Postlar filtri


Охиратга олиб кетадиган савоб чемоданингиз шундай - тешик бўлишидан эҳтиёт бўлинг!

• Таҳорат оласиз-у, сувни исроф қиласиз!
• Ҳижоб ўрайсиз-у, хулқинги ёпинмаган!
• Тунлари таҳажжуд намозига турасиз-у, кунлаб биродарингиз билан аразлашиб юрасиз!
• Рўза тутасиз-у, одамларни ғийбат қиласиз!
• Дабдабали ифторлик берасиз-у, сўнгра "энг зўр ифторликни мен бердим" деб одамлар ичида мақтаниб юрасиз!
• Садақа берасиз-у, уни миннат қиласиз!




#ГЎЗАЛ

МУАЛЛИФ: САИДА АЗИЗ

#144

Гўзални ичкарига олиб кириб кетишди. Касалхона фойесида Сардор билан Гулмира опа бетоқат бўлиб ичкаридан хабар кутишарди.

Бир зумда Самад ака, Гулчеҳра опа ҳам етиб келишди.
- Гўзалнинг аҳволи яхшими? – ҳаллослаб келиб сўради қайнота.
- Билмадик, ҳали хабар беришмади, - деди Гулмира опа ёшли кўзлари билан.
- Лайло қани? – шошиб сўради Сардор.
- Уйда, Асал билан қолди.
- Дада, ўша ифлос аёл бу гал қўлимдан соғ чиқмайди, - важоҳат билан гапирди йигит отасига.
- Сардор, сен қизингни ва Гўзални ўйла. Мен Шуҳрат акага қўнғироқ қилдим. Вазиятни айтдим. Узр сўради. Шикоят қилмаслигимизни илтимос қилди.
- Нима? – Гулмира опа жим туролмади. – Ўтган гал эримнинг ўлимига сабаб бўлганди. Шикоят қилмагандик. Бу гал Гўзал билан боласига хавф солди, яна жим кетамизми?

Сардор ҳам қайнонасини маъқуллади.
- Йўқ, дада... мен жим кетмайман! Қандай бўлса, шундайлигича айтаман. Гувоҳлар бор, камералар бор... Бу гал жазосини олиши аниқ!

- Барибир дадаси йўлини қилади, - куйиниб гапирди Гулчеҳра опа. – Ўзи ҳам қўрққанидан қочиб кетибдику...
- Йўқ, мен шундай қолдирмайман!

Оқ халатли аёлнинг келиши уларнинг суҳбатига якун ясади.
- Қизим яхшими? – сўради Гулмира опа шифокорга юзланиб.
- Яхши. Бироз ортидан туртиб кетган. Лекин шукрки ҳеч жойи шикастланмаган. Озгина зарбнинг оғриғи борлигини ҳисобга олмаса...
- Болам-чи... – азборойи саросимада овози баландлаб савол берди Сардор.
- Ҳомилага ҳеч нарса қилмаган. Ҳаммаси жойида. Ҳолсизлик ва чарчоқ сабаб ҳушини йўқотган. Ўзига келди. Аҳволи яхши.
- Аллоҳга шукр! – дейишди катталар.

Сардор қанот қоққандек Гўзалнинг ёнига шошди.

Палата эшиги очилиб, ичкарига қадам ташлаган йигит каравотда ётган Гўзалга меҳрла боқаркан:
- Гўўўзааал, - дея эркалаб чақирди. Гўзал табассум қилди. Йигит аёлининг қўлидан тутди.
Бармоқларига лаб босаркан, ҳисларини яширолмади. – Қўрқиб кетдим. Жуда қаттиқ қўрқдим.

-Қўрқманг, мендан қутулиш осон эмас! – деб кулимсиради Гўзал.
Сардор уни қучоқлаб олди.

-Сенга қилган мана шу иши учун Нозлини қаматмагунча қўймайман!

