“СУВГА ЧЎКИБ КЕТГАН БОЛАМ – ЁШЛИГИМ...”
#Рауф_Парфи
ЁШЛИК ЗАНГОР ФАСЛ. КЕЧДИ. САРҒАРДИ.
Тўкилди у. Шафқат билмас баргрезон.
Қора совуқларга отиб юборди,
Шамоллар пойида синмоқда хазон.
Ёшлик зангор фасл. Кечди. Сарғарди.
Ҳарна ўтди, мендан ўтди, омон бўл,
Қанча фарёд қилмай қайтариб бўлмас.
Ҳар қалай, олдинда бордир сўнгги йўл,
Токи етгунингча хотирот ўлмас,
Ҳарна ўтди, мендан ўтди, омон бўл.
Видо табассумли олам – ёшлигим,
Кўзларимда қотган жолам – ёшлигим,
Кўкларга етмаган нолам – ёшлигим.
Сувга чўкиб кетган болам – ёшлигим,
Видо табассумли олам – ёшлигим.
1977
***
Рауф Парфининг ушбу шеърида бир қарашда ёшлигини беҳуда ўтказ(аёт)ган лирик субъект афсус-армонларигина ифодалангандек туюлса-да, аммо, назаримизда, сатрлар аро ижтимоий ҳаёт нафаси кезиб юрибди. Эҳтимол, шоир мазкур шеърда ёшликда ўз бошидан кечган савдолар, илк муҳаббат армонларидан сўйлаган чиқар ҳам. Бироқ шеърнинг умумий фонида биз давр тўфонлари оқибатида умрини қурбон қилаётган қаҳрамоннинг фожиавий ҳолатини ҳис қиламиз. Бу кайфият мана бу бандда янада “даҳшатли” ифода этилади:
Видо табассумли олам – ёшлигим,
Кўзларимда қотган жолам – ёшлигим,
Кўкларга етмаган нолам – ёшлигим.
Сувга чўкиб кетган болам – ёшлигим,
Видо табассумли олам – ёшлигим.
Шеър ритмоинтонацияси шоир ғояларини алоҳида таъкидлаб кўрсатаётир. Бандлар қурилишига эътибор берсак, ҳар банднинг илк мисраси сўнгги сатр сифатида яна такрорланиши ҳам маълум мазмун ташийди, шеърдаги фожиавий оҳангни кучайтиради. Демак, шеърда шакл (структура) ҳам шоир бадиий нияти – ғояси (концепция)ни янада аниқроқ очиш учун хизмат қилмоқда.
Айниқса, “Сувга чўкиб кетган болам – ёшлигим” сатри қаттол давр, адолатсиз жамият фонида “йўқотилган авлод” фожиасини ифодалаётгандек.
“Ёдимда, бу шеър ёшларимиз кайфиятининг тиниқ ифодаси эмас, деган танқидий чиқишлар ҳам бўлган эди, – деб ёзади Асқад Мухтор. – Лекин штамплар, схемалар нуқтаи назаридан эмас, шоирнинг ўз бадиий дунёсидан, унинг ахлоқий принципларидан чиқиб қаралса, бу сатрлар юриш-туришидан ёшлигини боладай сувга чўктиришига кўзимиз етиб қолган баъзи йигит-қизлар учун кескин огоҳлантиришдир”.
Буни умумдардни шахсийлаштириш ёки шахсий дард, “мен”ни умумлаштириш дейишади. Ўша суронли йиллари Рауф Парфи каби айрича истеъдод эгалари томонидан яратилган сара шеърлар, аввало, бадииятнинг юксак талабларига жавоб бера олиши, шу билан бирга, ижтимоий “юк”и билан ҳам қимматлидир...
Беҳзод Фазлиддин
https://t.me/Ranoumidbaxshhttps://youtube.com/@rano_umidbaxsh-ijodi?si=zjwDQJqQ4BmYO31e