказилганлиги тўғрисида гувоҳнома божхона ҳудудига келишидан аввал “Ягона дарча” божхона ахборот тизимига ва Ташқи савдо операцияларининг ягона электрон ахборот тизимига импорт қилувчи томонидан жойлаштирилиши шарт.

📝 2024 йил 1 сентябрдан Инспекциянинг давлат инспекторларига тезкор назорат тадбирларини Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил билан олдиндан келишмасдан, ўтказилган текширув ҳақида Текширувларни электрон рўйхатга олиш ягона тизимида рўйхатдан ўтказиш орқали текширув бошланган пайтдан бошлаб 24 соат ичида Вакилни мажбурий равишда хабардор қилган ҳолда амалга ошириш ваколати тақдим этилади.


#Қонунчиликдаги_янгиликлар

❗️“Ўзбекистон – Туркманистон” эркин савдо зонаси ташкил қилинади

“Ўзбекистон – Туркманистон” эркин савдо зонасини ташкил этиш тўғрисида”ги Президент Қарори (ПҚ-90-сон, 28.02.2024 й.) қабул қилинди

🔰Қарорга кўра, Хоразм вилояти Шовот туманида товарларни сақлаш, саралаш, сотиш, транспорт ва бошқа замонавий хизматлар инфратузилмасини ташкил этиш учун “Ўзбекистон – Туркманистон” эркин савдо зонаси ташкил қилинади.

🔘 Савдо зонасида:

🔹замонавий технологиялар асосида маҳсулотларни қабул қилиш, сақлаш ва саралаш хизматлари кўрсатилади;

🔹“ягона дарча” ва интерактив механизмлар асосида божхона, солиқ, сертификатлаш, фитосанитария, ветеринария, транспорт хизматлари, мавжуд инфратузилма ва имкониятларни ўрганган ҳолда, банк ва валюта айирбошлаш, мобил алоқа ҳамда мижозлар учун тиббий, меҳмонхона, автотранспорт воситаларига техник хизмат кўрсатиш ва бошқа хизматлар йўлга қўйилади;

🔹фақат Ўзбекистон ва Туркманистонда ишлаб чиқарилган маҳсулотлар савдоси ташкил қилинади;

🔹чакана савдо операцияларини амалга ошириш ҳуқуқи берилган “эркин божхона зонаси” божхона режими амал қилади;

🔹Ўзбекистон ҳудудида бўлган хорижий давлатлар фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахслар ҳаракатланиш ҳужжатлари асосида алоҳида назорат ўтказиш пункти орқали ўтади ва уларнинг ортга қайтишига фақат кирган назорат ўтказиш пункти орқали рухсат этилади;

🔹шахслар, транспорт воситалари ва юклар эркин ҳаракатланади.

🌐 Савдо зонасидаги бино ва иншоотлар тадбиркорларга электрон онлайн аукцион савдолари асосида ижарага беради.


#Қонунчиликдаги_янгиликлар

Президент томонидан имзоланган Қонун (ЎРҚ-915-сон, 27.02.2024 й.) билан айрим қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди

🔰Қонун билан давлат ҳисобидан юридик ёрдам олиш ҳуқуқига эга бўлган шахсларга бундай ёрдам кўрсатиш учун жиноят, фуқаролик ишлари ва маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги ишлар бўйича ҳамда қонунда назарда тутилган бошқа ҳолларда адвокатнинг иштирок этишини таъминлаш тартибини белгилашга қаратилган ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди.

✔️ Жумладан:

🔹Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига киритилган қўшимчага кўра:

🔍 Маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишни кўриб чиқаётган ваколатли мансабдор шахс ёки суд маъмурий ҳуқуқбузарлик содир этган шахснинг илтимосига кўра, давлат ҳисобидан юридик ёрдам кўрсатадиган адвокатнинг ишда иштирок этишини таъминлаш чораларини кўриши шарт.

⏰ Бунда адвокатнинг ишда иштирок этиши тасдиқланган пайтдан эътиборан унга ишга киришиш учун камида 4 соат вақт берилиши керак.

