- Операция қилдирсак яхши бўладими?
- Албатта. Тўғри бу миядаги атрофияга боғлиқ эмас. Атрофия учун алоҳида муолажа қиляпмиз. Операция мияда пайдо бўлган гемотома учун керак.
- Гемотома қачон пайдо бўлган? – хавотир билан сўради Умид.
- Бу ҳам ўша автоҳалокатнинг таъсири бўлиши мумкин. Балки, қон босими... Лекин хавотир олманг, яхши бўлиб кетади онангиз. Фақат вақтида даволаниб турса бўлгани. Дадангиз қачон келади?
- Дадам иш билан юрганди, - деди Умид сир бой бермай. Менга айтаверинг.
- Операцияни маслаҳат қилмоқчи эдим-да. Қилдирадими, йўқми?
- Қилдирамиз! – деди Умид қатъи. – Бир ҳафталар ичида қилдирсак бўладими?
- Бўлади, - деди шифокор.
- Раҳмат. Мен ўзим дадамга айтиб қўяман. Чарчаманг... – Умид шундай дея шифокорнинг ҳузуридан чиқди.
🍃
Гулюзнинг топилганини эшитиб, Саломат хола ҳам қишлоқдан етиб келди. Гулюз қайнонасини кўриб бироз хижолат бўлди. Лекин дарров ёнига ўтириб дилидагиларни тўкди:
- Ойижон, мени кечиринг. Мен хаёлимда “Ҳеч ким мени ўйламаяпти”, деб ўйладим. Лекин... хато қилган эканман. Ойимга жабр қилганим қолди.- Матлуба қани ўзи? – хавотир билан сўради Саломат хола. – Телефони ўчиқ. Ўзи ҳам кўринмайди.
- Ойимнинг мазаси йўқ экан. Шифохонага тушиб қолибди.
- Вой, Матлубажон-а? Онани яратмасин-да. Юрагига роса олибди-да. Сенам ҳеч бўлмаса, онангни ўйламадингми?
- Ўйламабман-да, ойижон. Энди мана пушаймонман. Ойижон, айбимни ювишга имкон беринг. Мени олиб кетиб қолманг. Ойим шифохонада. Тузалгунларича ёнида бўлай... Илтимос, ойижон. Кейин сизнинг хизматларингизни ҳам қиламан.
- Бизникида қандай хизмат бор, чиройлигим. Қолавер.
- Раҳмат, ойижон! – Гулюз қайнонасини қучиб олди.
- Мансуржон билан ҳам гаплаш. Телефонинг ўчиқ бўлганига мендан нақд ўн марта сўради. Ўзи ёзади дедим. Телеграмдан ёзсин деди.
- Хўп ойижон... Жойлашиб олибдими, ўғлингиз?
- Ҳа, ишлаяпти.
- Худога шукр, - хурсанд бўлиб кетди Гулюз.
🍃
Дарсдан чиқиб, уйига шошиб кетаётган Гулрангнинг йўлини Малик тўсди.
- Пучуқ, мунча шошиб қаёққа?
- Ассалому алайкум, - деди Гулранг уялиб.
- Ва алайкум ассалом. Кўринмайсан?
- Юрибман...
- Телефон қилсам, кўтармадинг! Смсларга-ку, умуман қарамаяпсан, - гина қилди Малик.
- Вақтим бўлмади... – “кўнглимга сиғмади”, дея олмади Гулранг.
- Вой-вуууу... Мунча нималар билан банд бўлдинг?
- Опачам йўқолиб қолди. Унинг йўқолганига чидай олмай, ойимнинг мазаси қочди. Шифохонага тушиб қолди.
- Йўғ-е-е, - Маликнинг юзи бирдан жиддийлашди. – Опачанг нега йўқолади?
- Турмуш ўртоғи Америкага кетганди. Опамга виза чиқмади. Шунга бекиниб олган экан, хафа бўлиб. Ўзи опачам сал инжиқроқ...
- Ие, сенда унақа одат йўқми? Эрта бир кун менам сени қидириб юрмай... – Маликнинг Гулрангнинг жавоб бермаганига сабаб йигитлар эмаслигидан кайфияти кўтарилиб кетди.
Гулранг ҳеч нарса демади. Уялиб ерга қараб, жилмайиб қўя қолди.
- Пучуқ, бирор жойда ярим соатгина ўтириб, гаплашиб олсак нима дейсан?
- Ўтиролмайман. Уйга боришим керак. Ойимнинг мазаси йўқ...
- Ҳа, айтганча, ойимнинг мазаси йўқ дединг, а?
- Ҳа, майли, мен кетдим, - деди Гулранг шошиб.
- Шошма, ҳалиги... кеча ойим айтдики... сизларникига совчиликка бормоқчи экан. Шунга гаплашиб олайлик деётгандим.
Гулранг Маликдан бунақа гап кутмагани учун ялт этиб қаради. Сўнг бироз ўйланиб турди-да, деди:
- Ойим шифохонада дедим-ку...
- Ҳа-я... Бўлмаса... Ойинг шифохонадан чиқса, совчи юборишимга рози бўлишингга менга сўз бер...
Гулранг баттар уялиб кетди. Малик унга маҳлиё бўлиб қараб турарди.
🍃
Саломат хола кўп ўтирмади.
- Сени ўз кўзим билан кўрдим, кўнглим хотиржам бўлди, энди уйда тинч ўтираман, - деди Гулюзга.
Гулюз қайнонасини кузатгач, Умид билан бирга цехга келди. Цехда иш қизғин, учта тикувчи тинмай тикар, Гулҳаё ва Зилола тикилган кийимларни ўлчамларга ажратиб, сотув учун қадоқлаш билан банд эди.
- Умид, дўхтир билан гаплашдингми? – деди Гулҳаё уларни кўриши билан.
- Ҳа, гашлашдим.
- Нима деди?
- Операция қилиш керак экан. Гемотома ҳам бор, мияда деди.