#Манзиллар
Бугун шом намозидан чиқиб келаётганимда: "Дадамнинг юраклари ёмон, даволанишлари керак. Яхшилар ёрдам қилинг!", деб мунгли овозда садақа сўраётган ўсмирга кўзим тушди. Ўзимнинг ҳаёлларим билан чиқиб, машинамга ўтирдим. Бироз вақтим борлиги учун машинада ўтириб таржима қилаётгандим, мендан бир метр наридан келаётган шовқин эътиборимни тортди. Ласеттининг эгаси садақа сўраётган ўша йигит ва яна иккита аёлни олдига чақириб гапираётганди:
"Ука, мана бу пулни олгинда, бориб ишлагин. Бошқа тиланма" деб, чамамда бир ўрам беш минг сўмлик берди. Қўлида боласи бор аёлга ҳам минг сўмлик боғламни бериб, жўнатиб юборди. Иккинчиси етмишлардан ўтган татар аёл бўлиб (исмини ҳам эшитдим), ўзининг айтишича, масжид ёнидаги уйнинг саккизинчи қаватида ёлғиз яшаркан. Йигит унгаям бир боғлам пул бериб: "Онахон, ман ҳам шу маҳаллада тураман. Ҳолингизни билмаган эканман. Энди ҳечам бу ерга чиқманг, ўзим ҳар хафта олдингизга кириб тураман. Бугун чоршанба бўлса, энди жума куни кираман" - деб, гап орасида бояги тиланчи йигитнинг отаси ҳақиқатда ҳам юрак шикояти билан шифохонада эканини, телефон қилиб ҳаммасини аниқлаганини айтиб ўтди.
Ўзим хоҳламасамда гувоҳ бўлган мазкур воқеадан ичим тўлиб кетиб роса йиғладим. Лекин нега йиғлаганимни ўзим ҳам билмайман..
Ҳалиям шундай яхшилар борлигидан тўлқинланибми..
Муаззам динимиз шундай буюк инсонларни тарбиялай оладиган дин бўлгани учунми..
Инсонлар ўртасида эзгулик ғояларини тарғиб этадиган Ислом - террористлар етиштирадиган дин, дея золимона талқин қилинаверишидан ўкинчми..
Билмадим, йиғим сабабини билмадим..
(C) М.А 18.03.2015
👉
@Ochildi_Domla_Muxlislari