#мулоҳаза
Ўқиганнинг биттаси - мен!
Лицейни битириб ўқишга кирган йилим эди. Оилавий аҳволимиз ҳаминқадар. Устига устак ўша пайтлари онам оғир касал бўлиб, ўқишдан уйга борганимда дадамдан ўз эҳтиёжларим учун пул сўролмасдим. Давлат грантида ўқисам-да, вилоят марказидаги университетда ўқиш ва шаҳарда яшаш учун маълум миқдорда маблағ зарур бўларди.
1-курснинг бошланиши оғир бўлди. Кўпинча бир сўмсиз қолиб кетар, квартирадошларим уйга кетганида бир ўзим шаҳарда қолар ва кунлар, ҳаттоки, бир бурда нонсиз ўтарди. Шундай кунлардан бирида кечки овқатдан умид уздим-у, нимагадир газплитасининг пастки эшигини очдим. Шунда селлофан пакетга ўралган, биз ампициллин деб атайдиган кўк моғор босиб, суви қочган бир бўлак бўлка нони топиб олдим. Пакетни очишимга ичидан узун мўйловли суварак чиқиб кетди-да, нарироққа бориб тўхтади. "Ўқиганнинг биттаси сенми?!", деяётгандек эди, гўё. Албатта, очлик олдида суварак ҳам, "унинг нимани ўйлаши" ҳам бир пул эди.
Барибир бўлмади: шаҳарнинг марказий бозори ёнида мардикорлар тўпланадиган жойга бориб, кунлик ишга чиқа бошладим. Бир куни шаҳар четроғидаги ҳовлида бетон устун қуряпмиз. Икки кишининг қулочи базўр етадиган асбест труба қолип узунасига бўлинган бўлиб, баландлиги олти метрдан ошиқроқ, уч тўрт жойидан темир белбоғ ва болтлар билан маҳкамланган. Бетон қоришмасини олти метр баландликка тортиб чиқариб, ўша трубани ичига қуямиз. Иш оғирлик қилдими ёки бўйимдан баландроқ гапириб юбордимми, ишқилиб, ўша куни уй эгаси бўлган олифта хомсемиз кишидан,"Ўқиганнинг биттаси сенми?!", деган гапни эшитдим.
Кейинроқ абитуриентларга репетиторлик қила бошладим. Аста-секин шаҳарда мени репетитор сифатида тан ола бошлашди. Ўз ўрнида пул ҳақидаги қарашларим ҳам ўзгарди.
Ўшанда ўз амакимга шаҳарда репетиторлик қилаётганимни, ўғли ўқишга қизиқаётганини ва агарда у киши рухсат берса, ўғлиниям олиб кетиб, бепул ўқитиб олийгоҳга киришига ёрдам беришимни айтган эдим. У кишидан эса "Ўқиганнинг биттаси сенми?!", деган гапни эшитдим. Ваҳолангки, ўшанда эндигина университетнинг Иқтисодиёт йўналишида 3-босқич талабаси эдим.
Амакимнинг ўғли эса ўша йили мактабни битириб, акаси қатори қурилишда ишлаб беш-ўн сўм топишни бошлаган экан.
Ўқишни битириб, ўн йил турли давлат ташкилотларида муҳим лавозимларда бировнинг ҳаққига, жумладан давлатнинг ҳаққига хиёнат қилмай ишладим. Одам танидим, мени танишди. Давлат томонидан бюджет асосида ўқитилганимни оқлашга ҳаракат қилдим.
Ҳозирда ҳам давлат ташкилотида ишлайман ҳам хусусий фирмаларим бор. Аллоҳга шукур, бировдан кам, бировдан ортиқ дегандай.
Баъзида одамларга қараб айтгим келади: "Ўқиганнинг биттаси - мен!"
Азизбек Акрамов
@Olmaliqnews