Musannif Adham


Kanal geosi va tili: O‘zbekiston, O‘zbekcha


Холисликка даъво қилмайман, аммо холис бўлишга ҳаракат қиламан.
Фикрларим, қарашларим умумқабул қилинган стандартларга тўғри келмаслиги, яъни, сизникидан фарқли бўлиши мумкин.

Связанные каналы  |  Похожие каналы

Kanal geosi va tili
O‘zbekiston, O‘zbekcha
Statistika
Postlar filtri


Муҳрим dan repost
Ҳукумат қарори билан ташкил этилган бир нодавлат (!) нотижорат ташкилот вакили айтибдики, “биз ҳали [дрондан] фойдаланиш маданиятига тўла тайёр эмасмиз, деган нуқтаи назардан келиб чиқиб ҳукумат [ўзбекистонликларнинг дронлардан эркин фойдаланувига] чекловларни киритган”. Эмишки, “масалан, биз ҳозир ҳаммага [дрондан фойдаланишга] рухсат бериб юборсак — бу қурилмалардан фойдаланиш маданияти ҳали биз тасаввур қилган даражада эмас — қўпол қилиб айтганда, одамлар бир-бирини уйида қилаётган ишларини ҳам дронлар орқали Фейсбук ёки бошқа тармоқларда эфирга қўйиб юбориши мумкин”.

Ҳа бу ўзбекистонликлар дронлардан ҳали тузук-қуруқ фойдаланиб кўрмаган бўлса, сиз маданиятлилар бутун ўзбекистонликларнинг дронлар масаласида маданиятсиз эканини қаердан била қолдинглар, деган қарши-савол берилибди, албатта. Ҳукумат қарори билан ташкил этилган ННТ вакили айтибдики, “Конституция билан белгиланган қонунчилик ташаббусига эга бўлган саккизта субъект бор, парламент ҳам ишлаб турибди. У ерда прогнозлаштириш, яъни олдиндан кўра билиш, деган масала ҳам бор. Масалан, касални даволагандан кўра, унинг олдини олган маъқул, деган принципдан келиб чиқиб, мана шу масалалар тартибга солинади”.

Оббо, шоввозлар-эй! Прогнозлаштиришни биларкан-ей булар, прогноз қилганда ҳам “касални даволагандан кўра унинг олдини олган маъқул” деб ҳаракат қиларкан-ей! Демак, ташқи қарз масаласида ҳам, бюджет тақчиллиги масаласида ҳам ва бошқа ҳар хил нозик масалаларда ҳам шундай “касалнинг олдини оладиган” прогнозлар қилиб қўйишгандир, хойнаҳой. Қойил, оббо, азаматлар-ей!

Лекин мен бизни яна бир бор маданиятсизга чиқаришганидан сал ранжидим. Эркин сайлов қилайлик дейилса – “одамларимиз ҳали тайёр эмас”, “шарқона” эмас, шу нормал демократия қилайлик энди дейилса – яна “одамларимиз ҳали тайёр эмас”, мана энди одамлар дронлардан бемалол фойдаланаверсин, ўрганиб тураверсин одамларимиз шу матоҳни ишлатишни ҳам, Худо сақласину, ахир бир кун фойдаси тегиб қолар дейилса – бу сафар ҳам “одамларимиз ҳали тайёр эмас”. Бу гаплар авваллари давлат амалдорлари томонидан айтиларди, энди нодавлат амалдорлар томонидан ҳам айтиляпти.

Бир нарсага ҳайрон қоламан-да – бу “касалнинг олдини олгучи” “маданиятли” давлат ва нодавлат амалдорлар қаердан келган? Ойдан тушганми ё Россиядан импорт қилинганми? Ҳаммаси ўзимизники, тоза маҳаллий “маҳсулот” шекилли? У ҳолда қандай қилиб “ҳеч қачон ҳеч нарсага тайёр бўлмаган” “маданиятсиз” ўзбекистонликлар орасидан бундай “маданиятли” амалдорлар чиққан?

Ҳеч шубҳа йўқки, ўзбекистонликлар демократияга ҳам, эркин сайловларга ҳам, шунингдек, дронлардан эркин фойдаланишга ҳам тайёр. Ўзбекистонликларни у ёки бу нарсага тайёр эмас деб у ёки бу чекловларни ёқлаётганларни, у ёки бу ислоҳотларни кечиктираётганлар – биринчидан, улар ўзбекистонликларни ёмон кўрса керак, иккинчидан эса, айнан улар ҳар қандай янгиликка, ислоҳотга тайёр эмас, айбни ўзбекистонликларга тўнкамасинлар.

PS. Нодавлат амалдорга раҳмат барибир, ҳукуматнинг дронлардан қўрқувига доир тахминий асосни овоз чиқариб айтиб бергани учун. Дрондан эркин фойдаланиш бошланса, ўзбекистонликлар бир-бирининг эмас, асосан гуруч ичидаги курмак бўлган порахўр, коррупционер амалдорларнинг уйлари, дала-ҳовлилари, ер-мулкларида бўлаётган ҳодисаларни тармоққа чиқаришни бошлайди. Худди Россияда Навальний жамоаси зиддиятли амалдорлар, бойларнинг тити-питини чиқариб ташлагани каби. Хавотир шундан.


