Қонунбузар Халқ банки ходимаси қолиб, буни ўрганган журналист балога қолди
“Менинг юртим” телеканали мухбири Рухсора Ғофурова Халқ банки Жиззах вилояти филиали ходимасининг фирибгарлиги юзасидан материал тайёрлаган. Журналистик суриштирув жараёнида банк ходимаси фуқаролар номига кредит расмийлаштириб, уни ўзлаштиргани тилга олинган.
“Менинг юртим” (MY5) телеканалига 2024 йил 16 декабрда фуқаро (Навоий вилояти, Қизилтепа тумани, Хўжақўрғон МФЙда яшовчи) Ойбек Очилов томонидан йўлланган мурожаат бўйича телеканал мухбири Рухсора Ғофурова журналистлик суриштирув ўтказган.
Фуқаро (собиқ ҳарбий хизматчи) Ойбек Очилов 2019 йил Халқ банки Жиззах вилояти филиалига истеъмол кредитини олиш бўйича мурожаат қилади. Банк ходими Болтаева Гулинур Шухратовна О. Очиловга йил охири бўлганлиги сабабли лимит ёпилган, деган важ билан рад жавобини берган.
Бироқ, фуқаро О.Очиловнинг таъкидлашича, 2022 йилда унинг собиқ иш жойига кредит қарздорлигини тўлаш шартлиги бўйича Халқ банкидан расмий мурожаат келган. Шу билан бирга, маълум вақт давомида фуқаро О.Очиловнинг пластик картасидан пул маблағи ечиб келинган.
Фуқаро О.Очилов банкка мурожаат қилганида 2019 йилги ариза асосида банк ходимлари унинг номига истеъмол кредити расмийлаштирганлиги маълум бўлган.
Юқоридаги ҳолатлар бўйича мухбир Рухсора Ғофурова лавҳа тайёрлаган ва “Менинг юртим” телеканалида 2024 йил 23 декабрда “Марказий студия” информацион дастури орқали эфирга берилган.
Телеканал орқали ёритилган эфир юзасидан ўзгалар номига кредит расмийлаштириб, уни ўзлаштирган Гулинур Болтаева прокуратура органларига мурожаат қилган. Гўёки унинг “шаъни ва қадр-қиммати камситилган”.
Бугунги кунда Тошкент шаҳар Мирзо Улуғбек тумани прокуратура терговчиси томонидан суриштирув ишлари олиб борилмоқда.
Бундан кўринадики, фуқаролар номига ўзларидан бехабар шаклда кредит расмийлаштирган ва уни ўзлаштирган банк ходимасининг (маълумотларга кўра, унинг турмуш ўртоғи Олий судда ишлайди) қилмишлари қолиб, ҳолатни ўрганган журналист балога қолмоқда.
@pressa01