ДУОДА ЮЗГА ҚЎЛНИ СУРТИШ
Савол:
Дуо қилгандан сўнг қўлни юзга суркамоқ суннатми ёки бидъат?
Жавоб:
Бу жуда муҳим саволлардан биридир. Бугунги кунда ҳатто баъзи бир ўзига илмни нисбат берадиганлар ҳам қўлини дуодан сўнг юзига суркайдиганларни масхаралаб устидан кулиб юрибди. Аслида бу иш суннат. Чунки бу иш мутахассислар наздида турли туруқ (йўллар) йиғиндиси ила собит бўлган ишдир. Салафи солиҳларимиз бунга амал қилиб келишган. Ҳеч бўлмаганда амал қилмаса ҳам бунга нисбатан одоб билан туриш керак.
Далиллар:
1. Умар ибн Хаттоб розиёллоҳу анҳудан ривоят қилинади. У зот айтадилар: " Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи ва саллам дуо қилсалар қўлларини юзларига суртмасдан туширмас эдилар".
(Имом Термизий ривояти)
2. Ибн Аббос розиёллоҳу анҳумодан ривоят қилинади. У зот айтадилар:
"Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи ва саллам дедилар:
"Аллоҳ таолодан кафтларингизни қорни билан сўранглар, орқаси билан сўраманглар. (Дуодан) фориғ бўлсангиз уни юзингизга сурканглар".
(Имом Абу Довуд ривояти)
Аллома Бассом роҳимаҳуллоҳ айтади:
"Бу ҳадис туруқининг (йўлининг) кўплиги билан қувватли ҳадис бўлади. Буни Исҳоқ, Нававий, Муновий, ибн Ҳажар, Санъоний ва Шавконийлар қувватли ҳадис дейишган".
("Тавзиҳул аҳком")
3. Абдурраззоқ айтади:
"Маъмарни қўлларини кўкраги баробар кўтариб дуо қилаётганини кўрдим. Сўнг қўлини қайтариб юзига суртди".
"Дуода қўлни кўтариш боби"да шундай дейди(3234):
"Маръмардан ривоят қилинди, у Зуҳрийдан ривоят қилди:
"Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи ва саллам дуода қўлларини кўксилари баробар кўтарар эдилар. Сўнг қўлларини юзларига суртар эдилар. Маъмар ҳам шундай қилди. Мен ҳам шундай қиламан".
4. Имом Бухорий роҳимаҳуллоҳ Ваҳбдан ривоят қиладилар. У айтади:
"Ибн Умар ва ибн Зубайрларнинг дуо қилаётганини кўрдим. Улар кафтларини юзларига айлантиришди".
("Адабул муфрад")
5. Муътамир ибн Сулаймон деди:
"Абу Каъбнинг қўлини кўтариб дуо қилаётганини кўрдим. У фориғ бўлгач қўлларини юзига суртди. Мен ундан: "Кимнинг шундай қилганини кўргансан?", деб сўрасам у: "Ҳасаннинг", деди.
(Имом Суютийнинг "Фаззул виъо")
Имом Санъоний айтади:
"Бу ҳадисда дуодан сўнг қўлни юзга суртишнинг машруълигига далил бор".
("Субулус салом")
6. Аҳмад ибн Ҳанбал роҳимаҳуллоҳнинг ўғиллари Абдуллоҳ айтади:
"Мен отамдан "қўлни юзга суртиладими?", деб сўрадим. Отам: "Зарари йўқ деб умид қиламан", дедилар.
7. Ибн Қудома роҳимаҳуллоҳ дуодан сўнг қўлни юзга суртишни мустаҳаб деганлар.
8. Мурдовий роҳимаҳуллоҳ айтади:
"Қўлни юзга суртиш ҳақида қилинган ривоят бу мазҳабдир. Имом Аҳмад роҳимаҳуллоҳ шундай қилганлар.
"Мажмаъул баҳрайн"нинг соҳиби ҳам буни авло(афзалроқ) деган.
("Инсоф" китоби)
9. Ибнул Муфлиҳ роҳимаҳуллоҳ айтади:
"Қўлини дуодан сўнг юзига суртади. Имом Аҳмад шундай қилганлар".
("Ал-фуруъ" китоби)
10. "Ҳанбалий мазҳабида рукуъдан кейин мустаҳаб тарзда қунут ўқийди. Қунутдан кейин қўлини юзига суртади. Намознинг ташқарисида ҳам шундай қилади".
Юқоридаги гапни шайх Муръий Ҳанбалий роҳимаҳуллоҳ айтган.
11. Имом Нававий роҳимаҳуллоҳ айтади:
"Қунутда дуодан сўнг қўлни юзга суртиш ҳақида икки хил қавл бор. Машҳури бу ишнинг мустаҳаблигидир. Буни Жувайний, ибн Саббоғ ва Ғаззолийлар айтишган".
("Ал-мажмуъ")
12. Нафровий роҳимаҳуллоҳ айтади:
"Дуодан кейин Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи ва саллам қилганлари каби қўлни юзга суртиш мустаҳабдир.
("Ал-фавокиҳ")
13. Кўп машойихларимиз дуодан сўнг юзни масҳ қилишнинг саҳиҳлигини айтишган. Бу тўғрисида хабар воқе бўлган.
("Ҳиндийя")
14. Шайх Ҳаммод Ансорий роҳимаҳуллоҳ айтади:
"Дуодан кейин қўлни юзга суртиш ҳақида ҳасан даражасига етган учта ҳадис бор" .
("Ал-мажмуъ фий таржиматил аллома ал-Ансорий")
https://t.me/Avgonbogmasjidi