- Йўқ, қўйинг, шарт эмас. Мен яхшиман! Уни жазосиз қолдиришимизнинг ўзи унга жазо бўлади. Дадам раҳматли: "Яхшиликка яхшиликни ҳамма ҳам қила олади. Аммо ёмонликка яхшилик қилиш учун жуда катта қалб бўлиши керак!" дердилар. Келинг, шикоят ёзмайлик, - дея эрининг кўзларига тикилди Гўзал. Сардор жимгина бош ирғади.

ДАВОМИ БОР

https://t.me/Saida_Aziz_Ijodi


#ГЎЗАЛ

Муаллиф: САИДА АЗИЗ

#143

Севинчнинг уйига етиб келишди. Қиз машинадан тушиб қолди.

-Яхши боринг, эртага бемалол гаплашамиз, - деди Одилбек Севинчга самимий боқаркан.

Қиз бош силкиди. Жимгина уйи томон йўналди.

Дилдора опа рулни бошқараркан, Одилбекка разм солди. Одилбек Гўзални кўриб таъсирландими ё воқеаданми? Нега Севинчнинг ёнида ўзини ғалати тутди.

Бироз юриб, опа машинани тўхтатди. Одилбек Дилдора Қобиловнага ҳайратланиб қаради.
- Нима бўлди?
- Одилбек, кел, очиқ гаплашиб олайлик. Бугун даданг Фозил ака ёнимга келдилар. Сен ҳақингда сўрадилар. Дадангга сюрпризим бор, дебсан... Худди кинодагидек...
-Ҳа, шунақа дедим.
- Хўп, ўша сюрприз Севинчми? Унга уйланишга қарор қилдингми? Ё Гўзални кўриб, яна ҳисларинг оловландими?
- Астағфирулло, опа.. у бировнинг хасмику... Мен унга худди ўз синглимдек қарайман. Шунчаки ҳозирги воқеа менга ғалати таъсир қилди. Гўзал жуда кўп қийналди. Нега у чинакам бахтли бўлолмаяпти, деб ўйлаётгандим. Ахир Сардорга ўзи кўнгил қўйганди. Мен унинг муҳаббатини кўзлариданоқ сезиб, қўлини Сардорга тутиб кетдим. Аммо барибир улар бахтли эмасдек, туйилди.

- Улар бахтли! Жуда бахтли! Бугун ичкарида иккисини кўрганингда эди... Улардан бахтиёр жуфтликни тополмасдинг... Лекин уларнинг саодатли кунларини кўролмайдиганлар бор.

- Нега Сардор ана шу аёлнинг устидан шикоят қилмайди. Нега ўз оиласини ҳимояламайди? – бироз тутақиб кетди йигит.

-Сардор қаердан билсин? Ахир ўшандан бери у аёл кўринмай кетганди. Менимча, энди тинч қўймаса керак...

Одилбек жим, ойнадан ташқарига қаради.
- Сен гапни айлантирмай гапир... Севинчга уйланмоқчимисан? – саволини қайтарди аёл.
Одилбек табассум билан Дилдора Қобиловнага қаради.

- ИнШаАллоҳ, шу ният билан Ватанга қайтдим, опа... Севинч жуда яхши қиз! Ўзингиз ҳам таъкидладингизку...

- Хайрият-е... йўқ, дейсанми, деб ўйлабман. Одилбек, бу оламда ҳамма ҳам севиб турмуш қурмайди. Биласанми, оила оила бўлиши учун севги эмас, ўзаро тушуниш ва ҳурмат муҳим! Шуни ёдингдан чиқарма! - сокин овозда гапирди аёл.
Йигит бош силкиб қўйди.

ДАВОМИ БОР

https://t.me/Saida_Aziz_Ijodi


#ГЎЗАЛ

Муаллиф: Саида АЗИЗ

#142

Гўзални излаб чиққан Сардор Одилбекнинг қўлида беҳуш ётган рафиқасини кўриб, хавотирга тушди. Атрофга томошаталаблар йиғилиб олишганди.
-Нима бўлди? – ўзини тутолмай бақириб юборди Сардор.
-Яна ўша аёл... машинада туртиб, қочди... – жавоб қилди Одилбек.