Белда қувват, билакда куч бўлган вақтда оғизга не келса ҳам ўлимга яқинлашганда "Орқамдан кимдир дуо қилармикин? Жанозам ўқилармикин?" – деб ўйлаб қолса керак, кўпчилик. Балки, бундай эмасдир: шунчаки ўз қаричим билан баҳо бераётгандирман...

Ҳаётда шундай кишилар яшайдики, исми мусулмонча бўлса ҳам умри динга душманлик, мухолифлик, ҳақорат билан ўтади. Кошкийди, фақат мусулмонга қарши тиш қайраса, "Ислом ҳақ, анави мусулмон менга ёқмайди", деса... Афсуски, ҳаётда нимадандир аламзадалиги, муваффақиятсизлиги шахсларга эмас, бутун динга қаршиликка айланиб кетади.

Бундайлар диннинг қайсидир амалини бажармагани майли, ўша бажарувчиларни ҳам ёмон кўради, отарга ўқи, кўрарга кўзи бўлмайди. Бу энди шахсга эмас, бутун бошли динга душманлик. Ҳар ҳолда мен бошқача хулоса чиқара олмайман.

Ва бундайлар қанчалик буюк, такрорланмас ишлар қилган, кимгадир етакчи бўлган бўлса ҳам ортидан "Аллоҳ раҳматига олсин", дея олмайман. Албатта, Аллоҳнинг раҳмати кимга етиб, кимга етмаслигига мен масъул эмасман. Лекин ўзим билганларимга кўра иш тутишга ҳаққим бор.

Айтганча, 1988 йил кузда тузилган "Бирлик" халқ ҳаракати (қарийб сиёсий партия) асосчиларидан ва унинг ҳеч қачон ўзгармаган раҳбари Абдураҳим Пўлатов кеча кечқурун АҚШнинг Виржиния штатида 78 ёшда вафот этибди.


Асанов формати dan repost
Эрон—Исроил можароси ҳақида ёзганларни танқид қилиб қўйганимга энди ўзимам бу мавзуда ёзишга қўрқиб қолдим. Майли, бир таваккал қилай.

Хуллас, дўстлар, бу вазиятда уруш Эронгаям, Исроилгаям, АҚШгаям керакмас. Уруш фақат Нетаньяхуга керак, дейишяпти экспертлар. Лавозимда қолиш, судланмаслик учун. Аммо Эрон уруш бошласа, куч йўқотади, нозик режаларига путур етади.

АҚШ давлат котиби Энтони Блинкен 24 соат давомида Эронга тинимсиз сигнал юбориб, уруш келиб чиқишининг олдини олишга уринди. Эрон асли бу сигналларсиз ҳам урушдан максимал қочишга ҳаракат қилди, аммо сиёсий имиж, сайловчиларнинг босими деган нарсалар бор. Хоманаий кескин баёнотлар бериб, жавоб ҳужум уюштирилишини маълум қилди. Бу ҳужумлар дронлар паради билан якунланди: Исроилга зарар етмади, Эрон номига жавоб бериб қўйди.

2020 йилда Қосим Сулаймоний ўлдирилганида ҳам шунга ўхшаш ҳолат бўлганди: Эрон АҚШ базаларига ҳеч кимни ўлдирмайдиган ҳужумлар билан чекланганди. Ўтган сафар бўлганидай, бу сафар ҳам ҳужум олдиндан эълон қилинди, Исроил тайёргарлик кўриб олиши учун.

Яқин Шарқ бўйича аналитик марказларнинг ёзганларидан ҳозирча шунақа хулоса чиқяпти.

@AsanovEldar


Hamid Sodiq | Rasmiy kanal dan repost
Eron - Isroil osmonida mushakbozlik tadbirini o‘tkazdi.

@Hamid_Sodiq


Musannif Adham dan repost
Шаввол ойи рўзаси

Рамазон рўзасини тутиб бўлган киши ундан кейинги ой – Шавволдан олти кун рўза тутиши мустаҳаб.

عَنْ أَبِي أَيُّوبَ الْأَنْصَارِيِّ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ أَنَّهُ حَدَّثَهُ أَنَّ رَسُولَ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ مَنْ صَامَ رَمَضَانَ ثُمَّ أَتْبَعَهُ سِتًّا مِنْ شَوَّالٍ كَانَ كَصِيَامِ الدَّهْرِ

Абу Айюб Ал-Ансорий розияллоҳу анҳу айтадилар: "Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Кимки Рамазон рўзасини (тўлиқ) тутиб, кейин унга Шавволдан олти кунни эргаштирса (яъни, рўза тутса), худди бир йил рўза тутгандек бўлибди”, дедилар. Муслим (1164/2647), Абу Довуд (2433), Термизий (759), Ибн Можа (1716), Аҳмад (23592, 23615, 23620).

Ҳадисда зикр қилинган савобга эришишнинг шарти – Рамазон рўзасини тўлиқ тутиб, ундан кейин Шаввол рўзасига киришиш. Чунки Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам “Кейин унга Шавволдан олти кунни эргаштирса”, деб айтдилар. Бу эса олдин Рамазон рўзасини адо қилиб ёки ўтказиб юборган кунларининг қазосини тутиб бериб, ундан сўнг нафл рўза тутиш кераклигини билдиради.

