Биз аждодларимиз каби буюк бўла оламизми?
Имом Абу Юсуф роҳимаҳуллоҳ Имом Абу Ҳанифа роҳимаҳуллоҳнинг энг пешқадам шогирдлари эдилар. Аббосий халифалигида қозилар қозиси - бош қози вазифасида ишлаб, ислом халифалигида суд тизими шаклланишига улкан ҳисса қўшган бу зот Имом Яҳё ибн Маийн, Имом Аҳмад каби буюк имомларнинг устози ҳам эдилар.
Ушбу муборак зотнинг ҳаётларидан бир гўзал лавҳани эсласак, юқорида саволга жавоб топамиз иншааллоҳ.
У зотнинг шогирдлари Иброҳим ибн Жарроҳ ал-Куфий роҳимаҳуллоҳ айтадилар:
"Абу Юсуф роҳимаҳуллоҳ ўлим тўшагида ётганларида олдиларига бордим. Аҳволлари анча оғир, хушсиз ётардилар. Ўзларига келишларини кутиб, олдиларида ўтирдим. Хушларига келишлари билан мендан сўрадилар:
- Эй Иброҳим, ҳажда тош отганда оёқда туриб отган яхшими ё туяга минибми?
- Оёқда, - дедим.
- Хато, - дедилар.
- Туяда, - дедим.
- Хато! - дедилар.
Кейин тушунтирдилар:
- Агар дуога тўхтайдиган жой бўлса - оёқда; агар дуо қилмай кетадиган жой бўлса - туя минганча.
Ҳали анча дадил эканлар, вафот топадилар, деб қўрқмасак бўларкан, дедим-да, уйларидан чиқдим. Ҳали узоқлашмасимдан ичкаридан йиғи товуши эшитилди - имом вафот этган эдилар... "
Аждодларимиз буюк бўлганларининг сабаби - улар ўзларига берилган вақтнинг ғанимат эканини жуда яхши тушуниб яшаганлар. Ўлим тўшагидаги сўнгги лаҳзаларида ҳам илм олиш ёки илм беришга куч сарфлаганлар.
Унутманг, инсон вақтдир. Унинг вақтига берган баҳоси ўзига берган баҳосидир.
Энди саволга ўзингиз жавоб беринг:
Биз аждодларимиз каби буюк бўла оламизми?
https://t.me/yettichinoruz