Бир зумда Гўзални Сардорнинг машинасига ётқизишди. Гулмира опа унинг ёнидан ўрин олди.

Сардор катта тезликда машинани ҳайдаркан, ортига қараб қўярди.
- Чида Гўзал, чида... – кўзларидан дувиллаб ёш тўкиларди йигитнинг. Энди бахтга етдим деганда, бу нимаси? Бахтга етиш шу қадар машаққатми? Бахтнинг товонини тўлаш шунчалар қимматми?

- Сардор, эҳтиёт бўлиб ҳайданг... Худо хоҳласа, қизимга ҳеч нарса қилмайди, - дея илтимос қилди Гулмира опа. Сардор эса эшитадиган аҳволда эмасди. Сигнални чалганча, машиналар орасида ғизиллаб ўтиб борарди.

***

Одилбек Дилдора Қобиловнанинг машинасида қайтаркан, бугунги ҳодисадан карахт эди. Севинчга ҳам, Дилдора опасига ҳам ҳеч нарса демай, машина ойнасидан шаҳарни кузатиб кетарди.

- Келишингни аввалдан айтмапсанда... – деди Дилдора Қобиловна сукунатдан юраги сиқилиб.

-Сюрприз қилмоқчи эдим. Ўхшамади... Мен сизни кўргани келгандим. Гўзалнинг туғилган кунидан хабарим йўқ эди.

- Ҳа, нимасини айтасан... Сал олдин улардан бахтли жуфтлик йўқ эди оламда. Жуда чиройли вальсга тушишди. Ҳамма ҳавас билан тикилиб туришганди. Ярим соат ўтмай бу ҳодиса...
- Гўзал яхши бўлсинда, - гапга аралашди орқа ўриндиқда ўтирган Севинч.

- Одилбек, аниқ ўша аёлмиди? Сардорнинг биринчи хотинимиди? Яна адашиб юрмагин...
Одилбек Дилдора опасига ялт этиб қаради.
- Опа, туҳмат қилишдан Аллоҳ асрасин! Мен у аёлни Гўзалнинг уйида, Иброҳим амакининг вафотидан олдин кўрганман. Эсимда қолган!

- Иброҳим аканинг бошига етгани кам эканми... Энди Гўзалга ташланибди! Ифлос! Шундайларни ҳам ер кўтариб юради! – асабийлашиб гапирди аёл.
Одилбек ҳам, Севинч ҳам жим, ўз хаёллари билан кетишарди.

ДАВОМИ БОР

https://t.me/Saida_Aziz_Ijodi


#ГЎЗАЛ

Муаллиф: САИДА АЗИЗ

#141

-Чарчадингми? – савол берди Сардор.
- Йўқ, бироз бошим айланди.
- Мен ҳозир... – деганча нари кетди Сардор.

Эшикдан бир бола кирди. Ўн ёшлар атрофидаги болакай Гўзалнинг ёнига келди.

-Сизни кўчада чақиришяпти... – деди. Қўлига қандайдир мактубни тутқазди.

Гўзал ҳайрон бўлди. Мактубни очди. Бўм-бўш қоғоз эди. Ажабланди. Боланинг ортидан кўчага чиқди.

Ресторан йўл бўйида жойлашганди. Бола серқатнов йўлдан шошиб ўта бошлади. Гўзал баттар ҳайратланди. Энди ичкарига қайтиб кирмоқчи эди, сигнал овозидан ортига ўгирилди.

Болани машиналардан бири уриб кетишига оз қолди. Сигнал бериб, қаттиқ тормоз билан тўхтади. Бола машиналар орасида қолиб кетганини кўриб, унга ёрдамга шошилди.

Бироқ... ортидан келган машина Гўзални туртиб юборди.

Аёл чалқанчасига йиқиларкан, машина рулидаги Нозлини кўрди. Рўпарасидаги машинадан тушган Одилбекни ҳам... шу тариқа кўзлари юмилиб, ҳушини йўқотди!