Шайх Муҳаммад ибн Солиҳ Ал-Усаймин айтади: “Шаввол ойидаги рўзага ваъда қилинган савоб Рамазон рўзасига боғланган. Шунинг учун Рамазондаги қазоларни тутиб бермай туриб Шаввол рўзасини тутишга киришса, унинг ажрини олмайди. Чунки Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Ким Рамазон рўзасини тутиб, кейин унга Шавволдан олти кунни эргаштирса, худди йил бўйи рўза тутгандек бўлибди”, дедилар. Зиммасида Рамазоннинг қазоси бўлган одам токи уни ўтамас экан, “Рамазон рўзасини тутди”, дейилмайди”. “Фатовос-сиям”, 438-бет.

Лекин киши шаръий узр туфайли Шаввол ойини рўза тута олмай ўтказиб юборса, бу олти кунлик рўзани кейинги ой – Зулқаъдада тутиш орқали айни савобни олади, Инша Аллоҳ. Масалан, фарзанд кўрган аёл туғруқдан кейин энг кўпи қирқ кунгача нифос бўлади. Бу муддат давомида намоз ўқиш, рўза тутиш каби поклик талаб қилинадиган амалларни бажариш жоиз эмас. Шунинг учун нифос кўрган вақтида Шавволни ўтказиб юборган аёл унинг рўзасини Зулқаъдада тутиб бераверади. Бу ҳолати худди шундай бўлган бошқа аёлларга ҳам тегишли.

Аммо ҳеч қандай узрсиз Шаввол ойини рўза тутмай ўтказиб юборган киши уни кейинги ойда тутиб бергани билан бу савобни ололмайди.

Бу рўзани Шавволнинг исталган кунларида тутиб бериш мумкин. Уни кетма-кет олти кун тутса ҳам, бўлиб-бўлиб тутса ҳам бўлади. Бироқ қанча тез бу рўзани тутиб берса, шунча афзал бўлади. Чунки Исломда яхшиликларга шошилиш тарғиб қилинган ва мақталган:

فَاسْتَبِقُوا الْخَيْرَاتِ

“Бас, яхши ишларга шошилингиз!” (“Бақара” сураси, 148-оят).

Бу рўзани ойнинг бошида тутиб олмай, кечиктирилса, кутилмаган вазиятлар туфайли ўтказиб юбориш мумкин. Шунинг учун шофиийлар ва баъзи ҳанбалийлар “Ойнинг бошида тутиб олган маъқул”, дейишган. Лекин уни кечиктириб, ойнинг ўртаси ёки охирида тутса ҳам бўлади.

Имом Нававий роҳимаҳуллоҳ айтади: “Мазҳабимиз олимлари (яъни, шофиийлар): “Шавволнинг олти кунлик рўзасини ойнинг бошида, кетма-кет, бир-бирига улаб тутиш мустаҳаб. Агар уни бўлиб-бўлиб тутса ва ой охиригача кечиктирса ҳам жоиз”, деган. Чунки ҳадис умумий маънода бўлгани учун қандай қилмасин шу ажрни олади. Бу борада бизда ихтилоф йўқ. Имом Аҳмад ва Довуд Зоҳирий ҳам шундай деган”. “Ал-Мажмуу шарҳил муҳаззаб”.

Бизнинг ҳанафий мазҳабимизда ҳам ҳайитдан кейин, кетма-кет, улаб тутган афзал.

Ибн Ражаб Ҳанбалий роҳимаҳуллоҳ айтадилар: "Рамазон ойидан кейин рўза тутиб юришга одатланиш бу ой рўзаси қабул бўлгани аломатидир. Чунки Аллоҳ бандасининг бирон амалини қабул қилса, ундан кейин (бошқа) солиҳ амалларга йўллаб қўяди". "Латоифул-маориф", 221-бет.

Нафл рўзаларни тутиш тартиби Рамазон рўзасиники билан бир хил: (тақвим бўйича) тонг отганида саҳарлик қилиш тўхтатилиб, оғиз ёпилади, қуёш ботганидан кейин (шом намози вақти киргач) оғиз очилади.


Ассалому Алайкум ва Роҳматуллоҳи ва Барокатуҳу

Азиз диндошим, Рамазон Ҳайитингиз муборак бўлсин.

تَقَبَّلَ اللهُ مِنَّا وَمِنْكُمْ صَالِحَ الْأَعْمَالِ

“Тақоббалаллоҳу минна ва минкум солиҳал аъмаал” – “Аллоҳ бизу сиздан солиҳ амалларимизни қабул қилсин”.*

Ушбу муборак кунда Роббимиздан бутун дунёдаги мазлум биродарларимизга, хусусан, Исроил босқинига қарши мардонавор курашаётган Ғазо аҳлига нажот ва нусрат беришини сўрайман. Дуо билан бўлса ҳам қийналганларни эслаш, уларнинг ҳаққига яхшилик тилаш бу ҳақда умуман сўз очмасликдан яхшироқдир.

