Говинд - Ҳиндистондаги миллионлаб саводсиз аравакашлардан бирининг ўғли. Отаси каби унинг ҳам қашшоқликда ҳаёт кечириш эҳтимоли юқори эди. Бироқ ўн бир ёшида содир бўлган воқеа Говинднинг ҳаётини ўзгартириб юборди.
* * *
Ўша куни дам олиш эди. Бой қўшнининг ўғли Викрам уни бирга ўйнаш учун ҳашаматли ҳовлига олиб кирди. Орадан бир неча дақиқа ўтмасидан Говинд хонадон соҳибининг қаҳрига дучор бўлади.
"Сен ялангоёқ менинг хонадонимга киришга қандай журъат қилдинг? Ҳозироқ йўқол! Кимлигинг ва қайси табақадан эканингни унутиб қўйдингми?"
Кутилмаган шовқин-суроннинг сабабини англолмай қолган Говинд шоша-пиша дарвозага чопди. Қўрқувдан оёқлари қалтираётган ўспирин орқасида янграётган даҳшатли ўкирикдан эс-ҳушини йўқотди.
"Викрам, бу қашшоқнинг ўғлига яқин юрганингни бошқа кўрмай! Ёки сен ҳам улардек аравакашлик қилмоқчимисан? Улар ўқигани билан ўтмишини ўзгартира олмайди!"
* * *
Ҳақорат ва камситилиш ҳаётни аллақачон тушуниб бўлган Говинднинг шуурида янги ташаббуснинг туғилишига сабабчи бўлди. "Нима қилсам одамлар мени ҳурмат қилишади?" деган савол унга тинчлик бермас эди. У бўлган воқеани онасига сўзлаб берди.
"Одамлар қўлинга қараб муомала қиладиган бўлишди. Бизни ҳурмат қилишлари учун отанг кўпроқ пул топиши керак. Ёки сен "катта одам" бўлишинг керак. Отангни қўлидан бошқа иш келмайди. Сен эса ҳали ёшсан: келажагинг олдинда, ўғлим",- деди ўйга толган она умидвор кўзларини ўғлига тикиб.
Шундан сўнг Говинд таълимни халоскор деб билди: мактабдан қайтиши билан қулоқларига пахта тиқиб олар, шу билан ташқаридан келаётган шовқинни унутар, шуури билан китобларга шўнғир эди. Дўстлари билан кўча чангитишдан ҳам воз кечди, дам олиш кунлари уйдан чиқмай ўқир эди. Ўғлининг қатъий мақсадини англаган оила ҳам қараб турмади: уйига оиланинг бир кунлик харажати билан қайтадиган ота рўзғордан орттириб, ўғлини математика фанидан қўшимча тайёрловга берди.
Говинд мактабни юқори баҳо билан тамомлаб, ҳудуднинг номдор коллежига ўқишга қабул қилинди. У талабалик йилларида 18 соат билим олиш билан машғул бўлди, шу кунларда уни кутубхонадан топиш мумкин эди. Отаси берган пулни тежаш учун Говинд гоҳида нонушта, гоҳида тушликдан воз кечар эди.
Ота университетни аъло баҳолар билан тамомлаган ўғлининг ютуқларидан илҳомланган эди. У қишлоқдаги бир парча ерини сотиб, давлат ишига кириш учун топшириладиган имтиҳонга йўл олган ўғлига 40 минг рупия берди. Ҳолдан тойган бўлса ҳам, катта сабр-тоқат билан ярадор оёқларида арава тортар, оиладагиларни сабрли бўлишга чақирар эди.
* * *
2006 йил. 23 ёшли Говинднинг ҳаётидаги энг ҳаяжонли ва фахрга тўла, узоқ кутилган лаҳзалар содир бўлди. Давлат ишига кириш учун топшириладиган имтиҳондан муваффақиятли ўтган 474 нафар номзод орасида у 48-ўринда эди. Рўйхатнинг олд қаторларидан жой олган аксарият номзодлардан фарқли равишда, Говинд бу натижани илк уринишда қайд этди. Кўп ўтмасдан Говинд Жаисвал Ҳиндистон ҳукуматининг Бошқарув хизматига ишга қабул қилинди.
* * *
"Қийинчиликка дуч келаётган миллионлаб ёшларга айтмоқчиманки, таълим олинг ва катта орзулар қилишдан қўрқманг. Ана шунда ҳаммаси яхши бўлади." – дейди Говинд Жаисвал.
* * *
Юқоридаги муваффақият ҳикоясидан шундай хулосаларга келиш мумкин:
- Кимдир сени камситса, тушкунликка тушма. Уларга сўзда эмас, амалда жавоб қайтар;
- Кучли истак - мақсадга олиб борувчи бош омил. Улкан орзу томон шундай шиддат билан боргинки, бу йўлда сени ҳеч ким ва ҳеч нарса тўхтата олмасин;
- Баҳона-важларга эътибор берма, мақсадга етиш учун қийин бўлса ҳам, тўғри йўлдан бор. Бир фикрни ёдда тут: "Муваффақиятсизликка учраган 99 фоиз одам баҳона топишга уста бўлади". Унутма, машаққат - кучли шахсиятнинг ижодкори;
- Ёшлик куч-ғайратини кераксиз машғулот ва бекорчиликларга сарф қилма. Ёшлик - илм олиш ва келажак учун тайёрланишнинг қулай фурсати.
© Шуҳрат Сатторов