10 ЙИЛЛИК ДАРДИМ!
Ассалому алайкум, аслзода ўқирманлар. Анчадан бери бир муаммо ҳақида ёзмоқчи эдим. Бугун бир ватандошимизнинг ёзган хабари ёзишга ундади. "Салом", "Ока", "тузумисз", "иш", "бор экан", "ёрдам қилолсми", "🙋♂️"
Мана шу сўзларни битталаб жўнатди. Тиринг-тиринг қилиб 9 та хабар келди. Охирида одамчаси ҳам бор) Буниси копейка. Бундан дахшатлари ҳам бор. Шунчаки, "Ҳай" деб смайлик жўнатадиганлари ҳам бор. Анчадан бери ўйлайман. Инглизларда "Хат ёзиш" деган дарслар бор. "Your sincerely" "Your bir narsa" ( Сенинг қадрдониннг. Самимият ила) деб ёзиладиган хатларни ўрганганмиз!
Японларда ҳам "Хат ёзиш одоби" га ўхшаган дарслар бор. Японларнинг жўнатаётган хатларига мазза қиласиз. Ишдан ҳайдалишингиз ҳақидаги хатни ҳам тўйхатдек ёзиб беришади)
Нега бизнинг ёшлар "Хат ёзиш, бировга мурожаат қилишда нўноқ" десам, айб ўзимизда экан. Биз на мактабда, на коллежда, на университетда ўргатамиз! Уйда бўлса, болаларимизга: "Эрталабдан кечгача телефон ўйнайди, бу ҳўкиз"дан уёғига ўтмаймиз. Ҳа, энди замон ривожланиб ҳамма телефон ишлатаябдими, унинг одобларини ҳам ўргатайликда, жигарлар)
Хуллас:
1- Кимгадир пақиллатиб телефон қилиб юбориш мумкин эмас! Вақтга қаралади. Танишлик даражасига қаралади.
2- Кимгадир шақиллатиб, аудиохабар жўнатиш мумкин эмас! Ёзма бўлиши керак!
3- Кимгадир тақиллатиб видеоқўнғироқ қилиб юбориш мумин эмас! Уятли ҳолатдадир балки. Билмай кўтариб қўйса тамом.
4- Бир мартада кўтармадими, 850 марта қайта қилиш мумкин эмас!
Энди, телеграмданми, бошқа жойданми хат юбораётганда:
0-Имловий хатоларга эътиборли бўласиз. Жа филологлардек бўлмаса ҳам, ҳаракат қилганингиз сезилиши керак!
1-Салом алик қилинади.
( Саломни ўзини жўнатиб қўйиб, аликни кутиб туриш мумкин эмас!)
2- Ўзингизни таништирасиз.
( "Ўлганакан мени танимаса" деб на расми бор, на исми бор аккаунтдан ёзиш таъқиқланади. Таъқиқланиш енгил экан. Қамоқ жазоси берилади)
3- Мақсадни ёзасиз.
( Қисқа, лўнда ёзасиз. Хабарни олаётган одам севгилингиз эмаски, ичингиздагини суғуриб олишга ҳаракат қилса)
4- Якун.
( Жавобингизни кутаман мазмунида ёзасиз! Нариги тарафнинг жавоб бериш, бермаслик ихтиёрини ўзида қолдирасиз ва ичингизда "Агар дарҳол жавоб бермаса, орқасидан пақиллатиб 50 та хабар жўнатсам бепарасат про макс бўлиб қолай" деб сўз берасиз) Айтганча, хабарингизга узоқ вақт жавоб келмаса, "Бизнинг хабар нима бўлди, қози почча?" мазмунида яна бир марта хабар жўнатиш ҳуқуқингиз бор)
Масалан, "Ассалому алайкум. Фалончи Фустончиев, яхшимисиз? Мен Баҳодир Искандаровман. Озгина шахсий муаммоларим чиқиб қолган эди. Беш-бегонадан қарз сўраш яхшимасу, аммо бермасангиз бўлмайди. Онониб кетай сиздан 500$ бериб туринг.
Безовта қилганим учун узр! Малол келмаса, бўш вақтингизда жавоб берсангиз хурсанд бўлар эдим. Олдиндан раҳмат!
Хулоса қиладиган бўлсак, мактаб дарсликларимизга "Телефон одоблари" "Хат ёзиш" деган дарсларни киритиш керак. Ҳеч бўлмаганда, бир-биридан аразламайдиган жамият бўлиб, "Сени ҳам даволашади. Мени ҳам даволашади" дегандек, бир-биримизни даволашимиз керак!
Хурмат билан, ўзидан ақлли ясаб олган,
Баҳодир Ниппоний)