Аллоҳ барча мўмин-мусулмонларнинг умри ва ризқига барака берсин, доимо яхшиликлар устида бардавом этсин, охиримизни хайрли қилсин. Бизни дунёда ҳам, охиратда ҳам ютуққа эришган бандаларидан қилсин. Хурсандчиликларимиз давомий бўлсин.

#Ҳайит


Ҳайит билан ундан бир ёки икки кун олдин табриклаш мумкинми?

Ҳайит билан табриклаш мубоҳ амаллардан. Баъзи саҳобалар бир-бирини ҳайит билан табриклагани ривоят қилинган.

Ҳайит билан табриклаш аслида ҳайит намозидан кейин бўлади. Агар Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг саҳобаларига эргашиб шундай қилинса, яхши.

Ибн Қудома Ал-Мақдисий роҳимаҳуллоҳ айтади: "Али ибн Ақийл Аз-Зофрий ийд (ҳайит) билан табриклаш ҳақида бир қатор ҳадисларни ривоят қилган.

Шулардан бирида Муҳаммад ибн Зиёд Ал-Алҳоний шундай деган: "Мен Абу Умома Ал-Боҳилий ва бошқа саҳобалар розияллоҳу анҳум билан бирга эдим. Улар ийд намозидан қайтишганида бир-бирларига "Тақоббалаллоҳу минна ва минка" – “Аллоҳ биздан ва сиздан (яхши амалларимизни) қабул айласин", деб айтишарди".

Имом Аҳмад: "Абу Умоманинг ҳадисининг санади яхши", деб айтган". "Ал-Муғний", 2/130.

Аммо агар ҳайит намозидан олдин киши ўз дўстини, яқинларини у билан табрикласа, бунда ҳам муаммо йўқ, Инша Аллоҳ. Чунки ҳайит билан табриклаш ибодат эмас, одатий ишлардан бўлиб, бу масалада иш кенг – қайси йўлдан борилса ҳам хато бўлмайди, Инша Аллоҳ. Бунда одамларнинг орасида урф бўлган ҳолатга қаралади.

#фатво #Ҳайит_билан_табриклаш


Ҳайит намози фиқҳи

1. Рамазон ҳайитида намозгоҳга чиқишдан олдин бир неча дона (имкон қадар тоқ миқдорда) қуруқ хурмо (тамр) еб олиш мустаҳаб.

2. Ҳайит намозига ёш болалар, аёллар ва ҳайз кўрганларни ҳам олиб чиқиш мустаҳаб. Бунда ҳайз кўрган аёллар намозгоҳдан четроқда туриб, мусулмонларнинг дуоларига гувоҳ бўлиб, қўшилиб ("Амийн" деб) туришади.

3. Ҳайит намозидан олдин ҳам, кейин ҳам суннат намоз йўқ: намозгоҳга борган киши ҳеч қандай намоз ўқимай ўтириб, ҳайит намози бошланишини кутади. Шунингдек, ҳайит намозига азон ва иқомат (такбир) айтилмайди. Ундан олдин "Намоз жамловчидир" каби (ўзимизда "Соффан, соффан" деган) жумлаларни айтиш машруъ эмас – шариатда асоси йўқ амал. Имом сафларни текислашга буюриб, намозни бошлайверади.

4. Ҳайит намозида кеч қолиб келгани учун "такбири завоид" – қўшимча такбирларни ўтказиб юборган киши биринчи ракъатга етган (имом рукуъ қилишидан олдин намозга қўшилган) бўлса, ўтиб кетган такбирларни айтмайди.

5. Ҳайит намозининг биринчи ракъатига улгурмаган киши уни қазо қилиб ўқиётган вақтида такбири завоидни ҳам аслидагидек қилиб айтади.

6. Икки ҳайит намозида ҳам эркаклар намозга боргунча ва намозгоҳда намоз бошлангунча овозини кўтариб такбир айтиши суннат. Аммо жамоавий такбир айтиш машруъ эмас – шариатда асоси йўқ амал.


Ҳайит намози

Ҳукми: ҳайит намози суннати муаккада.

Вақти: қуёш чиққанидан тахминан 15-20 дақиқа ўтиб ўқилади.

Ўқиш жойи: ҳайит намозини ўқиш учун имкон қадар мусаллога – бинолардан холи бўлган очиқ майдонга (намозгоҳ) чиқилади.

Суннатлари: намозга чиқишдан олдин ғусл қилиш; баданга ва кийимларга хушбўйлик суриш; энг яхши кийимларни кийиш; намозга такбир айтиб, пиёда бориш; мусаллога бир йўл билан бориб, бошқаси билан қайтиш.

Ракъатлари сони: 2 ракъат; биринчи ракъатда намоз бошланишида (такбири таҳрима билан қўшганда) етти марта (ҳанафий мазҳабида такбири таҳрима билан қўшганда тўрт марта), иккинчи ракъатда рукуъга кетишдан аввал беш марта (ҳанафий мазҳабида уч марта) қўшимча такбир айтилади.

Қайси сура ўқилади: биринчи ракъатда "Аъло", иккинчи ракъатда эса "Ғошия" (Муслим, 878); ёки биринчи ракъатда "Қоф", иккинчи ракъатда "Қамар" сураларини (Муслим, 891) ўқиш суннат.


