НЕЬМАТНИНГ ҚАДРИ:
Бағдодда катта меросга эга бир одам бор эди. Қисқа вақтда бойлигини елга совурди; йўқсил бўлиб қолди. Зеро, бойликни ҳеч заҳмат-машаққатсиз қўлга киритган эди.
Танг аҳволда қолгач, қўл очиб, Аллоҳ таолога ёлвора бошлади. Бир неча кун дуо-илтижолар қилди. Ниҳоят, бир оқшом тушида: “Мисрга боришинг керак, у ерда катта бир хазинага эга бўласан”, дейилди. Одам уйғонгач, вақтни ўтказмай, Миср йўлига тушди. Узоқ сафар уни қийнаб қўйди. Оч, ташна, чарчаган эди. Бир неча кун паришон Миср кўчаларида тентираб юрди. На бир бурда нон топди, на хазинанинг изини. Ниҳоят, тиланчилик қилишга мажбур бўлди. Уялганидан кечаси тиланарди. Ўша кунлари Қоҳирада ўғрилар кўпайиб қолишган эди. Миршаб уни тутиб олди, ўғри деб ўйлаб, роса калтаклади. Шунда уқувчиз тиланчи бечора йўқсил: “Илтимос, урма. Мен ўғри эмасман. Сенга ҳақиқатни айтаман!” деб фарёд солди.
– Қани айт-чи, ярим кечада нима қиляпсан? – деди миршаб. – Балки бегонадирсан. Аммо ёлғон гапира кўрма, менга тўғрисини айт!
Одам қасам ичиб, бошидан ўтган воқеаларни айта бошлади:
– Мен на ўғри, на киссавурман, бир ғариб бағдодликман, – дея кўрган тушини ва хазина қидираётганини айтди.
Миршаб унинг гапларига ишонди ва:
– Ҳой, сен қандай ақлсиз одамсан, бир тушга ишониб, хаёлга берилиб, шу ерларга келдингми? Мен неча йилдир, Бағдодда, фалон маҳалланинг фалон кўчасидаги фалон уйнинг фалон жойида бир хазина яширинганини тушимда кўраман. Шунга ишониб бўларканми? Қани, тезроқ бу ердан туёғингни шиқиллат-чи. Йўқса, қўлимдан қутулолмайсан, – деб бақирди.
Бу гапларни эшитган одамнинг севинчи ичига сиғмасди. Чунки, миршаб айтган жой Бағдоддаги ўзининг уйи эди. Шоша-пиша Бағдодга йўл олди.
Аслида хазина бир мажоздир, эришилмоқчи бўлган нарса ишқ, илоҳий хазинасидир. Бу асл хазина ўзимизда.
Ҳикоятда англатилгани каби баъзан жуда яқиндаги неъмат ва имкониятларга қанча кўп заҳмат ва қийинчиликлардан сўнггина эришилади.
https://t.me/Goyiberonlar