ДАВОМИ ЭРТАГА


https://t.me/Saida_Aziz_Ijodi


#ГЎЗАЛ

МУАЛЛИФ: САИДА АЗИЗ

#140

- Йигит қиздан кечирим сўрабди. Аллоҳ уларнинг қалбига чиройди Севгини ҳадя қилибди. Оқ пари йигитнинг қалбидаги тошни эритибди. Барча эртаклардагидек муҳаббат ғалаба қозониб,
уларнинг тўйи бўлибди!

Тўй суратлари намойиш этилаётган лаҳзаларда ўтирганлар қарсак чалиб юборишди.

Гўзалнинг кўзларидан томчилар думалаб тушди. Сардор монитор ёнида кўриниш бериб, микрафонни тутганча, гапида давом этди.

- Гўзалим, менинг ҳаётимга кирган кунингдан бошлаб ҳаётим буткул ўзгариб кетди. Аллоҳу Таоло сени мен учун яратгани шубҳасиз.

Сен борсанки, менинг кўнглим тинч!
Сен борсанки, худди денгиз сувлари каби сокин оқаман.
Сен борсанки, юрагим доим уриб туради.
Сенинг табассуминг менга дунёнинг бор гўзаллигидан афзал! Сенинг ширин сўзларинг мени маст қилади. Яхшиям борсан! Яхшиям ҳаётимга кириб келдинг!
Сени шу қадар севаманки, муҳаббатимнинг чегараси йўқ. Аллоҳ насиб қилса, бир умр бирга бўлишни, бирга умр кечиришни, яна бир неча ўғил қизларга ота-она бўлишни сўрайман! Гўзалим, таваллуд кунинг муборак!

Атрофдагилар яна қарсак чалишди. Сокин мусиқа янграй бошлади. Сардор Гўзални вальсга таклиф қилди. Икки севишган қалб бутун дунёни унутиб, рақс туша бошладилар.

Гўё, иккисидан бўлак ҳеч ким йўқдек, бир тану бир жон бўлгандек хиром айлашарди. Худдики, дарёда сузаётган икки оққушдек кўринишарди.

Ўтирганлар ҳавас билан боқишаркан, “Кўз тегмасин!” деб қўйишарди. Гулмира опанинг мужгонида ёш йилтиллади. “Қанийди, шу лаҳзаларни дадаси кўрса... “

Мусиқа тинди. Яна куй қўшиқлар бошланди.
Гўзалнинг боши айланди.

ДАВОМИ БОР

https://t.me/Saida_Aziz_Ijodi


#ГЎЗАЛ

Муаллиф: САИДА АЗИЗ

#139

Зиёфат кўнгилдагидек ўтаётган бир онда залда чироқлар ўчди.

Ўтирганлар саросимада бир-бирларига қарашди. Смартфонларнинг чироғини ёқа бошлашди.

Зал тўридаги монитор экрани ёқилди.

Экранда Миландаги кичик қаҳвахона сурати намоён бўлди. Экран ортидан овоз эшитила бошланди.

- Сизга бир эртак айтаман! Ўтган замонда тақдир тошларини кўтара олмаган бир йигит бўлган экан.

Экранда Сардорнинг чеҳраси намоён бўлди.

-У шу қадар ўзини ва Худони унутиб қўйган эканки, кўзи фақат ёмонликни кўраркан. Шайтоннинг найрангларига учар, аламини ёвузликдан оларкан. Ўтмишида қолган ёвузлик маликаси унинг қалби ўрнига тош солиб кетган бўлиб, шу тош сабаб у яхшилик қилишни билмай қолган, аламзада одамга айланиб яшаркан.

Лекин Худонинг унга раҳми келиб, кичик фаришта билан сийлабди.

Экранда Лайлонинг сиймоси пайдо бўлди. Ўтирганлар овоз чиқармай, экранга қараб туришарди.

