Савол: Ассалому алайкум. Корхонамизда қиймати кам бўлганлиги учун компьютерь, кондиционер, принтер ва шу каби қурилмаларни 1080-Инвентарь га киритиб қўйганмиз. Бу инвентарлардан хозирда фойдаланяпмиз. Барчасини харажатга олиб юборсам бўладими? Фойда солиғидан чегириладими?
Жавоб: Ўзбекистон Республикаси Бухгалтерия хисобининг миллий стандарти №4-"Товар-моддий захиралар" нинг 5-бандида инвентарь ва хўжалик жиҳозлари таркибига хизмат муддати бир йилдан ошмайдиган;
хизмат муддатидан қатъи назар харид қилиш пайтида қиймати бир бирлик (комплект) учун Ўзбекистон Республикасида белгиланган базавий ҳисоблаш миқдорининг эллик бараваригача миқдорда бўлган активлар кириши белгиланган.
Мазкур БХМС нинг 68-бандига асосан инвентарь ва хўжалик жиҳозларини фойдаланишга топширишда уларнинг қиймати вазифасига қараб ишлаб чиқариш харажатларига ёки давр харажатларига тўлиқ ҳисобдан чиқарилади. Кейин ташкилот томонидан оддий шакл бўйича (бир томонлама тартибда), таннархи бўйича номлар (номенклатура рақамлари) ёки гуруҳлар (йириклаштирилган комплектлар) кесимида тезкор миқдорий ҳисоб юритилади, бунда фойдаланишга келиб тушиш санаси (ой, йил), фойдаланиш жойи (бўлинмалар бўйича) ва улардан фойдаланиш муддати мобайнида моддий жавобгар шахслар кўрсатилади.
76-бандига асосан эса инвентарь ва хўжалик жиҳозларининг қийматини уларни фойдаланишга бериш пайтида тўлиқ ишлаб чиқариш харажатларига ёки давр харажатларига ҳисобдан чиқаришда, фойдаланишдаги инвентарь ва хўжалик жиҳозларининг кейинчалик сақланишини таъминлаш мақсадида уларнинг ҳисобини цех омборчилари ва алоҳида фойдаланувчилар бўйича балансдан ташқари счётларда (014-Фойдаланишдаги инвентарь ва хўжалик жиҳозлари) юритиш лозим.
Солиқ кодекси 305-моддаси 4-қисмига асосан инвентарь ва хўжалик жиҳозларини хисобдан чиқариш харажати иқтисодий жиҳатдан ўзини оқлаган чиқимлар деб эътироф этилса, фойда солиғи базасидан чегирилади.
Ҳар қандай чиқимлар, башарти улар ҳеч бўлмаганда қуйидаги шартлардан бирига мувофиқ келган тақдирда, иқтисодий жиҳатдан ўзини оқлаган чиқимлар деб эътироф этилади:
1) даромад олишга қаратилган фаолиятни амалга ошириш мақсадида қилинган бўлса;
2) шундай тадбиркорлик фаолиятини сақлаб туриш ёки ривожлантириш учун зарур бўлса ёхуд хизмат қилса ва харажатларнинг тадбиркорлик фаолияти билан алоқаси аниқ асосланган бўлса;
3) қонунчиликнинг қоидаларидан келиб чиқса.
@SJMASNAD