Дунё тамаддунининг янги даври Самарқанд қоғози билан бошланган.
Самарқандда қоғознинг кашф этилиши, унинг Буюк Ипак йўли орқали Европа бозорларига етказиб берилиши, бунинг натижасида
жаҳон миқёсида матбаачиликнинг вужудга келиши фан-техника ривожланишида инқилоб ясади. VIII асрдан XIX асргача нафақат Ўрта Осиёда, балки Яқин шарқ, Европа Испания, Франция ва Германияда ҳам Самарқанд қоғозида ёзилган.
Бу қоғозни ишлаб чиқариш технологиялари эса
5 аср давомида сир тутилган.
Заҳириддин Муҳаммад Бобур шундай ёзади:
“Оламда яхши коғаз Самарқанддин чиқар, Жувози коғазлар суйи тамом Конигилдин келадур. Конигил Сиёҳоб ёқасидадурким, бу қора сувни Обираҳмат дерлар”. Ушбу матндан кўринадики, қоғоз ишлаб чиқаришга мослаштирилган сув тегирмонлар ўтмишда
жувози коғаз деб юритилган.
Маълумотларга кўра,
Сиёб дарёсининг қуйироғида, унга
Оби Машҳад ирмоғи келиб тушадиган ерида
шаҳзода Абдуллахон ариғининг кўприги жойлашган. Бу кўприкдан юқори ва пастда Сиёб дарёсидан тарқаладиган ариқлар бўйлаб жуда кўп қоғоз тегирмонлар жойлашган. Тегирмонлар ёғоч, тош ва темирдан қурилган.
Самарқанд қоғозгарлари силлиқ, пухта ва кам сиёҳ кетадиган қоғоз ишлаб чиқарганлар. Қоғознинг ҳар икки томонига буғдой унидан қилинган аталасимон елим (оҳор) юпқа қилиб суркаб, сояда қуритилгандан сўнг, ақиқдан қилинган тиш ёки чиғаноқ – муҳра билан пардозланган. Қоғозни ялтироқ қилиш учун уни етти мартагача пардозлаганлар. Бу қоғоз “оҳор муҳрали” деб номланган. Ушбу қоғоз хаттот кўчираётганда агар хато қилиб қўйса, хатни сув билан ювиб қуритгандан сўнг янгидан ёзса бўлар эди. Айни шу қоғоздан турли қўлёзмаларни кўчириш учун махсус
“ҳафтранг” деб аталадиган қоғозлар ва муқованинг ички томонига қўйиш учун
“абри баҳор” қоғозлари ҳам ишланарди.
Амир Темур даврида қоғоз ишлаб чиқариш ҳунармандчиликнинг асосий тармоғи бўлган.
XV асрда Самарқанд, Бухоро шаҳарлари ўша даврнинг
қоғоз саноатида энг йирик маркази бўлган.
XVIII аср бошларида
Самарқанд ва унинг атрофларида
42 та қоғоз ишлаб чиқариш корхонаси фаолият юритган.
Турли даврларда яшаган олимлар Самарқанд қоғозини юқори баҳолаб унга турли таърифлар берганлар.
X асрда яшаган
Мақдисий: “
Хоразм камони, Шош идишлари, Самарқанд қоғозининг тенги йўқ эди”, дея таърифлайди.
Абу Мансур Саолибий ҳам Самарқанд қоғозини Мисрникидан яхши дея таърифлайди.
Султон Али Машҳадий фақат Самарқанд қоғозига ёзишга тавсия қилган. Кейинчалик
Вамбери ҳам бундай эътироф этган:
“Бухоро ва Самарқандда ишлаб чиқарилган қоғоз бутун Туркистон ва донғи кетган шаҳарларда ишлатилади”.
Нажмиддин Умар Насафий ўзининг
“Китобу-л-қанд” номли асарида
IX асрда
Самарқандда қоғоз бозори борлиги, муҳаддислардан бири
Абу Сулаймон Довуд Марвазий (ваф. 281/895 й.) ўша қоғоз бозорида даллоллик қилганлигини эслатиб ўтган. У
Абу Муҳаммад Абдуллоҳ ибн Муҳаммад ибн Наср Розий Варроқ, Абу Али Исмоил ибн Яҳё Варроқий Самарқандий ва бошқа кўплаб қоғоз ишлаб чиқариш ҳамда унинг савдоси билан шуғулланган олимлар ҳақида ҳам қимматли маълумотларни ёзиб қолдирган.
Араб исломшуноси
Эҳсон Зунуннинг таъкидлашича, қоғоз бозоридаги дўконларда варроқлар (яъни қоғозфурушлар) янги келган китоблар борасида
фикр алмашиш учун йиғилиб турганлар.
#nomoddiymadaniymeros
Telegram | Instagram | Facebook