ЖОМБОЙДА САЙЁР ҚАБУЛ Ҳуқуқ тарғиботининг турлари жуда кўп. Уларнинг энг самаралиси аҳоли билан юзма-юз учрашиб, суҳбатлашиш, уларни тинглаш, қийнаётган муаммоларини ҳал этиш чораларини кўриш, тўғри йўл кўрсатиб, ҳуқуқий маслаҳатлар беришдир.
Фуқаронинг муаммоли масаласи жойида ҳал этилса қонунчиликка, судларга ҳурмат ҳиссини кучайтиради.
Самарқанд вилоят суди раиси О.Ҳайитов ва ўринбосари З. Аллабаев Жомбой туман Зарафшон МФЙда Жомбой ва Булунғур туманлари аҳолиси билан учрашув ва сайёр қабул ўтказди.
Тадбирда шунингдек, жиноят ишлари бўйича Жомбой ва Булунғур туман судлари раислари, тергов судьялари, фуқаролик ишлари бўйича Жомбой туманлараро суди, Жомбой туманлараро иқтисодий суди раислари ҳам иштирок этдилар.
Дастлаб, йиғилганлар билан учрашув ўтказилди. Учрашувда вилоят суди раиси Олим Ҳайитов йиғилганларга бугунги суд-ҳуқуқ ислоҳотлари, қонунчиликдаги янгиликлар, давлатимизнинг бу соҳадаги одилона сиёсати, сайёр қабулларнинг аҳамияти ва самараси ҳақида тушунча берди. Фуқароларни қизиқтирган саволларга батафсил жавоб берди. Давра суҳбати шаклида ташкил этилган учрашув қизиқарли ва сермазмун бўлди.
Шундан сўнг, сайёр қабул ташкил этилди. Қабул жараёнида жиноят, фуқаролик, иқтисодий масалалар юзасидан фуқаролар мурожаатлари кўриб чиқилди.
Сайёр қабулда 23 та мурожаатлар бўлди. Ҳар бир мурожаатга алоҳида эътибор қаратилди. Шундан қонунга мувофиқ келадиганлари ижобий ҳал қилинди ва қолганларига ҳуқуқий тушунтириш берилди. Сабаби, суд-ҳуқуқ масалаларидаги мурожаатлар ҳал этилиши аксарият ҳолларда вақт ва жараён талаб қилади.
Булунғурлик Б. Абдуллаев вилоят суди раиси қабулида бўлиб, бехосдан автоҳалокат содир қилиб белгиланган жазони ўтаётганлиги, жазони ярмидан кўпроғини ўтаганлиги, қилмишидан пушаймонлиги, тегишли хулоса чиқарганлигини билдириб, оиладан ягона боқувчи эканлиги, оилавий аҳволи оғирлашиб қолганини инобатга олиб, жазонинг қолган қисмидан озод қилишни сўради.
Худди шундай содир қилган жиноий қилмиши учун жазони ўтаётган 18 нафар шахслар, пушаймонлиги, тегишли хулоса чиқарганлиги, бундай буён соғлом турмуш тарзида яшаб, ибратли ҳаёт кечиришини билдириб жазонинг ўталмай қолган қисмидан озод қилишни сўради.
Сайёр қабул давомида жиноят ишлари бўйича Жомбой ва Булунғур туман судларининг сайёр суд мажлислари ташкил этилди. Сайёр судда ҳар бир ҳолат алоҳида кўриб чиқилиб, қонунга мувофиқ келадиган мурожаатлар ижобий ҳал этилди.
Вилоят суди Жамоатчилик ва ОАВ билан алоқалар бўлими. Telegram I
Facebook