-Аммо қалби тошга айланган йигит жажжи фариштанида ҳис қилмаскан. Кунларнинг бирида у шунчаки ўйнагани, шунчаки саёҳат қилгани Миланга борибди. У Буюк Аллоҳнинг унга атаб қўйган бебаҳо совғасидан бехабар экан. Миланда эса Оқ парини учратибди. Бироқ қалби ҳамон тошдан қутулмаган йигит Оқ парини жуда қаттиқ ранжитибди. Оқ пари йигитдан хафа бўлиб, йиғлабди. Лекин ҳеч нарса демай, кўздан ғойиб бўлибди. Оқ парини кўрган тош қалбли йигит негадир ўзида ўзгаришни сеза бошлабди. У парига қилган номаъқул ҳаракатидан уялибди. Агар Оқ парини яна кўрса, албатта, узр сўрашни қалбига тугиб қўйибди. Миландан қайтибди. Бутун ўй фикри ўша Оқ парида бўлиб қолибди. “Э, Худо қанийди, уни яна бир марта кўрсамда, узр сўрасам”, деб турган лаҳзаларида Оқ пари унинг жажжи фариштасини кўргани келибди.

Экранда Гўзалнинг сурати намоён бўлади. Сурат ортидан Гўзал ва Лайлонинг кулиб турган чеҳраси кўриниш беради.

ДАВОМИ БОР

https://t.me/Saida_Aziz_Ijodi


Video oldindan ko‘rish uchun mavjud emas
Telegram'da ko‘rish
#serial

“So’nggi imperator-
Sulton Abdulhamidxon”

270-qism


Video oldindan ko‘rish uchun mavjud emas
Telegram'da ko‘rish
#serial

“So’nggi imperator-
Sulton Abdulhamidxon”

269-qism


Video oldindan ko‘rish uchun mavjud emas
Telegram'da ko‘rish
#serial

“So’nggi imperator-
Sulton Abdulhamidxon”

268-qism


Video oldindan ko‘rish uchun mavjud emas
Telegram'da ko‘rish


#Paygambarlar_tarixi_A

8-DARS.

SOLIH ALAYHISSALOM.(2-QISM)

Bu har bir Musulmon bilishi kerak bo‘lgan tarixdir.


#Paygambarlar_tarixi_A

7-DARS.

SOLIH ALAYHISSALOM.

Bu har bir Musulmon bilishi kerak bo‘lgan tarixdir


#ГЎЗАЛ

Муаллиф: САИДА АЗИЗ


#138

Аэрапортдан чиқаркан, соат миллари кечки еттини кўрсатарди. Уйга боришдан аввал Дилдора Қобиловна билан кўришгиси келди. Негадир кўнгли шу аёл томон талпинди.

Таксига ўтираркан, уч ой аввалги воқеалар кўз ўнгида жонлангандек бўлди.

Гўзални оқ либосда кўрганида кўзлари қувнагани рост. Бир неча ойдан бери ҳаловатини ўғирлаган парирўй санам ва ниҳоят унинг маликасига айланади. Бу чиндан ҳам бахт! Гарчи Дилдора Қобиловнанинг “Гўзал сени севмайди. Лекин отаси учун сенга турмушга чиқади. У мажбур шунга!” деган гаплари бироз чўчитган бўлсада, аммо унинг оловдек ёнаётгани муҳаббати борлигига, бу севгининг тафти икковини иситишига ишонганди.

Гўзал йигитдан расман ва шаръан никоҳ тўй куни бўлишини илтимос қилгани учун уларнинг орасига ҳали никоҳ тушмаганди. Айни дақиқаларда тўй кортежи аввал ФҲДЁ бўлимига, кейин масжидга бориши белгиланганди. Нега Гўзал бундай таклифни билдирди? Балки унинг юраги сезгандир... сўнгги дақиқаларгача умидини узишни истамагандир, эҳтимол...