Ҳайит намози жорий қилинишининг баъзи ҳикматлари

Ислом шиорларини изҳор қилиш-барчага кўрсатиш
Чунки икки ҳайит намози диннинг энг улуғ шиорлари – аломатларидандир: одамлар бу икки намозда жумадагидан кўпроқ йиғилади.

Мусулмонларнинг куч-қуввати ва сони кўплигини кўрсатиш
Шунинг учун ҳайит намозига барча мусулмонлар, ҳатто ёш болалар, аёллар, балоғатга етган қизлар ва ҳайз кўрганлар ҳам чиқиши мустаҳаб.

Аллоҳ таолога берган неъматлари учун шукр қилиш
– Фитр (Рамазон) ҳайитида фарз рўзани охиригача тугатишни насиб этгани учун Аллоҳ таолога шукр қилинади;
– Қурбон ҳайитида фарз бўлган ҳаж ибодатини мукаммал қилиб тугатишни насиб этгани учун Аллоҳ таолога шукр қилинади.


Эртага Тошкентда соат 05:50 да қуёш чиқади. Шунга мувофиқ Рамазон Ҳайити намози Тошкент масжидларида қуёш чиқишидан 20 дақиқа ўтиб, соат 06:10 да ўқилади.

Эслатма: Бомдод намози ҳайит намозидан муҳимроқ! Бомдод Тошкент масжидларида эртага 05:00 – 05:15 атрофида (±5-10 дақиқа фарқи билан) ўқилади.


Musannif Adham dan repost
6. Ҳайит намозига бир йўлдан бориб, уйга бошқа йўлдан қайтиш.

عَنْ جَابِرِ بْنِ عَبْدِ اللهِ رَضِيَ اللهُ عَنْهُمَا، قَالَ: كَانَ النَّبِيُّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ إِذَا كَانَ يَوْمُ عِيدٍ خَالَفَ الطَّرِيقَ

Жобир ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинган ҳадис: “Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам Ҳайит куни (бориш ва келишда) йўлни бошқа-бошқа қилардилар”. Бухорий (986).

Бунинг ҳикмати ҳақида: “Қиёмат куни иккала йўл ҳам Аллоҳнинг олдида намозга борган киши фойдасига гувоҳлик бериши учун шундай қилдилар. Чунки Қиёмат куни ер ўз устида қилинган яхши ва ёмон ишлар ҳақида хабар беради”, дейилган.

Яна бошқа фикрларга кўра, “Иккала йўлда ҳам Ислом шиори – Ҳайит намозига чиқишни кўрсатиш”, “Аллоҳнинг зикрини зоҳир қилиш” кўзда тутилган.

#Ҳайит


Musannif Adham dan repost
Рамазон ҳайитида такбир айтиш ҳайит кечаси бошланиб, имом ҳайит намозини ўқиш учун келгунига қадар давом этади.

Қурбон ҳайитида эса такбир айтиш Зулҳижжанинг 1-кунидан бошланиб, ташриқ кунларининг охири – Зулҳижжанинг 13-куни қуёш ботгунигача давом этади.
Такбирнинг кўриниши:

عَنْ عَبْدِ اللهِ بْنِ مَسْعُودٍ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ، أنَّهُ كَانَ يُكَبِّرُ أيَّامَ التَّشْريقِ: اللهُ أَكْبَرُ اللهُ أَكْبَرُ، لَا إِلَهَ إِلَّا اللهُ وَاللهُ أَكْبَرُ، اللهُ أَكْبَرُ وَللهِ الْحَمْدُ.

“Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу ташриқ кунларида

اللهُ أَكْبَرُ اللهُ أَكْبَرُ، لَا إِلَهَ إِلَّا اللهُ وَاللهُ أَكْبَرُ، اللهُ أَكْبَرُ وَللهِ الْحَمْدُ

“Аллоҳу Акбар, Аллоҳу Акбар. Лаа илааҳа иллаллоҳу Валлоҳу Акбар. Аллоҳу Акбар ва лиллаҳил ҳамд” деб такбир айтар эди”. Ибн Абу Шайба, “Мусаннаф” (5651). Саҳиҳ санад билан ривоят қилинган асар.

4. Табриклаш.

Ҳайит кунининг одобларидан яна бири одамлар ўзаро бир-бирларини яхши сўзлар билан табриклашларидир. Бу ҳар қандай чиройли сўз билан бўлса кифоя. Масалан, “Аллоҳ сиздан ва биздан хайрли амалларимизни қабул қилсин”, “Ҳайит муборак бўлсин” ва шунга ўхшаш сўзларни ишлатиш мумкин.

عَنْ جُبَيْرِ بْنِ نُفَيْرٍ، قَالَ: كَانَ أَصْحَابُ رَسُولِ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ إِذَا الْتَقَوْا يَوْمَ الْعِيدِ يَقُولُ بَعْضُهُمْ لِبَعْضٍ: تَقَبَّلَ اللهُ مِنَّا وَمِنْكَ.

