Қачонки, парда кўтарилса...
Иймон бу вақт масаласидир. Аллоҳ таоло "бас, ким хоҳласа иймон келтирсин, ким хоҳласа кофир бўлсин" (Каҳф сураси: 29-оят) дер экан, инсон учун фақат икки йўл борлигига ишора қилган: иймон ёки куфр йўли.
Чунки, Аллоҳ таоло инсонларга яхшиликни ёмонликдан, ҳақни ботилдан ажратувчи ақл берган, унга қўшимча равишда ҳидоятга чақирувчи оятлар нозил қилган, пайғамбарлар юборган. Ортиқ, унинг қаршисида икки йўл мавжуд: ё ақлу тафаккури, онгу зеҳнини тўғри ишлатиб, ҳидоятга эргашади ёки уларни ишлатмай ёхуд нотўғри қўлланиб, ҳақдан юз буради. Ва ҳар иккала ҳолатда ҳам ўз танловининг натижаси билан юзлашади.
Иймон келтиришдаги ушбу танлов вақт масаласидир. Яъни, инсон бу дунёни тарк этар экан албатта ва албатта ҳақ нималигини англайди. Аллоҳ таолонинг биру бор зот экани, яккаю ягона ҳақ маъбуд экани, унинг рисолалари ҳақ экани, жаннат ва дўзах ҳам ҳақ эканига яқийнан имон келтиради. Аммо, бу вақтдаги иймон соҳибига манфаат бермайдиган иймон бўлади.
Инсон то бу дунёни тарк этмагунча ғафлат уйқусида бўлиши, вафот этганда оламнинг ҳақиқатини англаб етишига ишора қилиб, ҳазрат Али (разияллоҳу анҳу) "одамлар уйқудадирлар, қачонки, ўлсалар уйғонурлар" деганлар. Дарҳақиқат, шундай. Бу дунё бозорида, пасту баландликларида, қувонч ва ташвишларида мутақаллиб бўлган инсоният мудроқ ҳолдадир. Ва бу мудроқлик, эътиборсизлик, ғафлат, ҳақиқатдан кўз юмиш то ўлим они келгунча давом этади. Ўлим они келганда инсон уйғонади, эътиборсизлик билан юз ўгиргани ҳақиқатларга уйғонади, кўзлари очилади.
Шунинг учун ҳам Аллоҳ таоло: "(эй инсон), аниқки, сен бу (оғир Кун)дан ғафлатда эдинг. Бас, Биз сендан пардангни очиб юбордик. Энди, бу Кун сенинг кўзинг жуда ўткирдир" (Қоф сураси: 22-оят), дейди.
Инсон бу дунёнинг тузилиши, ундаги қонуният, одамлар, уларнинг интилишлари, ҳою ҳаваслари, муаммолари, табиатлари тақозосига кўра ҳаракат қилишлари, уруш-юришлар, тараққиёт, дабдабали ҳаёт ва ҳоказолардан иборат парда ила охиратдан, борлиқнинг асл ҳақиқатидан, ўзининг моҳиятидан тўсилгандир. Хўш, бу пардани нима кўтаради?.. Ақл, тафаккур, ҳақиқатни излаш, омон қолиш инстинкти, зиёнкор бўлиб қолишдан қочиш, ҳидоятни топиш, ўз ақлига юқори баҳо бериб, ўзига бино қўймаслик балки ҳаққа бўйсуниш ушбу пардани кўтаради инсон кўзидан.
Агар бундай бўлмасачи, у ҳолда барибир бир кун мазкур парда кўтарилади. Бироқ, унда кеч бўлади.
Жалолиддин Румий “кўзни юмгил, кўзга айлансин кўнгил!”, дер экан айнан шу нарсани ирода қилган. Яъни, эй инсон, сенинг кўзинг фақат ҳақиқатлардан тўсиб турган пардани кўряпти, холос. Шундай экан, ҳақиқатларни топишда жисмингдаги кўзларга суянма. Уларни асос қилма, балки, оламга кўнгил кўзинг ила боқ, тафаккур ила назар сол токи, қаршингдаги парда кўтарилсин, демоқчи.
Оламга қалб кўзи, ақлу тафаккур кўзи ила боқиб, ҳақни излаган инсон албатта ҳаққа етишгусидир, ундан парда кўтарилгусидир. Ортиқ, у ўлим онини кутиб яшашининг ҳожати йўқ. Балки, бу дунёда иймони қай даражада бўлса, ўлгандан кейин ҳам ҳеч нарса ўзгармайди.
Шу маънода ҳазрат Али (разияллоҳу анҳу)нинг яна бир сўзлари ҳам бор. У киши айтадиларки: "Аллоҳга қасамки, агар парда кўтарилса, ишончим зиёда бўлиб қолмайди". Чунки, у кишининг иймону ишончи, яқийни парда очилишидан аввал ҳам, парда очилганидан кейинги ҳолати кабидир.
Шундай экан, эй инсон, қалб кўзингни оч, бу дунё бозоридаги шовқин-сурон, жоҳил оломон, дунёга хос бўлган ташвишлар, шодликлар сени асл ҳақиқатдан чалғитиб, ҳақ томон қадам босишдан тўсиб қўймасин. Зотан, сенинг синовинг ҳам шунда, мазкур чалғитувчи нарсалардан, фитналардан омон қолишда. Шудир сенинг имтиҳонинг.
Имтиҳондан зинҳор йиқилма, на ўлур, жон дўстим!.. Йўлингни йўқотиб қўйма!..
@ziyo_ashraf