Бироқ Гўзалнинг нигоҳи қаратилган томонда Сардор ва Лайлони кўрган Одилбекнинг вужудида ноаниқлик пайдо бўлгани рост. Гарчи Гўзалга “Юринг”, деган бўлсада, аммо қизнинг руҳи, қалби, бор орзулари, истаклари ўша томонга талпинаётганини йигит сезиб улгурди. Гўзал чиндан ҳам мажбурият билан қадам ташлаётганини у пайқамай қолмади.

Лаҳзаларда икки фикр орасида талош бўлди йигитнинг ўйлари...
“Эътибор қилма, давом эт! Кўникади!” деди биринчи овоз.
“Наҳот, сезмаяпсан! Қалби, севгиси, ҳатто нигоҳлари у томонга талпиняпти... бешафқат бўлма!” деди иккинчи овоз.

Одилбекнинг қарор қабул қилиши бироз қийин эди. Бироқ Лайлонинг сўзлари... биринчи овозни ўчирди!

У Гўзал нафақат Сардорга, балки Лайлога ҳам керак эканини ўша сонияларда ҳис қилди. Ва...

Одилбек хўрсиниб қўйди. Телеграм орқали Дилдора Қобиловнага қўнғироқ қилди. Шовқин овоз эшитилди. Бироздан сўнг опадан хабар келди. “Мен ресторандаман!” “Қайси ресторан?” савол ёзди йигит. “Оқшом”...

Одилбек опани безовта қилиш фикридан қайтди. Ортга қайтмоқчи бўлди. Лекин негадир кўнгли ўша томонга судради. “Опага ҳам сюрприз қиламан. Бирров кўриниб, кейин қайтаман”, деган фикрда ҳайдовчига “Оқшом” ресторанига деб манзилни айтди.

***

Зиёфат кўнгилдагидек ўтаётган бир онда залда чироқлар ўчди.


ДАВОМИ ЭРТАГА

https://t.me/Saida_Aziz_Ijodi


#ГЎЗАЛ

Муаллиф: САИДА АЗИЗ

#137

Мана Гўзал унинг ёнида. Икки ойки ҳомиладорлиги боис қийналмоқда. Сардор унга энг тансиқ егуликларни улашгани сари, рафиқаси еганини қусиб ташлайди. “Еёлмайман”, дейди аранг кўзларини пирпиратиб. Эрнинг унга раҳми келади. Шифокорларга кўринишди. Ҳозирда бироз бўлсада яхши. Эру хотин тўй саёҳатига Миланга боришмоқчи эди. Августни кутиб туришганди. Лекин Гўзалнинг аҳволи самолётда учишга тайёр эмасди.

Гўзал аста кўзларини очди. Қаршисида ўзига тикилиб турган жуфтини кўрди. Жилмайди.
- Гўзалим, ўзимни... туғилган кунинг билан! – юзидан ўпди. Гўзал жилмайди.
- Раҳмат! Ухлаб қолдимми?
- Ухлайвер… фақат қийналмасанг бўлди!

Гўзал туриб, ўтирди. Токсикоз сабаб унинг ранги кетиб, озиб қолганди. Сардор аёлининг қўлларидан тутди. Туришига кўмаклашди.

-Мен ювиниб чиқай! - ҳаммом томон одимлади Гўзал. Ичкарига кираркан, сўлғин юзига бир назар ташлади.
- Она бўлиш шунчалар қийинми-я... – хаёлидан ўтказди.

***
Оқшом.

Ҳашамдор рестораннинг кичик зали. Бирин-кетин меҳмонлар кириб келишмоқда. Безатилган дастурхонда қуш сутидан бўлак барча егулик муҳайё қилинган.

Олчаранг либосда янада гўзаллашган Гўзал қайнонаси Гулчеҳра опа билан меҳмонларни қарши олмоқда. Аслида у бундай тантанани истамаганди. Кичикроқ даврада нишонлаш ҳам мумкин эди. Лекин Гулчеҳра опа қўймади. Қайнона шошилинч ўтган тўйда барча яқинларини таклиф қилолмагани боис, мана шу тадбирни ташкил қилганди. Сардор қамалганда унинг устидан кулганлар, ортидан гапирганлар кўриб қўйишсин: мана ўғлининг ҳаёти изига тушди! Минг шукрки, у соҳибжамол ва меҳридарё қизга уйланди.

