Баъзан шундай ходисалар борки, улар фақат Америкада содир бўлиши мумкин, деб ҳисоблайман.
Ўтган куни жияним Беҳзодни ва унинг оиласини кўргани Мэдисонга боргандим, кеча эса эрталаб Калифорнияга йўл олдик. Эрта тонг, соат 5:00 да аэропортга олиб бориб қўйиш учун Uber ёлладик.
Йўлда такси ҳайдовчимиз жуда ёқимли классик мусиқа қўйиб кетаётганди. Шу мусиқа орқали суҳбатимиз бошланиб кетди. Ишонасизларми, хайдовчимиз катта симфоник оркестр дирижери бўлиб чиқди. Унинг исми Фил Скейлз экан. Таксистларнинг “эртакларини” эшитаверган ўзбеклар, тезда исмини гуглда текширдик ва аниқланишича, ютюбда унинг бошчилигидаги 75та ҳар хил чолғуда чаладиган катта оркестр видеолари ҳам бор экан.
Ўзи 72 ёшга тўлган Фил мана 40 йилдирки эрта тонг 4да уйғониб мусиқа басталаш ва машқ қилиб ўрганган, энди эса нафақага чиқиб, эрталаб эрмак учун Uber такси ҳайдар экан.
Аэропортга бирор 40 минут бўлгани учун анча гаплашиб кетдик ва хатто дўстлашиб қолдик, у Америка жанубида ирқий бўлинган жамиятда улғайган ёшлиги, тиришқоқлиги орқали эришган ютуқлари ва ҳаёт тажрибаси ҳақида гапириб берди.
Ҳар қандай мушкул шароитда муваффақият омиллари одамнинг ўзига, унинг дунёқараши, очиқ ва соф кўнгиллигига ҳам жуда боғлиқлигига яна бир бор ишонч ҳосил қилдим.
“Ирқий сегрегация авж олган жамиятда қора бўлганлигим менга ёрдам берди. Орзуларимга эришиш учун мен ҳаммадан кўп ўз устимда ишлашим, кўпроқ машқ қилишим, ва доим, ҳа доимо онгимни ижобий талқинда ушлашга (positive mental attitude) ҳаракат қилдим. Сабаби, бирор зулм остида турган инсон учун энг осон ва энг ҳавфли жиҳати бу ўз муаммоларида жамият ва атроф мухитни айблаб, ўзининг келажаги учун курашда таслим бўлишдир” деб якунлади Фил.
Сафаримиз якунида чемоданларни багаждан туширишга ёрдам берар экан, менга ўзи ёзган “Улар мени мистер Скейлз дейишарди” (They called me mr. Scales) автобиографик китобини дастхат ёзиб, ҳадия қилди.
Мен учун тонгдаги бу сафарим жуда таъсирли мотивация бўлди.
https://youtu.be/-uOGwbVTIpE?si=RW3xyBLTBJIirZ6G