МАКРУҲ ВАҚТЛАРДА ЭҲРОМ НАМОЗИНИ ЎҚИШ#Ҳаж_умра
❓1189-CАВОЛ: Умрага эҳром боғлашда мийқотда икки ракат намоз ўқилади. Мана шу намоз асрга ёки асрдан кейинга тўғри келиб қолса, ўқиш мумкинми?
💬 ЖАВОБ: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим. Умрага эҳром боғлашда икки ракат нафл намоз ўқишнинг ҳукми суннат бўлиб, уни мийқотдаги масжидда ўқиш мустаҳаб ҳисобланади. Бу намоз нафл бўлганлиги учун аср ўқилгандан кейин ўқиш макруҳдир. Шунинг учун агар бу намозни ўқиш аср вақтига тўғри келиб қолса, аввал эҳром намозини кейин аср намозини ўқийди. Агар масжидга борганда жамоат аср намозини ўқиётган бўлса, уларга қўшилиб аср намозини адо этади ва шу билан эҳром намозини ҳам ўқиган бўлади. Бу ҳақида “Иршодус сорий ила маносик мулла Али қорий” да бундай дейилган:
ثم يصلي الركعتين بعد اللبس ينوي بهما سنة الإحرام ليحرز فضيلة السنة ويستحب إن كان بالميقات مسجد أن يصليهما فيه ولا يصلي في وقت مكروه وتجزئ المكتوبة عنها
“Эҳром либосини кийгач, эҳромнинг суннатини ният қилиб, икки ракат намоз ўқийди. Бу билан суннатнинг фазилатига эришади. Агар мийқот жойлашган ҳудудда масжид бўлса, унда ўқиш мустаҳаб саналади. Нафл намоз ўқиш макруҳ бўлган вақтда ўқимайди. Фарз намоз эҳром намози ўрнига ўтади”.
Агар ҳали Мадинада турган вақтда аср вақти кириб қолган бўлса, юқорида айтилгандек, масжидда ёки меҳмонхонада аввал эҳром намозини ўқиб, кейин асрни ўқиса бўлади. Мийқотга борганда макруҳ вақти кириб қолгани учун, умрага ният қилиб, талбияни бошлаб, йўлида давом этаверади. Валлоҳу аълам.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво маркази.
🔗 Улашинг: @ShariatUZ