Давоми :
— Турайлик, мен нонушта тайёрлайман. — деди Раҳима эрини турткилаб. — Ҳадемай ишга боришим керак.— Ишга? Яна ўша касалхонагами? — Раҳматали беихтиёр ранги ўзгариб Раҳиманинг иягини чангаллади. — Бормайсан. Энди ўша ишхонангга яқин йўламайсан?
— Вой, ҳайдаб юборишади-ку! — кулиб юборди Раҳима. — Унда нима қиламан?
— Ҳайдашса ҳайдашаверсин. Уйда — менинг ёнимда бўласан.
— Хўп, хўп. Сиз айтганча бўла қолсин. Қани, туринг!..
* * *
Раҳима елиб-югуриб нонушта тайёрлади. Икковлашиб анча пайтгача овқатланишди. Ора-сирада Раҳима эрига ер остидан боқар, ҳар тикилиб қараганда, юраги ҳаприқиб-ҳаприқиб кетар, эрининг инсофга кирганидан, эски одатларини ташлаганидан астойдил умид қиларди.
Бир маҳал ётоқ эшиги очилиб ичкаридан Адҳам қўлида қандайдир сурат билан чопиб чиқди ва тўғри Раҳиманинг ёнига келди.
— Вой, болажоним, яхши ётиб турдингми? — Раҳима негадир ранги ўчиб ўрнидан туриб кетган эрига-да эътибор бермай, Адҳамнинг қўлидаги суратни тортиб олди. — Бу нимайкан?
Не кўз билан кўрсинки, суратда Раҳматали ёшамол, малласоч бир аёлни қучиб ўтирар, аёлнинг қўлида чамаси бир ярим яшар атрофидаги қизалоқ ҳам бор эди.
Раҳима мияси чайқалган одам каби олдинига гарангсиб қолди. Барибир дарров ўзини қўлга олиб Раҳматали томон ўгирилди.
— Бу… Бу кимлар?.. — сўради у уф тортганча қўлига сигарет олиб тутата бошлаган эридан. — Нега индамайсиз?.. К-кимлар?..
— Сенга нима қизиғи бор?.. — жавоб қилди Раҳматали бироз хотиржам тортиб.
— Ие, нега қизиғи бўлмасин?.. Айтинг!..
— Ўзинг тушуниб олмадингми?.. Оилам…
— Оилам?.. Қ-қанақасига?.. Биз-чи?.. Биз киммиз унда?..
— Бўлди-да энди!.. — жеркиб ташлади Раҳматали. — Мен сендан суриштираётганим йўқ-ку!.. Ҳа энди… Бир марта шунақа бўлиб қолганди… Шунгаям ота гўри қозихонами?..
— Шунақа денг?.. — Раҳима кутилмаганда қўлидаги суратни Раҳматалининг юзига улоқтирди. — Мени… Алдаб, аҳмоқ қилган экансан-да!.. Йўқ, бунақаси кетмайди. Мен…
У жаҳл билан йўлакка чиқди-ю, Раҳматали кўтариб келган катта сумкани олиб кириб оёқлари остига ташлади.
— Йўқол, кўрнамак!.. Йўқол! Сени кўришга кўзим йўқ. Ўша маллаларингминан қапишиб қолгин!..
— Сен нотўғри иш қиляпсан. — дея уни тинчлантирмоқчи бўлди Раҳматали. — Кейин ўзинг афсусланиб қоласан, нодон!
— Йўқо-о-ол, ифло-ос! — бақирди Раҳима. — Менинг уйимни булғама!.. Йўқолсанг-чи!..
Раҳматали лаб бурганча бир-икки елка қисиб олди-да, шоша-пиша кийиниб, сумкани елкасига илди.
— Мен огоҳлантирдим… Буёғини ўзинг биласан!..
У чиқиб кетди…
Раҳима эса анча вақтгача ўғлини қучоқлаб ўтириб қолди…
Кейин… Сапчиб ўрнидан турди-да, кўз ёшларини арта-арта, Адҳамни залдаги диванга ўтқазиб, қўлига телефон гўшагини олди ва керакли рақамларни терди…
— Анвар ака, сизмисиз?.. Анвар ака, илтимос, бугуноқ бизни қишлоққа олиб кетинг!..
@qizgoldogimm