🔹Фуқаролик процессуал кодексига киритилган қўшимчага кўра, суд даъвогарнинг ёки жавобгарнинг илтимосига кўра, давлат ҳисобидан юридик ёрдам кўрсатадиган адвокатнинг иштирок этишини таъминлаш чораларини кўриши шарт.

📌Қонун расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга киради.


#Қонунчиликдаги_янгиликлар

❗️Божхона тартиб-таомиллари янада такомиллаштирилади

Президент томонидан имзоланган Қонун (ЎРҚ-913-сон, 27.02.2024 й.) билан Божхона кодексига ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди

🔰 Унга кўра, товарларни олиб киришда божхона қийматини аниқлашга доир нормалар халқаро стандартларга мувофиқлаштирилди, товарларни экспорт, реимпорт ва реэкспорт божхона режимларига жойлаштириш тартиб-таомиллари соддалаштирилди.


#Қонунчиликдаги_янгиликлар #стратегия

❗️“Ўзбекистон – 2030” стратегиясини 2024 йилда амалга оширишга оид давлат дастури тасдиқланди

“Ўзбекистон – 2030” стратегиясини “Ёшлар ва бизнесни қўллаб-қувватлаш йили”да амалга оширишга оид давлат дастури тўғрисида”ги Президент Фармони (ПФ-37-сон, 21.02.2024 й.) қабул қилинди.

🔰 Фармон билан, кенг жамоатчилик билан муҳокамаларда билдирилган таклифлар асосида ишлаб чиқилган “Ўзбекистон – 2030” стратегиясини “Ёшлар ва бизнесни қўллаб-қувватлаш йили”да амалга оширишга оид давлат дастури доирасида қуйидагилар тасдиқланди:

🔘2024 йилга мўлжалланган йўналишлар кесимидаги амалий тадбирлар режаси;

🔘2024 йилда йўналишлар кесимида ишлаб чиқиладиган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари рўйхати.

📃 Амалий тадбирлар режаси қуйидаги 5та йўналиш ва жами 100 та мақсаддан иборат:

🔹Ҳар бир инсонга ўз салоҳиятини рўёбга чиқариши учун муносиб шароитларни яратиш;

🔹Барқарор иқтисодий ўсиш орқали аҳоли фаровонлигини таъминлаш;

🔹Сув ресурсларини тежаш ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш;

🔹Қонун устуворлигини таъминлаш, халқ хизматидаги давлат бошқарувини ташкил этиш;

🔹“Хавфсиз ва тинчликсевар давлат” тамойилига асосланган сиёсатни изчил давом эттириш.


#Қонунчиликдаги_янгиликлар

Президент томонидан имзоланган Қонун (ЎРҚ-911-сон, 21.02.2024 й.) билан айрим қонун ҳужжатларга ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди

🔰Қонун билан Фуқаролик кодексига киритилган қўшимчага кўра, жисмоний шахс пул мажбуриятлари бўйича кредиторларнинг талабларини тўла ҳажмда қаноатлантиришга ёки солиқлар ҳамда йиғимлар бўйича ўз мажбуриятларини бажаришга қодир бўлмаса, суд томонидан тўловга қобилиятсиз деб топилиши мумкин.

✔️ Солиқ кодексига киритилган қўшимчага кўра, тўловга қобилиятсизлик тўғрисидаги иш бўйича суд санацияси ёки ташқи бошқарув жараёнида юзага келадиган барча турдаги жорий солиқ тўловларини тўлаш, суд ажрими асосида жорий этилган суд санацияси ёки ташқи бошқарув тартиб-таомилининг муддатида тўхтатиб турилади. (бундан меҳнат шартномалари (контрактлари) ва фуқаролик-ҳуқуқий хусусиятдаги шартномалар бўйича олинган даромадлар солиғи, шунингдек ижтимоий солиқ мустасно)

🗓 Бу ҳолда суд санация қилувчи бошқарувчининг ёки ташқи бошқарувчининг ҳисоботини тасдиқлаган ва тўловга қобилиятсизлик тўғрисида иш юритишни тугатиш ҳақида ажрим чиқарган санадан эътиборан мазкур солиқ қарзлари 6 ой ичида тенг улушларда бўлиб-бўлиб тўланади.

