МурувватОта онамдан 5 қиз етим қолдик.
Каттамиз 15 ёш энг кичигимиз 2 ёш. Бешта қиз бир кунда ҳам отадан ҳам онадан айрилиб чирқиллаб, катта ҳовлида ҳувуллаб қолдик. Қариндошларимиз вилоятда яшашарди, пойтахтда ўзимиз эдик, катта опам 4 та сингилни бағриларига босиб ҳеч кимга бермай, етимлар учун бериладиган нафақани авайлаб ишлатиб бизни катта қила бошладилар.
Сингилларнингни етимҳонага бер, катта қиберишади деганларам бўлди, иккита кичкина сингилларимизни фарзандликка сўраганлар ҳам бўлди. Опам кунмадилар. "Ота онамдан ёдгорларим, айрилмаймиз" деб биз учун тикувчилик қилиб, аста секин рўзғор тебрата бошладилар. Онанинг меҳрига зор бўлиб йиғласак, опам овутардилар, кечаси ҳаммамизни бағриларига босиб ухлатардилар.
Опам 17 га кирганда совчилар кела бошлади, опам уйга ҳам киргизмасдилар. Эрга тегмайман, сингилларимни катта қилишим керак, ўқитишим керак" деб жавоб берардилар. Бир куни ҳолам билан бир йигит уйимизга меҳмон бўлиб келишди, анча ўтириб гаплашишди опам билан, опам роса йиғлади. Биз хайронмиз.
Улар кетгандан кейин опам ҳолам совчи бўлиб келганларини айтдилар, йигит ҳам етим бўлиб, опамни дараклашган экан, ҳолам ҳам у йигит яхшилигини билганлари учун совчи булиб келишга рози бўлган эканлар. Хуллас, кичкина тўй бўлди. Поччам биз билан яшай бошладилар.
Ҳовлимизга файз кирди, деворлар хоналар оқланди, дарвозалар бўялди, ҳовлимизга дарахтлар экилиб ҳаммаёк ортиқча нарсадан тозаланди. Поччамдан аввалига хадиксирардик, тортинардик. Лекин Аллоҳим чевар экан, отамиз ўрнига ота бўлиб келди ҳаётимизга шу инсон.
Меҳрибонлиги, очиқкўнгиллиги билан ҳаммамизни меҳримизни қозондилар. Ишдан келсалар 4 та қиз дув этиб югурамиз, қўлларида биз учун доим қурт, сақич, конфет бўлади. Кичкина синглим 4 ёш, йиғласак овутиб, кўнглимизни кўтариб, хазиллашиб кўп кулдирар, ташвишимиз ҳам етимлигимиз хам эсимиздан чиқиб кетарди. Опам ишламас, 6 жонни еб ичиши шу 24 ёшли поччамнинг бўйнида эди, лекин бир марта миннат қилганларини, оберган нарсаларини гапирганларини эшитмаганман.
Бирин кетин опам фарзандли бўлдилар, иккита ўғил жиянларим туғилди. Лекин поччамнинг меҳри бизга бўлинмади, аввалгидек меҳрибон ғамхўр эдилар. Кийим кечагимиз, касал бўлсак дори дармонимиз, мактаб харажатлари ҳаммаси шу Фозил поччамизнинг буйниларида эди. Бешта етимнинг кўнглига қарадилар, опамни бирор марта хафа қилмадилар, бизни ўқитиб, хунарли қилиб, ота бўлиб ўзлари яхши жойларга узаттилар.
Тўртта қизни сепи ва тўйи бировлардан кам бўлмади. Ота бўлиб дуо қилиб, пешонамиздан ўпиб куёв қўлига топширдилар ҳаммамизни. Қизлик уйимизга меҳмон бўлиб келсак, ўчоқларда ош қилиб кутиб олардилар, ховлимизда пишган узум, анжир, гилосларни шу қизларни ҳаққи деб челак челак илиниб олиб келардилар.
Бирор марта бизни чертмадилар, кўнгилмизни оғритмадилар. Ҳозир ҳаммамиз оилали, ишли, уй жойликмиз. Ўзимиздан тиндик. Бошимизни силаган, етимлигимизни билдирмаган поччам 63 ёшида, хожи ота мақомида дунёдан ўтдилар. Бешта қиз дод солиб йиғладик, дуо қилдик, ҳақларига ҳар куни тиловатдамиз.
Ўзларидан кейин 4 фарзанд, 12 та невара, катта жаннатдек ҳовли қолди.... Ҳозир пули кўпайса маишат қилиб, хотин устига хотин олиб, ўз фарзандларига зулм қилаётганларни кўрсам, кўз олдимга меҳрибон поччам келадилар. Бешта етим қизни бошини силаган, ўқитиб, хунарли қилиб узатган поччамни эслайман.
Шундай инсонлар кўпайсин.
Севимли шоирамиз Марҳабо Каримованинг хотираларидан
©
konspektor@Husni_Xulqim🕊