* * *
Ёдингдами, бизлар бегона эдик,
Мен бошқа шахарда, сен мендан йироқ.
Мен ишқнинг кўзига қаролмасдим тик,
Сен мендан беҳабар яшардинг мутлоқ!
Саболар нимадир дерди ҳар саҳар,
Шошиб қошларимга ўсма қўярдим.
Сенчи, ҳар сўзингдан тараб муаттар,
Кимнидир жонингдан ортиқ суярдинг.
Йиллар ўтаверди, кўнавердик биз,
Энг яхши куннинг ҳам нимасидир кам.
Сен ёринг ёнида яшасанг ёлғиз,
Мен сени айтарли аҳтармадим ҳам!
Пешона дердиму, лек унга кўнмай,
Тўнлар тикар эдим сенга беқасам.
Ёнингдан неча бор ўтганман, кўрмай,
Ҳар тун тушларингда кўрар экансан.
Аммо бир қалқимоқ истадими дун,
Ёки Мажнун ила Лайли тирилди.
Икки ишқ гадоси кирмоғи учун,
Атайлаб бир кун бир эшик қурилди.
Сўнг бизлар учрашдик...
Учрашган каби,
Туну-Кун, Осмон-Ер, Ой билан Қуёш.
Сўнг сабр унутди сабрлигини,
Бунга дош беролмай, жон берди бардош!
Энди сандиқ зарур сен оқмоғинга,
Мен Кумуш ошини ичмоғлигим шарт!
Қилар қилғилиғин қилиб, бир четда,
Ҳотиржам томоша қилмоқда қисмат!
Энди ёстуқларим пар эмас,пушмон.
Сени қучоқлайди ҳар кеча алам!
Биз бирга бўлмаймиз аниқ ҳеч қачон.
Демак икки дунё айрилмаймиз ҳам!
Малика Тавфиқ