Тобеинлардан Жубайр ибн Нуфайр айтади: “Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг саҳобалари ҳайит куни учрашиб қолишса, бир-бирларига: “Тақоббалаллоҳу минна ва минкум” – “Аллоҳ биздан ва сизлардан яхши амалларимизни қабул айласин”, дейишарди”. Бу асарни Ҳофиз Ибн Ҳажар Ал-Асқалоний ривоят қилиб, “Санади ҳасан”, деб айтган. “Фатҳул-Борий”, Икки ҳайит китоби, “Ислом аҳли учун икки ҳайит суннатлари” боби, 951-ҳадис шарҳи.

5. Ҳайит учун безаниш, янги ва тоза кийимларни кийиш.

عَنْ عَبْدِ اللهِ بْنِ عُمَرَ رَضِيَ اللهُ عَنْهُمَا، قَالَ: أَخَذَ عُمَرُ جُبَّةً مِنْ إِسْتَبْرَقٍ تُبَاعُ فِي السُّوقِ فَأَخَذَهَا فَأَتَى بِهَا رَسُولَ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ فَقَالَ يَا رَسُولَ اللهِ ابْتَعْ هَذِهِ تَجَمَّلْ بِهَا لِلْعِيدِ وَالْوُفُودِ فَقَالَ لَهُ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ إِنَّمَا هَذِهِ لِبَاسُ مَنْ لا خَلاقَ لَهُ...

Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳумо айтади: “Умар розияллоҳу анҳу бозорда сотилаётган истиброқ (майин ипакли) жуббани (тўнга ўхшаш устки кийим) олиб келиб, Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга кўрсатди ва “Эй Росулуллоҳ, мана буни сотиб олинг. Ҳайитда ва (олдингизга қабилалардан) элчилар келганида шуни кийиб чиқасиз”, деди. Шунда Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Бу (охиратдан) насибаси йўқ одамнинг кийими”, дедилар...” Бухорий (948), Муслим (2068/5294).
Яъни, Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Умар розияллоҳу анҳунинг ҳайит куни янги ва тоза кийим кийиш ҳақидаги таклифини маъқулладилар. Кийимни сотиб олмаганларининг сабаби эса унинг ипакдан бўлганлиги эди. Чунки эркакларга ипак кийим кийиш ҳаром қилинган.

عَنْ جَابِرِ بْنِ عَبْدِ اللهِ رَضِيَ اللهُ عَنْهُمَا، قَالَ: كَانَ لِلنَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ جُبَّةٌ يَلْبَسُهَا لِلْعِيدَيْنِ وَيَوْمِ الْجُمُعَةِ.

Жобир ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳумо айтади: “Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг бир жуббалари (тўнга ўхшаш устки кийим) бўлиб, буни икки ҳайит ва жума кунлари кияр эдилар”. “Саҳиҳи Ибн Хузайма” (1765).

Имом Байҳақий саҳиҳ санад билан Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳумо ҳайит куни энг яхши кийимини кийганини ривоят қилган.

Демак, эркаклар шу куни энг яхши, тоза ва имкони бўлса янги кийим билан намозга чиқишлари керак.
Аёллар эса – агар ҳайит намозига чиқадиган бўлсалар – турли зийнатловчи воситаларни ишлатмасликлари, атир ва бошқа хушбўйликларни сурмасликлари лозим. Чунки аёллар бегона эркаклар олдида бу тарзда юришдан қайтарилган.

#Ҳайит


Musannif Adham dan repost
Ҳайит кунининг суннат ва одоблари

1. Намозга чиқишдан олдин ғусл қилиш (ювиниш).

عَنْ نَافِعٍ، قَالَ: أَنَّ عَبْدَ اللهِ بْنَ عُمَرَ كَانَ يَغْتَسِلُ يَوْمَ الْفِطْرِ قَبْلَ أَنْ يَغْدُوَ إِلَى الْمُصَلَّى.

Нофеъ айтади: “Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳумо Рамазон ҳайити куни намозгоҳга боришдан олдин ғусл қилар эди”. Молик, “Муватто” (438).

Имом Нававий роҳимаҳуллоҳ ҳайит намозига чиқишдан олдин ғусл қилиш мустаҳаблигига олимлар иттифоқ қилганини айтган.

“Мустаҳаб” деганда шуни тушуниш керакки, жума ва бошқа йиғинларда одам кўп тўплангани учун турли нохуш ҳидлардан холи бўлиб боришга, ғусл қилишга тарғиб этилади. Ҳайит намозида эса янада кўпроқ одам бир жойга йиғилиши бу ўринда ғуслнинг мустаҳаблигига кучлироқ асосдир.

2. Рамазон Ҳайитида намоздан олдин егулик еб олиш. Қурбон Ҳайитида эса намоз ўқиб бўлингунича ҳеч нарса ейилмайди.

عَنْ أَنَسِ بْنِ مَالِكٍ قَالَ كَانَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ لا يَغْدُو يَوْمَ الْفِطْرِ حَتَّى يَأْكُلَ تَمَرَاتٍ .. وَيَأْكُلُهُنَّ وِتْرًا

Анас ибн Молик розияллоҳу анҳунинг ҳадиси: “Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Рамазон ҳайити куни бир нечта хурмо емагунча (намозга) чиқмасдилар... Хурмони тоқ қилиб ер эдилар”. Бухорий (953).