Гулмира опа Асал билан бирга кириб келаркан, қизининг ҳолсизлигини пайқади. Гўзал онаси билан қучоқ очиб кўришди.
- Ҳалиям ўтиб кетмадими? – сўради онаизор қизининг киртайган кўзларига қараб. Гўзал бош чайқади. – Она бўлиш осонмасда, қизим... Сенга ҳомиладор бўлганимда, ўзим ҳам шундай бўлгандим... Уч ойликдан ўтиб ол... кейин ҳаммаси изига тушади.
- Хўп, - деди қиз.

Эшик ёнида Севинч билан Дилдора Қобиловнани кўрган қиз улар томонга шошилди. Соғинган экан, бағрига босиб кўришди.
- Севинч, кеча телефонда Дилдора опам яхши хабар айтдилар. Ростми? – сўради дугонасига сирли тикилиб. Севинч кўзларини ерга қаратди. Лабида табассум пайдо бўлди.
-Насиб, Гўзал... – унинг ўрнига раҳбари жавоб қайтарди.
Гўзал уларни ичкарига таклиф қилди.

***

Баъзан тақдирга тан берган бўламизу, лекин ўзимиздан қочамиз. Ўз хаёлларимиздан узоқлашишга, қалбимизнинг қаеридандир келаётган овозларни эшитмасликка уринамиз. Ўйлаймизки, узооқларга кетсак, ҳаммаси ўтиб кетади. Ҳаммаси якун топади. Биз ўзимизни ўнглаб оламиз!
Бироқ бироз тинган хаёллар ва овозларга жавоб беришимиз, ҳақиқатнинг кўзига тик қарай олишимиз керак!
“Югурганники эмас, буюрганники” деган гаплар билан ўзимизни овутган бўламиз. Лекин кўнгил қаърида “Биз ҳам югургандикку...” деган худбинона ўйлар бош кўтариб қолганда, жавоб учун атрофга аланглаб қоламиз.
Қочиш – бу, жавоб эмас!
Киши ҳар нарсадан қочиши мумкин: юртдан, муаммолардан, вазиятлардан... Аммо қалбингдан қоча оласанми? Икки кўксинг орасида борлигини эслатиб турувчи юрагингдан олислаб, қаергача борасан?

Одилбек самолётдан тушаркан, юртнинг байроғига кўзи тушди. Қалби бир энтикди. Ўз юртингнинг ҳавоси ҳам ёқимли бўлади. Совуғи ҳам, иссиғи ҳам бутун танингга хуш ёқади.

Одилбек отасига шу ҳафта орасида боришини айтганди. Бироқ бугунлигини маълум қилмаганди. Унинг нияти волидаси билан падарини кутилмаган совғадек хушнуд этиш эди.


ДАВОМИ БОР
https://t.me/Saida_Aziz_Ijodi


#ГЎЗАЛ

Муаллиф: САИДА АЗИЗ

#136

Бу хабардан карахт аҳволга тушган аёл қизга тикилди:
- Нима?! Қаердан билдинг?
- Севинч зўр расм чизади, биласиза... – аёл бош ирғади. – хонасида чизилган суратни топиб олдим. Одил аканинг сурати. Буни билиб яшаш эса... – чуқур хўрсинди қиз.
- Йўғе, шунчаки чизгандир... Гўзал, ҳаммаси жойида бўлади! Мана кўрасан, сен энг бахтли аёл бўласан! – деганча Дилдора Қобиловна уни бағрига босди.

Тўй куни Одилбекнинг мардлиги сабаб Гўзал унга бежиз “Дилдора опам сизга ким муносиблигини айтади”, демаган эди.

Тўй бўлди. Аммо Гўзалнинг ёнида Одилбек эмас, Сардор ўтирди.

