ФЕРГАНТРОП
Ўзбекистон археологларининг кўп йиллик қазишмалари натижасида Сўх воҳасининг шарқий қисмида жойлашган Селенғур ғорида тахминан 1,5 млн йил муқаддам яшаган қадимги одамлар ("Фергантроп") манзилгоҳи топилган.
"
ishonch.uz"дан
Эй, бир ярим милён йил олдин
Селенғурда кун кечирган зот,
тойдирганми сени ҳам ҳолдан
юрагингга от қўйган ҳаёт?
Бўлганмисан сен ҳам ошино
сирларига тун, моҳитобнинг,
нозларига чидагансан ё
аллақайси фергантропнинг?
Алқаганми сени ҳам кимдир,
сен кимнидир алқаганмисан?
Севиб туриб чиндан, барибир,
севмайман деб алдаганмисан?
Далли бўлиб,
ғорликлар аро
ошиқ-маъшуқ дейилганмисан,
берганмисан сўзингга оро,
севганмисан,
севилганмисан?
Ишонгансан кимгадир, ошнам,
балки, дўстлар ташлаб ҳам кетган,
балки, шундан кўзинг бўлиб нам,
ишончингга илк бор дарз кетган?
Ачингансан,
кимгадир ёки
бергандирсан тамасиз ёрдам?
Тикка қараб алдаган чоғи
қувгандирсан кимнидир ғордан?
Қор кўчган ё сел келган пайти
қўлтиқланиб-суялганмисан?
Овдан қуруқ қўл билан қайтиб
келганингда уялганмисан?
Ёлғизоёқ сўқмоқда ёлғиз
хаёл суриб кезмаганмисан?
Инграганда ғордошинг ожиз,
сезганмисан,
сезмаганмисан?
Варақланган, эҳтимол, қалбинг,
ўқувчиси танҳо китобдай;
тоза бўлган виждонинг, балки,
уйимдаги "фергантроп"дай...
Агар шундай яшаган бўлсанг,
гарчи бугун хоксан, туробсан,
сен ёввойи эмассан, билсанг,
сен одамсан —
фергантропсан!
Ё шунчаки кун кечириб тоқ,
қувонгансан кавшаганингга,
суягинг бор музейда,
бироқ
ишонмайман яшаганингга!
Эй, бир ярим милён йил олдин
Селенғурда нафас олган зот,
тойдирганми сени ҳам ҳолдан
юрагингга ўт қўйган ҳаёт?!
2023 йил 21 март, Дўрмон