Айни шу вақтда бирон нарса еб олишнинг сабаби – Рамазон тугаганлиги ва бу кунда рўза тутилмаслигини билдиришдир.

Ҳофиз Ибн Ҳажар роҳимаҳуллоҳ бу ҳолатни “Рамазон рўзаси кўпайиб кетишининг (ой тугаганидан кейин ҳам рўзани давом эттиришнинг) олдини олиш, рўзани очиш ҳақидаги Аллоҳнинг буйруғига тезроқ бўйсуниш” деб изоҳлаган. “Фатҳул-Борий”, 2-жилд, 446-бет.

Хурмо топмаган киши қандай егулик бўлса ҳам еб олаверади.

Қурбон Ҳайитида эса намозгача ҳеч нарса ейилмаслиги мустаҳабдир. Чунки бу куни қурбонлик қиладиган кишининг илк ейдиган таоми қурбонлигидан бўлиши афзал. Аммо қурбонлик қилмайдиган киши намозгача бирор нарса еб олса ҳам жоиз.

عَنْ بُرَيْدَةَ بْنِ الْحُصَيْبِ رَضِيَ اللهُ عَنهُ، قَالَ: كَانَ النَّبِيُّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ لَا يَخْرُجُ يَوْمَ الْفِطْرِ حَتَّى يَطْعَمَ وَلَا يَطْعَمُ يَوْمَ الْأَضْحَى حَتَّى يُصَلِّيَ.

Бурайда ибн Ҳусайб розияллоҳу анҳу ривоят қилади: “Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Фитр куни (Рамазон ҳайити)да таом емагунча (намозга) чиқмас, Адҳа куни (Қурбон ҳайити)да намоз ўқимагунча овқатланмас эдилар”. Термизий (542), Ибн Можа (1756). Шайх Муҳаммад Носируддин Албоний “Саҳиҳ ҳадис” деган.

3. Ҳайит кунида такбир айтиш.
Бу ҳайит кунларидаги улуғ суннатлардандир. Аллоҳ Таъоло айтганидек:

وَلِتُكْمِلُوا الْعِدَّةَ وَلِتُكَبِّرُوا اللهَ عَلَىٰ مَا هَدَاكُمْ وَلَعَلَّكُمْ تَشْكُرُونَ

“Бу саноқни тўлдиришингиз ва ҳидоят қилгани сабабли Аллоҳни улуғлашингиз учундир. Шояд шукр қилсангиз”. (“Бақара” сураси, 185-оят).

Валид ибн Муслим айтади: “Мен Авзоъий ва Молик ибн Анасдан ҳайит кунларида такбир айтиш ҳақида сўрадим. Улар: “Абдуллоҳ ибн Умар Рамазон ҳайити куни токи имом намоз ўқигани чиққунича такбир айтар эди”, деб жавоб беришди”.

Абу Абдурраҳмон Ас-Суламийдан саҳиҳ санад билан ривоят қилинган асарда у: “Саҳобалар Рамазон ҳайитида Қурбон ҳайитидан ҳам кўпроқ такбир айтишарди”, деган. “Ирвоул-ғалил”, 3-жилд, 122-бет.

Доруқутний ва бошқа муҳаддислар Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳумо икки ҳайит куни намозгоҳга боргунча ва намозгоҳга етиб боргач, имом намозни бошлагунча такбир айтишни тўхтатмаганини ривоят қилишган.

Ибн Абу Шайба саҳиҳ санад билан Имом Зуҳрийдан нақл қилади: “Ҳайит куни одамлар уйларидан чиқиб намозгоҳга боргунларича, кейин эса имом намозга чиққунича такбир айтишарди. Имом чиққанидан кейин такбирни тўхтатишар, такбири таҳримани айтиб намозни бошласа, унга эргашишар эди”. “Ирвоул-ғалил”, 3-жилд, 121-бет.

Айни ҳолат салафлар орасида шунчалик машҳур бўлганидан Ибн Абу Шайба, Абдурраззоқ ва Фирёбийлар ўзларининг “Мусаннаф”ларидаги “Икки ҳайит ҳукмлари” китобида бу борада кўпчиликдан нақл қилишган. Машҳур тобеин Нофеъ ибн Жубайр икки ҳайитда такбир айтар ва бундай қилмаганлардан ажабланиб “Такбир айтмайсизларми?” – дер эди.

Имом Зуҳрий: “Одамлар (ҳайит куни) уйларидан чиққанидан токи имом намозга келгунича такбир айтардилар”, деган.

#Ҳайит


Пешин вақти киргандан кейин сафар қилмоқчи бўлган одам уйида пешин билан асрни жамлаб (жамъи тақдим – аввалгисининг вақтида кейингисини ҳам қўшиб) ўқиши жоизми?

Сафарга чиқаётган одам ҳали юришни бошламаган экан, муқим бўлади. Шу билан бирга муқим киши бирон сабаб билан иккинчи намозни ўз вақтида ўқишига кўзи етмаса, биринчисининг вақтида иккинчисини ҳам жамлаб ўқиб олиши мумкин. Чунки жамлаб ўқиш муқимга ҳам, мусофирга ҳам мумкин. Аммо қаср қилиш фақат мусофирга мумкин.

