ГЕМАНГИОМА – қон томирларининг яхши сифатли ўсма касаллиги хисобланиб, бир қатор холатларда жараёнга қўшни тўқималар: мускул ёки нерв тўқимаси, тери ости ёғ клетчаткаси ёки жигар хужайралари қўшилиши билан кечади. Эслатиб ўтамиз, гемангиома фаол ўсиш даврида кескин катталашишига қарамай ёмон сифатли ўсма эмас.Гем
ангиомани жойлашуви
Кўп холатларда (айниқса болаларда) гемангиома тери устида: юзда ёки бўйинда жойлашади. Бу холатларда капиллярлар ўсмаси хақида гапирилади. Бу ўсмалар туғма доғ, кичикроқ хол, йирик ўлчамдаги пушти ёки қизил рангдаги теридан сезиларли даражада бўртиб турувчи ўсмасимон хосилалар кўринишини олиши мумкин. Тери гемангиомалари хеч қандай оғриқ синдроми бермайди, балки кўпроқ косметик ноқулайликлар туғдириши мумкин. Тери остида жойлашадиган чуқур гемангиомаларни аниқлаш қийин хисобланади. Улар кўкимтир рангда бўлиб, лат ейишдан кейин қолган асоратни эслатади.
Гемангиомаларни туғма хол ва кандиллома (сўгал) билан қиёсий ташхисланади. Гемангиоманинг асосий хусусияти фаол даврида тез ўсиши хисобланади. Бошқа ўсмалардан фарқли равишда гемангиома ёмон сифатли турга ўтмайди. Энг мураккаб холат – бу ички аъзолар гемангиомаси хисобланади.
Ички аъзолар гемангиомаси ичида энг кўпи – жигар гемангимаси хисобланиб, камроқ, мускулларда ва суяк тўқимасида жойлашиши мумкин. Ички аъзолар гемангиомаси йиллар давомида симптомларсиз кечади ва тасодифий тиббий кўрикларда аниқланиши мумкин.
Гемангиома сабаблари
Гемангиома сабаблари етарлича ўрганилмаган. Ирсият, турли касалликлар (гепатит), ташқи омиллар (қуёш нурида узоқ юриш) хам гемангиомани келтириб чиқариши мумкинлиги аниқланган. Гемангиома туғма хам, катта ёшдаги одамда бирламчи хам бўлиши мумкин.
Гемангиомани даволаш
Гемангиомалар тўлиқ ўсиш ва ривожланиш цикли билан фарқланади, яъни пайдо бўлиши, ўсиши ва мустақил йўқолиши хам мумкин. Муаммо шундаки гемангиомаларнинг йўқолиш даври узоққа (хатто йилларга) чўзилиши мумкин. Агар ўсма нормал хаёт фаолиятига халақит берса ва ёки косметик жихатдан дефект кўринишини олса – гемангиомани жаррохлик усулида даволаш хақида ўйлаб кўриш мумкин. Хозирда бунинг кам травматик ва эффектив усуллари мавжуд.
Гемангиомани даволашнинг замонавий технологик усуллари хам мавжуд. Энг эффектив усул – зарарланган қон томирларни лазер билан коагуляция қилиш хисобланади. Хозирда тери усти гемангиомаларини жаррохлик йўли билан олиб ташлаш деярли қўлланилмаяпти. Лазер тезроқ таъсир этади, рецидив (қайталаниш) хавфини камайтиради, чандиқлар қолдирмайди.
Болалардаги гемангиомаларни даволашга алохида эътибор қаратилади. 5-10 ёшга келиб бундай хосилалар мустақил йўқолиши мумкин. Шу сабабли даволаш катта ўлчамли гемангиомаларда ва ички аъзолар фаолиятига салбий таъсир этганда қўлланади. Ички аъзолар гемангиомасида жаррохлик усулидан резекция қўлланилади. Жигар ёки йирик қон томирлар гемангиомаси қон оқимига халақит бериши мумкинлигини хисобга олиб, ташрихга кўрсатма бўлиши мумкин.
Қандай хатар мавжуд?
Гемангиомалар аслида хавфсиз хисобланади: улар метастаз бермайди, хужайралар хотирасига рак каби ўзгартирувчи таъсир этмайди.
Яқинларга улашинг:
@Doctor_Azizov