Одилбек хорижлик ҳамкорларидан иш ўрганиш учун Германияга кетишга қарор қилди. Дилдора опага келиб қарорини маълум қилганида, аёл унга чиройли насиҳат қилганди.

- Атрофингга қара, Одилбек! Балки сен кўрмаётган юлдузлар бордир... Уларнинг шуъласини пайқамаётгандирсан! Гўзалнинг ишқи Сардорга тушибди. Лекин сенга ҳам Аллоҳ кимнингдир муҳаббатини атаган бўлса-чи...

Ўшанда Одилбек жавоб қилмади. Шунчаки кулиб қўя қолди. Аммо Германиядаги пайтида агентлик билан ҳам боғланиб турди. Унинг ишларини Севинч юритди.

Кунларнинг бирида эса, Одилбекнинг ўзи қўнғироқ қилиб, аёлдан Севинч ҳақида сўради.

Аёлнинг ўйлашича, бу сўрашнинг ортида нимадир “учқун” бор. Дилдора Қобиловна Севинчдан ўз тахминларини сўраганида, қиз кўзларини ерга қаратиб, жилмайди холос.

Демак, Одилбекнинг тақдир йўли Севинчники томон боғланади. Илоҳим, бахт йўли шу бўлсин!

***

Сардор Гўзалнинг ёнига кирди. Ширингина ухлаб ётишига қараб, ичидан шукроналик ҳиссини туйди. Қўли билан аста юзини силади. Рафиқаси уйғонмади.
Сардор киприклари юзларига соя тушириб турган жуфтига қараб, ўша кунни эслади. Бир баҳя... бир баҳя қолганди уни буткул йўқотишига. Оқ либосда турганини кўрганида, буткул умидини узганди. “Ҳаммаси тамом!” деб ўйлаганди. Ҳаётига нурдек кириб келган муҳаббатини қўлдан бой бераётгани нечоғлик алам қилмасин, жим туришга мажбур эди.

Не ажабки, қадарнинг ёзуғини ҳеч ким билмас экан. Кутилмаганда Лайлонинг қичқириғидан Гўзал ҳам, Сардор ҳам, Одилбек ҳам ўзини йўқотиб қўйишди. Миттигина қалби билан Лайло бўлиб турган вазиятни буткул ўзгартириб юбора олганди.

Лекин кутилмаганда Одилбекнинг муносабати барчани ҳайратга солди.

Ҳақиқий ислом фитратида вояга етган ўғил ўзининг нечоғлик бағрикенглигини яна бир бор исботлаб берганди.

Ўша куни ресторан тўрида Гўзал ва Сардор ўтиришди. Фозил ҳожи ҳам, Осудахон ҳам бу тўйга ҳеч қандай эътироз билдиришмади.
Воқеалар ривожи шу қадар ўзгардики, ҳеч ким нима бўлганини тўлиқ англолмай қолди, ҳатто.
“Аллоҳнинг буюргани бўлади! Биз ожиз бандалармиз! Демак, бу тўй сизнинг ўғлингиз учун аталган экан. Бахтли бўлсин” деди Фозил ҳожи Самад акага. Самад ака Фозил ҳожининг ҳам, Одилбекнинг ҳам мардлигига тан берди. Гарчи, барча харажатларнинг ўрнини қоплаб берган бўлсада, аммо гап фақат моддиятда бўлмаслигини ота ҳам тушуниб етганди.

ДАВОМИ БОР


https://t.me/Saida_Aziz_Ijodi


Video oldindan ko‘rish uchun mavjud emas
Telegram'da ko‘rish
#serial

“So’nggi imperator-
Sulton Abdulhamidxon”

267-qism


Video oldindan ko‘rish uchun mavjud emas
Telegram'da ko‘rish
#serial

“So’nggi imperator-
Sulton Abdulhamidxon”

266-qism


Video oldindan ko‘rish uchun mavjud emas
Telegram'da ko‘rish
#serial

“So’nggi imperator-
Sulton Abdulhamidxon”

265-qism

20 ta oxirgi post ko‘rsatilgan.