⚡️⚡️⚡️
Фарзанди битирувчи синфга ўтганда оёғи куйган товуқдай югуриб, репетиторга бериб, пул ва вақт сарфлаб,
йўқ нарсадан бор яратишга уринаётган ота-оналарга ачинаман, ҳам қилмишларидан азбаройи фиғоним фалак бўлади.
Ҳурматли ота-оналар, деб жар солгим келади. Фарзандингизни дунёга келтирдингиз, тарбия қилдингиз, улғайтириб ўстирдингиз, сизга беҳад ташаккур, шу ерига ҳеч бўлмаганида ўзидан бир оғиз сўранг келажакда ўзи ким бўлмоқчи экан!
Ўзи нимага қизиқади, қандай фанларни ўзига қизиқиш деб билади, нимадан роҳат олади, нима унга завқ беради сўранг!
Елкасидан олиб, дарсга бормаса юзини деворга ишқаб, тарсаки тушириб, зўрлик билан уни бошқариб, камига ҳадеб фарзандим дарсга келдими телефон қилиб, тергаб, орқасидан пойлаб, ҳар қадамини санашни бас қилинг!
Фарзандингиз сиздан алоҳида шахс, у инсон, сизнинг ушалмаган орзуларингиз қули ёки чўриси эмас!Сиз ёшлигингизда доктор бўлаолмаган бўлсангиз, у доктор бўлиб сизни орзуйингизни ушалтириб берадиган қурол эмас, унга бундай қарашни бас қилинг, барака топгур!
У ўқиб-ўргансин, излансин, фақат
ўзи истаган касб эгаси бўлсин. Қўйиб беринг ўзи танласин, ичида нима бор, нимага қизиқади бир бор қизиққанмисиз ўзи?
Футболга қизиқадиган, келажакда футболист бўламан деган, миясига алиф ҳам кирмайдиган болангизни курсга олиб келиб, уч ой ичида IELTC дан 8.0 олишини ёки математикадан пифагор теоремасини ечишини кутманг,
устозлар сизга доҳий Архимедни ясаб берадиган, сеҳрли таёқчаси бор ускуна эмас, бундай қарашларни улоқтиринг.
Баъзан ўйга чўкаман. Нега бизнинг орамиздан олимлар чиқиши тўхтаб қолган? Ўқишга илгаридан кўра шароитлар бўла туриб, илмда пассивликдамиз? Балким илм олишга кўмаклашувчи воситалар кўплиги ва аксинча, илмдан бизни чалғитувчилар (ижтимоий тармоқ ва ҳоказо) туфайлидир?
Менингча, биз эътиборни кучли томонга эмас, заиф томонга йўналтирамиз. Йўналиш нотўғри, йўналишни ўзи абсурд.
Фарзандларимиз математикадан яхши ўқимадими, бас уни математика курсига бериб, "азоблаймиз". Унга бунда истеъдод, иқтидор бор-йўқлиги мавжуд эмас, бу бизни қизиқтирмайди. Тилга қизиқиши йўқми, уни мажбурлаб сингдиришга ҳаракат қиламиз. Назаримда,
боладаги мавжуд ижобий томонларга кўпроқ урғу бериш керак.
Инсон ўз севган касби эгаси бўлсин, шунда у бир умр ишга хуш кайфиятда боради, у учун ўз иши осон ва кўнгилочар машғулот бўлади, пул топишга мажбурлик эмас.
Танловларни ҳурмат қилишни ўрганайлик, эшитишни ҳам.
✍
Малика Латифжонова@bekobodhayoti_24