☑️ Шунингдек, банкрот деб топилган қарздор юридик ва жисмоний шахсларнинг ёки якка тартибдаги тадбиркорнинг мол-мулкини сотишдан тушган маблағларининг қарзни тўлашга йўналтирилган қисми даромад сифатида ҳисобга олинмаслиги белгиланди.

📁 “Давлат божи тўғрисида”ги қонунга киритилган қўшимчага кўра, суд бошқарувчиси тўловга қобилиятсизлик тўғрисидаги иш жараёнида ўз ҳуқуқ ва мажбуриятларини амалга ошириши учун даъво аризалар ҳамда бошқа аризалар билан давлат божини тўламасдан судга мурожаат қилиши мумкин бўлди.

📌Қонун расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга киради.


#Қонунчиликдаги_янгиликлар

❗️Сайёр солиқ текширувлари ва солиқ аудити қарорлари устидан тўғридан-тўғри судга шикоят қилиш мумкин

Президент имзолаган Қонун (ЎРҚ-910-сон, 20.02.2024 й.) билан айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиришлар киритилди

🔰 Қонун билан Солиқ кодексига киритилган ўзгартиришга кўра, солиқ органларининг сайёр солиқ текширувлари ва солиқ аудити натижалари бўйича қабул қилинган қарорлари устидан тадбиркорларнинг тўғридан-тўғри судга шикоят қилишига доир чекловлар бекор қилинди ҳамда судга шикоят қилиш имкониятлари кенгайтирилди.

⚠️ Шунингдек “Хўжалик ширкатлари тўғрисида”ги, “Масъулияти чекланган ҳамда қўшимча масъулиятли жамиятлар тўғрисида”ги ва “Акциядорлик жамиятлари ва акциядорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонунларга киритилган ўзгартиришга кўра, тадбиркорлик субъектининг устав фондини (устав капиталини) камайтириш тўғрисида қарор қабул қилинганда кредиторларни ёзма равишда хабардор қилиш ва ОАВларда бу ҳақда эълон бериш талаби бекор қилинди.

📌Қонун расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга киради.


#Қонунчиликдаги_янгиликлар

Қонунларнинг ижтимоий муносабатларни тартибга солишдаги роли янада оширилади

“Қонунларнинг ижтимоий муносабатларни тартибга солишдаги ролини ҳамда норма ижодкорлиги жараёни сифатини янада ошириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Президент қарори (ПҚ-75-сон, 19.02.2024 й.) қабул қилинди

🔰Қарорга кўра, 2024 йил 1 мартдан:

🔹қонун лойиҳасидаги ҳаволаки нормаларни амалга оширишнинг аниқ муддатлари ва масъул ижрочилари лойиҳанинг ўзида мажбурий тартибда белгиланади;

🔹тегишли соҳани тартибга солувчи қонун лойиҳасини тайёрлашда ушбу соҳадаги қонуности ҳужжатлари билан тартибга солинган муносабатларни қонун даражасига кўтариш имкониятини муҳокама қилиш шартлиги белгиланади ва бу ҳақда қонун лойиҳасининг тушунтириш хатида кўрсатилади;

🔹қонун кучга кирган кундан бошлаб 5 йил ўтиб, масъул давлат органи ва Олий Мажлис палаталарининг қўмиталари томонидан қонуннинг самарадорлигини, мақсади ва кутилган натижаларига эришилганлигини аниқлаш учун унинг тартибга солиш таъсирини баҳолаш амалиёти жорий этилади;

🔹энг муҳим иқтисодий ва ижтимоий-сиёсий аҳамиятга эга норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини ишлаб чиқишдан олдин уларнинг тайёрланиши ҳақидаги ахборот норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталига жойлаштирилади ҳамда дастлаб жамоатчиликнинг таклиф ва тавсиялари олиниб, улар асосида тегишли лойиҳалар ишлаб чиқилади;

🔹норматив-ҳуқуқий ҳужжатни кучини йўқотган деб топиш бўйича лойиҳа ишлаб чиқилганда, унинг асосида қабул қилинган қуйи турувчи норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар хатловдан ўтказилиб, уларни ҳам ўз кучини йўқотган деб топиш масаласи кўриб чиқилади.

20 ta oxirgi post ko‘rsatilgan.