Бир киши бир неча кишининг ўрнига овоз бераётгани ҳақида
Навбатдаги энг кўп мурожаат айни шу мавзуда бўлмоқда.
Бу энди бизнинг қон-қонимизга сингиб кетган одат. Оиладан бир киши бир нечта оила аъзоларнинг паспортини кўтариб, сайловга боради ва турмуш ўртоқлари, фарзандлари, кекса ота-онаси, келини, ҳатто набиралари учун ҳам ўзи бориб овоз бериб келади.
Бу иш шу даражада одамлар онгига ўрнашиб қолганки, ҳатто кўпчилик
«нима учун қариндошларимнинг паспорти билан борсам, менга сайлов бюллетени беришмаяпти, шу иши тўғрими?» деб сўрайдиганлар ҳам бўлмоқда.
Ҳурматли фуқаролар!
Сайловда ўзгалар номидан овоз бериш қонунга хилоф. Биламан, бу гап Сизга ўта кулгили ва ғалати эшитилади. Балки энсангиз ҳам қотса керак. Аммо тушунинг, бундай қилиш мумкин эмас!
Илтимос, Худо хайрингизни берсин, бутун бошли оиланинг паспортини кўтариб, сайловга борманг. Ўша оила аъзоларингиз соғ-саломатми? Ўзи бемалол юра оладими?
Унда Худога шукр қилиб, 15 дақиқа вақт ажратиб сайловга боришсин. Ёки агар жуда сайловга боргиси келмаётган бўлса, майли бормасин. Бу ўзгалар номидан овоз бергандан минг марта яхши.
Агар оила аъзоларингиз саломатлиги туфайли ўзи мустақил сайлов участкасига бора олишмаса, унда бу ҳақда хабар берсангиз,
сайлов участкасидагиларнинг ўзлари уйингизга келишади. Уларнинг паспортини кўтариб боришингиз шарт эмас.
Жойларда ўзгаларнинг паспорти учун ҳам
сайлов бюллетенлари берилаётганига келсак, бу ҳам нохуш ҳолат албатта. Участка сайлов комиссиялари аъзоларига минг марта таъкидланган бўлса ҳам, барибир улар бировлар учун
бюллетен беришда давом этмоқда.
Биринчидан, минглаб инсонларни қонунга итоаткорлик руҳида тарбиялаш осон эмас. Узоқ йиллар давомида сайловда шундай бўлиб келган ва бу одатдан бир юмалаб қутулиш имконсиз иш.
Иккинчидан, ҳудудларда, айниқса қишлоқларда ҳамма бир-бирини яхши танийди, шу сабабли ҳам “бировнинг ўрнига овоз бериш мумкин эмас” деган гапга, халқнинг ўзи “йиғиштир закўнчилигингни, мени танийсанку” дейишади. Хуллас, таниш-билишчилик ортидан бу одатни бартараф этиш осон эмас.
Учинчидан, менимча, энг асосий фактор – сайловда қайсидир участка, округ ёки туманда сайловда иштирок этганлар сони (явка) кам бўлса, ўша ҳудудга жавобгар шахслар (ҳокимлар, сайлов комиссия раислари) гап эшитиши мумкин. Яъни улар сайлов тарғиботини яхши олиб бормаган, халқни сайловга бориши учун тегишли ишларни қилмаган, деб баҳоланади.
Мана шу гап эшитиш хавфи сайлов комиссияси аъзоларига ҳам бир нечта паспорт кўтариб келганларга ҳам бемалол бюллетен беришга рағбат беради. Масалан, рад жавоби берса, ўша сайловчи умуман сайловга келмаслиги мумкин. Ундан кўра, тинчгина рози бўлган яхши дейишади.
Юқоридаги сабаблар туфайли, ўзгалар номидан овоз бериш ҳолатлари рўй бермоқда. Албатта, шубҳасиз бу сайлов қонунчилигига зид иш. Лекин яна бир жиҳати бор.
Бир кишининг сайловда бир неча киши номидан овоз бериши
сайловдаги ўйинлар ҳисобланмайди. Бу халқ онги билан боғлиқ муаммо холос. Яъни бу иш
маълум бир номзодни ўтказишга ҳаракат эмас. Ўша кўп бюллетен олган фуқаро ичкарида истаган номзодга овоз беришга ҳақли. Шу фактор
бироз одамнинг кўнглига
таскин беради. Агар мабодо "фалончига овоз берасан" дейишаётган бўлса, бундан даҳшати йўқ.
Ҳурматли фуқаролар!
Агар Сиз қайсидир сайлов участкасида бир кишига бир нечта бюллетен беришганига гувоҳ бўлсангиз,
унда ўша заҳоти сайлов комиссия аъзоларини огоҳлантиринг. Ўша заҳоти далолатнома тузишларини талаб қилинг. Токи кейинги сафар бу ишни қилишмасин.
Фақат томошабин бўлиб, ёки ўша жойда миқ этмай, кейин шикоят қилиш билан иш битмайди. Темирни иссиғида босинг,
бефарқ ва лоқайд бўлманг! Ич-ичингиздан масъулият ҳис қилишни илтимос қиламан.
©️
Хушнудбек ХУДОЙБЕРДИЕВ
TANQID.UZ👇
https://t.me/joinchat/AAAAAFOrqTe8nNW-6Zxnog