ШУМ БОЛА
Шундоқ деди, қуллуқ қилиб,
Гапни қўйиб жойига
Янги замон Шум боласи
Янги замон бойига:
«Қошингизга яна келдим,
Қулоқ солинг, бой ота,
Сидқи дилдан хизмат қилай,
Ишга олинг, бой ота.
Фазилатим кўпдир, яна
Айбимни ҳам айтганман.
Лекин энди янги замон,
Мен ёлғондан қайтганман.
Чунки энди ёлғонни ҳеч
Айбгина деб бўлмайди.
Алдаганни бало урмас,
Алданган ҳам ўлмайди.
Шарт эмас Шум бола бўлиш,
Ёлғон букун осондир.
Газет тўла, китоб тўла,
Мажлис тўла ёлғондир.
Иннайкейин демай туринг,
Қулоқ солинг, бой ота.
Сидқи дилдан хизмат этай,
Ишга олинг, бой ота.
Ўн кишилик меҳнат қилиб,
Парча нонга тўяман,
Бир айбим бор, фақат баъзан...
Рост гапириб қўяман».
Бой отанинг жаҳли чиқди,
Деди: – Кўнглим зормиди?
Ёлғонингга чидаб эдим,
Рост гапинг ҳам бормиди?
Йўқол, сени ишга олсам
Хонавайрон бўламан.
Ёлғонингдан омон қолдим,
Рост гапингдан ўламан!
Ғазаб билан ҳассасини
Қўлга олди бой ота.
Янги замон Шум боласин
Қувиб солди бой ота.
©
Эркин Воҳидов@Ahmad_Bayon