Бир тийинга қиммат “шартли” руҳсатнома ва хулосалар ҳақида.
Давлат ташкилотлари томонидан фуқароларга ва тадбиркорларга муайян фаолиятни амалга ошириш учун руҳсатнома ва хулосалар беришда коррупцион ҳолатлар энг кўп учрайдиган бир вазият бор. Бу нарса биз учун янги “тажриба” эмаслиги сабаб, буни ҳамма билади, жумладан, прокуратура ҳам, Коррупцияга қарши курашиш агентлиги ҳам.
Хуллас, қурилишга бўладими, қандайдир маблағ ажратишга бўладими, руҳсатнома ёки хулоса беришдан аввал, мурожаат қилган шахс қонунчиликда кўрсатилган муайян талабларни бажариши керак бўлади. Агар бу талаблар бажарилмаса, ўша лойиҳага ва ўша фаолиятга руҳсат этилмайди. Хулоса берилганда ҳам, ижобий эмас, салбий, яъни лойиҳани амалга оширишни рад этиш ҳақида хулоса берилади.
Бироқ, бизда гарчи ўша талаблар бажарилмай, лойиҳада уни амалга оширишга тўсқинлик қиладиган жиддий хато ва камчиликлар бўлса ҳам, баъзан ноқонуний равишда ижобий хулосалар ёки руҳсатномалар бериб юборилади. Шулар орасида "шартли" хулоса ва руҳсатномалари кўп учрайди.
Буни қандай билиш мумкин дейишингиз мумкин. Ўша руҳсатнома ёки ижобий хулосани яхшилаб ўқиб кўрсангиз, унда “фалон, пистон талабларни бажариш шарти билан, ёки фалон, пистон камчиликларни тўғрилаш шарти билан руҳсат берилсин” деб ёзилган бўлади. Мана, мана шу мазмундаги руҳсатнома ёки хулосаларда катта эҳтимол билан порахўрлик ёки кимнидир босими аралашган бўлади. Кейингисида, яъни босим ҳолатида ҳам барибир коррупция бўлади, чунки босим қилган юқори мансабдорнинг, одатда бу лойихадан моддий манфаатдорлиги бўлади.
Аслида бунақанги вазиятларда руҳсатнома ёки хулоса берувчи қонунчиликдаги талаблар бажарилмаганини ҳамда хато ва камчиликлар борлигини кўрсатиб, лойхани амалга оширишни рад қилиши керак. Бироқ, ўртага коррупция аралашганлиги боис, ўзларича қонунни айланиб ўтгандек бўлиб, ана шундай “шартли” руҳсатнома ёки хулосалар бериб юборишади.
Ўйлашингиз мумкин, ундан кўраси бундай шартларни кўрсатмасдан, тўғридан-тўғри якуний руҳсатнома ёки ижобий хулоса беришорса бўлмайдими деб. Йўқ, аслида бундан бошқа мақсад кўзланган бўлади. Эртага қандайдир гап-сўз чиқса, ёки ўша лойиҳада жиддий муаммо пайдо бўлса, ўзларини жавобгарликдан соқит қилиш мақсад қилинган бўлади:
“мана, биз олдин мана бу камчиликлар тўғриланса, мана бу шартлар бажарилса, ана ундан кейин лойиҳани амалга оширсин деганмиз" дейиш учун. Яъни, ҳам пулини олишади, ҳам муаммо чиққанида ўзларини “страховка” қилиш учун мана шундай “шартли” хулосалар беришади.
Бундай “шартли” руҳсатнома ёки хулосаларни олган шахслар кўпинча, ортиқча ҳаражат бўлганлиги сабаб, руҳсатнома ёки хулосаларда қўйилган “шартлар”ни бажармайди ва лойиҳани пала-партиш амалга оширади. Натижада, бу ноқонуний фаолият амалга оширилган жойда жиддий муаммолар ва ён-атрофдаги фуқароларнинг асосли эътирозлари келиб чиқади.
Айтмоқчи бўлганим, кўриб турган нарслардан кўз юммаслигимиз керак ва мана шундай бир тийинга қиммат бўлган “шартли” хулоса ва руҳсатнома бериш амалиётини батамом тўхтатиш керак.
👉
@yuristkadr