Социализм, коммунизм, капитализм, МАЖЛИСИЗМ...
Кеча кечқурун майнавиятчимиз СМС жўнатди: "Эртага эрталаб соат 5.30 да туман марказига протоколный формада етиб боринг. Мажлис бўлади. Давомида бир дунё вазифа. Фалончи қарор, писмадончи буйруқ, тадбирлар режаси ва ҳоказоларни билишингиз керак. Сиздан сўралади"
Эрталаб соат 4.00 да қўшним Аросат бойнинг қўлига 50 минг бериб, машинасида туман марказига олиб боришни илтимос қилдим.
Туман марказига роппа роса 5.00 да етиб бордим. Хали хўрозлар ҳам уйғонмаган. Бўлим олдида менга ўхшаган 20 чоғли ўқитувчилар. Қоравулни аранг уйғотдик. Қоравул норози кайфиятда тўнғиллади: "Йиғилиш 7.30 га айтилган. Вилоятда бўлади. Ўқитувчи халқи шундай бўлади-шошма шошар..."
Айб иш қилган болачалардек ерга қараб туравердик...
Кейин билсак, бошқарма бошлиғи йиғилишни соат 10.00 га белгилаган экан. Ўринбосари ҳар эхтимолга қарши секретарига 9.30 деб тайинлаган. Секретари бўлим бошлиқларига 9.00 деб эълон қилган. Бўлим бошлиқлари методистларга 8.30 дейишган. Методистлар туманларга 8.00 деб айтишган. Тумандаги бошлиқлар директорларга 7.00 дейишган. Директорлар маънавиятчиларга 6.00 да дейишган. Майнавиятчимиз бизга 5.30 деб ҳабар берган.
Шундай қилиб вилоятга соат 8 бўлмасдан етиб келдик. Шаҳар уйғонишига яна бир оз бор... Шаҳарликларга ҳам мазза.
Соат 10.00 да бошланиши белгиланган йиғилиш 12.00 да ҳам бошланмади. Бошқарма бошлиғи "Тепада" ушланиб қолибди.
Қисқаси мажлис 13.00 да бошланди. Йиғилиш иштирокчиларининг аксарияти уйқусираб, эснаб ўтиришибди. Мажлисда нима дейилди, нима учун қўл кўтариб туширдик, нима учун қарсак чалдик ... эслай олмайман. Қорин ўлгудай оч.
3 соат давом этган мажлис "кўтаринки" кайфиятда тугади.
Мажлисда иштирок этганларни эринмасдан 5 марта санаб чиқдим.
300 нафар ўқитувчи, ҳар бирининг бир кунда 6 соатдан дарси ўтилмади. Жаъми 1800 соат дарс барбод бўлди.
Бу битта синфнинг салкам 2 йиллик дарси ўтилмай қолди дегани.
P.S. Чумолиларга яхшилаб разм солиб битта ҳақиқатга гувоҳ бўлдим. Чумолилар умуман мажлис қилишмас экан. Лекин тартиб, интизом юксак даражада.
"Энг онгли мавжудот - инсон"- деган фикрга шубҳам ортиб боряпти.
https://t.me/qishloqlikmuallim