#табрик
ОТАБЕК ТУРСУНҚУЛОВГА
Кимлар учун олти ҳарфнинг жамланмаси,
Кимларгадир Қодирийни эслатар у.
Кимларнингдир энсасини қотирар ва
Кимларнингдир нафасини тезлатар у.
Ким нима деса десину, барибир исмда кўп гап бор. Улуғ адиб Абдулла Қодирий шоҳ асарининг бош қаҳрамонига бежиз Отабек исмини танламагандир.
Аммо бу дунёда исмга мос бўлиш деган тушунчалар ҳам бор. Отабек Турсунқулов бу шариф исм шарафини оқлаб келмоқда. Ҳар ҳолда доғ туширгани ҳақидаги хабарлар менга етиб келмаган.
Отабек Турсунқулов республикада андозаси бўлмаган "Ёшлар кундалиги" лойиҳасининг медиа бўлими раҳбари.
Ўзбекистон Журналистика ва оммавий коммуникациялар университети талабаси. Зиёли.
Ўзи Олмалиқдан. Етмиш ҳунар қўлидан келади дейишади-ю, бизга 10-15 таси маълум. Қолганини вақт кўрсатади.
Энди тасвирга олиш дейсизми, суратга олиш ва тушиш дейсизми, монтаж ишлари-ю ташкилий масалаларда номер биринчи. Агар рулга ўтирса машина деганимиз қанот чиқариб учаман дейди, учаман.
Шунга яраша диди ҳам баланд. Либос ва таом танлашда унча-мунча француз ресторани бош ошпази ҳеч гап бўлмай қолади.
Юзида доим табассум. Ҳазил-ҳузулга ўч. Ҳозиржавоб.
Шунча сифатлари билан бирон қиз уни уйланган, икки ўғилнинг отаси демайди.
Яна муҳими будирки, у менинг адашим. Қайсидир маънода бу ҳам бир устунлик. "Кундалик"чилар яхши билишадики, тор доирада тез-тез #Бизнинг_Отабеклар , #Отабеклар_Куч , #Яшасин_Отабеклар ҳештеклари такрорланиб туради. Энди нима десам экан, ишга яраша-да. Хуллас, #Отабеклар_Куч
Агар сизга адашдим ҳақида "чепе" гап етиб борса ишонманг. Туҳмат, ҳасадчиларнинг иғвоси, массонлар фитнаси. Шунақа.
Юқоридаги фикрлардан сўнг қадрли Отабек Турсунқуловни таваллуди куни билан табриклайман! Қадрли акамиз, дўстимиз ва ҳамкасбимизга Аллоҳ таолодан баракали умр, тинчлик-хотиржамлик, сиҳат-саломатлик, оилавий бахт, ишларида улкан ютуқлар тилайман!
Туғилган кунингиз муборак бўлсин!
Ҳурмат билан Отабек Бакиров