ДЎСТИМГА ХАТМайли, валий бўлинг, валломат бўлинг,
Кўнглимнинг безаги – нақши кўраман.
Қайда бўлсангиз ҳам саломат бўлинг,
Мен сизни барибир яхши кўраман!
Маломат милтиғин ўқламанг, майли,
Оч қолган кўнглимни тўқламанг, майли,
Асло ранжимайман, йўқламанг, майли,
Мен сизни барибир яхши кўраман!
Малҳам йўқ, ичдаги фироқ – оҳимга,
Даво йўқ дилдаги дардли доғимга,
Жавоблар бўлмайди, қўнғироғимга,
Мен сизни барибир яхши кўраман!
Сизнинг борлигингиз кўнглимга ҳузур,
Кўнглим бир ёзилиб, дардларин ёзур,
Қачондир ранжитган бўлсам, минг узр,
Мен сизни барибир яхши кўраман!
Саволларга жавоб бермасангиз ҳам,
Борлигим назарга илмасангиз ҳам,
Майли мени сўраб келмасангиз ҳам,
Мен сизни барибир яхши кўраман!
Ҳис этарсиз бир кун керагимни ҳам,
Тингларсиз, эҳтимол тилагимни ҳам,
Бир куни англарсиз юрагимни ҳам,
Мен сизни барибир яхши кўраман!
Бор бўлса кечиринг, гуноҳим учун,
Ё дилдан ўчмаган бир оҳим учун,
Ҳар неки бўлса ҳам Аллоҳим учун,
Мен сизни барибир яхши кўраман!
Қайда бўлсангиз ҳам саломат бўлинг,
Мен сизни барибир яхши кўраман!
Ўлмасбек Самарқандий.
Олов юборганларни алоҳида яхши кўраман 😊
@Samarqandiy77