Карантин вақтида интернет орқали қонуний пул топиш ҳақида
Халқ таълими вазири
Шерзод Шерматов интернет орқали пул топиш ҳақида фикрлари билан
ўртоқлашди:
«Ҳозирги вақтда кўпчилик уйда эканини инобатга олиб, уйидан туриб интернет орқали пул топишни ўрганиш жуда муҳим. Кўпчиликка бу жуда қийиндек кўриниши мумкин.
Лекин, интернет орқали пул топиш мумкин бўлган платформалардан бири upwork.com га кириб кўрсам, ушбу платформа орқали
Ўзбекистонда яшаб 10 минг доллар ва ундан юқори бўлган суммани шу вақтгача топган инсонлар анчагина экан.
Улар нафақат Тошкентда, балки республикамизнинг турли ҳудудларида яшаб, ҳозирги кунда бемалол уйидан туриб, чет элга ўз хизматларини кўрсатмоқдалар. Мана, уларни баъзиларининг шу вақтгача ақлий меҳнати орқали қанча маблағ ишлаганини профилларидан кўчирмаларда кўришингиз мумкин.
Иш йўналишларини таҳлил қилинса, яхши даромад топадиганлар албатта АКТ соҳаси мутахассислари эканлиги кўринади. Лекин шу билан бирга дизайнерлар, таржимонлар, иқтисодий таҳлилчилар каби қатор мутахассислар Ўзбекистонда яшаб, интернет орқали ўз хизматларини экспорт қилаётганлигини кузатиш мумкин.
Бу платформа албатта инглиз тилидан ташқари бирон соҳада юқори малаканиям талаб қилади, лекин ундан бошқа камроқ малака талаб қиладиган (шунингдек камроқ даромад топадиган) платформалар ҳам анчагина, масалан www.mturk.com www.clickworker.com ва бошқалар орқали юқори малака талаб қилмайдиган содда ишларни бажариб қўшимча даромад олиш мумкин», дейди Шерзод Шерматов.
Шундан сўнг Халқ таълими вазири upwork.com тизимида пул топиш тажрибасига эга инсонлар учун онлайн дарс сифатида видеоролик тайёрлашга
буюртма эълон қилди. Яъни шу тизимдан қандай пул топаётганини тушунтириб, видео тайёрлагани учун пул тўлашини маълум қилди.
Эртаси куни Шерзод Шерматов яна битта
пост қолдирди ва upwork орқали 2 нафар юртдошимиз билан видеодарс тайёрлаш бўйича
онлайн шартнома тузганини маълум қилди (расми пастда).
«Яқин кунларда видеодарс тайёр бўлса, бошқа ёшларимиз учун ҳам онлайн иш топишга ёрдами тегади деб умид қиламиз», - дейди вазир.
Ҳозирги кунда битта шу upwork.com ни ўзида
200 дан ортиқ одам Ўзбекистонда яшаб, интернет орқали даромад олган экан. 400 дан ортиғи яна рўйхатдан ўтган, лекин энди даромад олади.
Вазирнинг таъкидлашича, ушбу мавзу кўтарилгандан сўнг кўпгина онлайн даромад топаётган мутахассислар ҳам яхши таклифлар билдиришган, ўз тажрибаси билан ўртоқлашишга ҳаракат қилган. Шу билан бирга, фақат муаммолар борлигини айтиб, ўзи ҳам ҳаракат қилмай, бошқаларни ҳам шаштидан қайтаришга ҳаракат қилаётганлар ҳам анча эканини таъкидлаган.
Жумладан, у шундай дейди:
«Ҳа албатта, қилиниши керак бўлган ишлар жуда кўп. Жумладан, PayPal каби тўлов тизимлари Ўзбекистонни ўзини рўйхатига қўшиши зарурлиги анчадан бери муҳокама қилинмоқда ва бу бўйича тегишли вазирлик ва идораларга ҳам қатор топшириқлар берилгани
lex.uz да оддий қидирувдаям кўринади.
Шунингдек, солиқ тўлаш керак бўлиб қолади деб ўз фаолиятини кўрсатмасликка ҳаракат қилаётганлар ҳам орамизда талайгина экан.
Бу эса ачинарли ҳолат.
Меҳнат ёшидаги аҳолининг ярмидан кўпи солиқ тўламаслигини биламиз. Лекин ўйлаб қаралса, барчасининг фарзанди мактабга боради, докторга мурожаат қилади. Майли, бу алоҳида мавзу, бу бўйича алоҳида ёзиш керак.
Узоқ ҳудудлардаги
интернет ва электр муаммолари албатта вақти билан ўз ечимини топади деб умид қиламиз. Лекин эътибор берсангиз, ҳозир биз билан бирга 2 та upwork орқали видеодарс тайёрлашга киришган мутахассислардан бири
Андижон вилоятида, иккинчиси
Бухоро вилоятида яшаб, интернет орқали шу пайтгача
10 минг доллардан кўп даромад топа олишган.
Шундай экан, келинг, биргаликда вақтимизни баҳона топишга эмас, балки имконимиз борича яхши ният қилиб, интернет орқали ёшларимизга қўшимча даромад топиш йўлларини ўргатишга ишлатсак», - деган Халқ таълими вазири.
Сизнинг ҳам онлайн пул топишда тажрибангиз бўлса, изоҳларда ёзиб қолдиришингиз мумкин.
👉
@xushnudbek 👈