Бунга далил:

عَنْ أَبِي الزُّبَيْرِ، عَنْ سَعِيدِ بْنِ جُبَيْرٍ، عَنِ ابْنِ عَبَّاسٍ، قَالَ: صَلَّى رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ الظُّهْرَ وَالْعَصْرَ جَمِيعًا بِالْمَدِينَة، فِي غَيْرِ خَوْفٍ، وَلَا سَفَرٍ.
قَالَ أَبُو الزُّبَيْرِ: فَسَأَلْتُ سَعِيدًا: لِمَ فَعَلَ ذَلِكَ؟ فَقَالَ: سَأَلْتُ ابْنَ عَبَّاسٍ كَمَا سَأَلْتَنِي، فَقَالَ: أَرَادَ أَنْ لَا يُحْرِجَ أَحَدًا مِنْ أُمَّتِهِ.

Абу Зубайр Саид ибн Жубайрдан, у Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилган ҳадис: "Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Мадинада – ҳеч қандай хавф (уруш хавфи) ҳам, сафарда ҳам бўлмаган ҳолатда пешин ва асрни жамлаб ўқидилар".

Абу Зубайр айтади: "Мен Саид ибн Жубайрдан "Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам нега бундай қилдилар (муқим ва урушда бўлмаган ҳолда икки намозни жамлаб ўқидилар)?" – деб сўрадим. У шундай деди: "Абдуллоҳ ибн Аббосдан худди сен мендан сўраганингдек (бунинг сабабини) сўраганимда "Умматларидан ҳеч кимга машаққат бўлмаслигини хоҳлаб шундай қилгандилар", деб жавоб берди". Муслим (705/1514).

Шунга кўра, сафарга чиқаётган киши пешин вақти кирганда ҳали уйида бўлса, унга асрни ҳам қўшиб, жамлаб ўқиши мумкин. Аммо иккаласини ҳам тўлиқ ўқийди, қаср қилмайди. Чунки ҳали сафарга чиққани йўқ.

Шайхулислом Ибн Таймийя роҳимаҳуллоҳ айтади: "Намозни қаср қилишнинг сабаби сафарга чиқишдир. Шунинг учун сафардан бошқа ҳолатда қаср жоиз бўлмайди. Намозни жамлашнинг сабаби эса шунга эҳтиёж бўлиши ва узрли ҳолатга тушишдир.

Шунга кўра, намозни жамлашга эҳтиёжи тушган киши узоқ сафарда ҳам, қисқа муддатли сафарда ҳам намозини жамлайверади. Худди шунингдек, ёмғир ёққанда, касаллик етганда ва бошқа узрли сабаблар топилганда ҳам намозни жамлаш мумкин бўлади. Чунки жамлашдан мақсад умматдан машаққатни кўтаришдир". "Мажмуул-фатово", 22/293.

#фатво #Намозни_жамлаб_ўқиш


Бугун, 2024 йил 8 апрел, душанба куни Саудия Арабистонидаги доимий равишда ой кузатиладиган Судайр ва Тумайр минтақаларида Шаввол ҳилоли кўринмади. Шу сабабли ҳижрий 1445 йилнинг Рамазони 30 кунлик бўлиб тугайди. Эртага бу йилги фарз рўзанинг охирги кунини тутамиз, Инша Аллоҳ.

Саудия Арабистони Олий Маҳкамаси ҳам бу ҳақда баёнот бериб, "бу йилги Рамазон ўттиз кун бўлиши"ни эълон қилди.

Аввалроқ Ўзбекистон Мусулмонлари Идораси бу йилги Рамазон ҳайити 2024 йил 10 апрел, чоршанба куни бўлиши кутилаётгани ҳақида хабар чиқарганди.

Индинга, 2024 йил 10 апрел, чоршанба куни дунёдаги аксар мусулмон ўлкалар ва мусулмонлар яшовчи юртларда Рамазон ҳайити нишонланади, Инша Аллоҳ.


Табук Саудия Арабистонидаги сўнгги ой кузатиш маркази. Бу ерда Макка вақти билан 18:56 (Тошкент вақти билан 20:56) да қуёш ботгунига қадар ойни кузатиш имкони бор.


Саудия Арабистони Олий Маҳкамасининг Шаввол ҳилолига тааллуқли расмий эълони мамлакатдаги сўнгги шаҳарда қуёш ботганидани кейин чиқади.


Саудия Арабистонидаги доимий равишда ой кузатилувчи Судайр минтақасида ҳам Шаввол ҳилоли кўринмади.

Яқин дақиқалар ичида Саудия Арабистони Олий Маҳкамаси ой кўриш масаласидаги ҳолатларни ўрганиб чиқиб, эртага Рамазоннинг 30-куни бўлиши ҳақида эълон қилиши кутиляпти.


Саудия Арабистонидаги доимий равишда ой кузатилувчи Тумайр минтақасида Шаввол ҳилоли кўринмади. Қолган минтақаларда ҳам шу ҳолат такрорланса, эртага Рамазоннинг 30-куни бўлади.

20 ta oxirgi post ko‘rsatilgan.