Пода зеҳнияти ҳақида....
Инсон ҳамма нарсада ўз фикри, ўз танлови бўлиши керак, ўзгалардан таъсирланмаган ҳолда юзага келган. Ана шунда оломон зеҳниятидан қутулади.
Фақат, ўзгаларга қараб иш қилиш, ўзича бирор иш қила олмаслик, ўз танловини ҳам ўзгаларга топшириб қўйиш инсонни шахс сифатида ўлдиради ва тафаккур қобилиятини ўтмаслаштириб қўяди.
Жамиятшуносликда шундай тушунча бор, "пода психологияси" деган. Бу жуда хатарли муаммолардан бири ҳисобланади, ҳам шахс, ҳам жамият учун.
Пода зеҳниятига мубтало бўлган кимса ўз мустақил фикрига эга бўлмайди. Кўпчилик қилаётган ишни қилади, сабабини ҳам билмаган ҳолда. Масалан, кўчада ўтиб кетаётганда бирор дўконга харидорлар ёпирилиб киряпти. У ҳам ўша ерга кириб, ўзи билмаган, хабари ҳам бўлмаган маҳсулотни олиш учун ур-йиқитга ўзини уради.
Бундай инсонлар бирор соҳада ўз фикри, дид ва танлови бўлмаган одамлар бўлади, одатда. Нимадир трендга чиқса ўшанга ёпишади, қайсидир ёзувли футболка машҳурлашса, у ҳам дарров ўша футболкани кийиб олади. У ярашадими, ярашмайдими, унинг ранги ва тана тузилишига мос тушадими, тушмайдими фарқи йўқ.
Улар ҳар қандай нарса хусусида фақат ўзгалардан эшитган маълумотлари асосида хулоса қиладилар. Ҳолбуки, ўша нарса ҳақида ўзлари ҳам тўғридан-тўғри бориб, суриштириб тўғри маълумот олишлари мумкин. Аммо, ўзгалар фикрини устун қўядилар.
Бундай кишилар бирор жамоа ичида бўлсалар албатта у ердаги етакчилик қобилияти кучлироқ, сўзга чечанроқ инсон кетидан кўр-кўрона эргашадилар. Ҳолбуки, у аслида билимсиз, нолойиқ, сафсатабоз бўлиши мумкинлиги хаёлларига ҳам келмайди.
Бундай зеҳният эгалари афсуски, кўпчиликни ташкил қилади ва улар ҳақиқий тилла билан сохтасини ажратолмайдилар. Устидан тилла суви юритилган оддий метал уларга бемалол ўзини олтин каби порлоқ ҳолда кўрсатиб, бошқариши, улардан моддий фойдаланиши, қисқаси алдаши жуда осон.
Оломон зеҳниятига эга инсонлар одатда китоб ўқимайдилар. Ўзларига Аллоҳ томонидан берилган тафаккур қобилиятини ривожлантириш ҳақида ўйлаб кўрмайдилар.
Бундай инсонларнинг бирор масалада ўз фикри, танлови ва устивор йўналиши бўлмайди. Қайси масалани олманг, шундай бўлиб чиқаверади. Чунки, улар фақат ўзгалар фикри билан юрадилар.
Пода зеҳнияти (Herd Mentality) деб аталувчи нуқсондан қандай қутулиш мумкин?.. Унинг фақат битта йўли бор. У ҳам бўлса, кўп китоб ўқиш, тафаккур қобилиятини ривожлантириш, ўз мустақил фикрига, шахсий танловига, ўз устиворликларига эга бўлиш, хулласи калом ақл чироғини ўчириб қўймаслик.
Машҳур араб файласуфи Ибн Туфайл (1100м-1185м) айтади: "Ақл бу бошда кўтариб юриладиган чироқдир. Кимдир уни ёқиғлиқ ҳолда кўтариб юрса, кимдир ўчириб юради"
©Алишер Султонхўжаев