Postlar filtri


Azon Global — Муқобил ахборот-таҳлилий канали dan repost
Video oldindan ko‘rish uchun mavjud emas
Telegram'da ko‘rish
«Она сўзи ҳуқуқимизни камситади дейишмоқда». Гендер тенглиги ниқоби остидаги фитналар

«Аср шоҳиди» кўрсатуви, 46-қисм

Томоша қилинг 👉 https://youtu.be/WRnjNzyvZtE

©️Azon Global


#Нафсимга_ўгитлар

Оллоҳ таолога хато (гуноҳ) қилмайдиган қул керак эмас, балки хато (гуноҳ) қилганидан кейин тавба этадиган қул керак. Аксинча бўлганида қулларининг ҳаётини яшаб бўлмайдиган даражада ўта оғир қилиб қўйган, умид йўлини буткул кесган бўлар эди.
Қуйидаги ҳадисда баён қилинган қонун мусулмонлар ҳаётини жуда енгиллаштиради, беҳуда ғам-аламлардан қутқаради ва суюнтиради.
Оллоҳнинг элчиси (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) бундай деганлар:
«Агар сизлар хато қилмасаларинг, Оллоҳ таоло сизларни ўртадан кўтаради ва ўрниларингга хато қиладиган, аммо бу хатоси туфайли Оллоҳ таолонинг кечиришини тилайдиган қулларини яратади. Улар Оллоҳга ёлворади, кечиришини сўрайдилар, Оллоҳ ҳам уларни кечиради». (Муслим ривояти.)
Эй нафсим, сенга Оллоҳ ва расулидан буюк мужда бу: билиб ё билмаган ҳолда хато (гуноҳ) иш қилиб қўйсанг, асло ўкинма, ортиқча дод-вой солма, сиқилма, сенга тавба эшиги доим очиқ, тавба қил ва ҳаётингни қолган еридан давом эттириб кетавер.


Обуначиларим сони 1800 га етишига икки киши қолибди.

Ёзувчига ўқувчиси қанча кўп бўлса, шунча яхши. Ўзи ёқтирган нарсани бошқаларга ҳам илиниши кераклиги тўғрисидаги тамойилимиздан чиқиб келган ҳолда, кимгадир ниманидир етказмоқчи бўляптими, иложи борича кўпчиликка етиб боришини, ўзи тўғри деб билган ва жамиятга ҳам фойдали деб ўйлаган фикри бутун элга ёйилишини истайди.

Лекин ҳозирда, айниқса ижтимоий тармоқлар асрида ким кўп, ёзувчи кўп, ёзувчидан ҳам гапирувчи кўпайиб кетди. Қаерда қанақадир уч киши тўпланса, тўртинчиси уларга бирнималар деб ётганини кўрасиз. Бугун обуначи, ўқувчи, тингловчи, кўрувчилар ўртада талаш, ёзувчи, гапирувчи, блогчи, влогчилар уларни ўзига оғдариш учун омонсиз кураш олиб боряпти. Шафқатсиз жанг кетяпти деса ҳам бўлади! Энг замонавий қуроллар ишга солиниб, нималар қилиб юборилмаяпти!

Бу ёқда, қайси бирига қулоқ солсам экан буларнинг, деб обуначи ҳайрон. Ҳамма ҳаммага нималардир дегиси келаётган, имкон топди дегунча бир-бирига ёзиб-гапириб ташлаётган бу замонда қаршингиздаги ёзувчи, гапирувчи, блогчи, влогчи, яна алламбало ...чи киши ўзи ким ва у қанақа эканини билиб бўлмай қолди-да, ахир.

Ҳай, майли, ўзимизнинг ишимизга боқайлик.
Ўзи мен тепадаги биринчи жумлани ёзганимдан кейин давомида бошқа гапларни ёзмоқчи эдим, ўртада бошқа гаплар ёзилиб кетди. Айтмоқчи бўлганим эса, обуначиларим сони масаласида шу охирги бир йилдан бери қизиқ ҳолатни кузатяпман: бир 1790 га чиқиб кетади, бир 1750 га тушиб қолади. Яна чиқади, яна тушади. Беш-олти марта шунақа бўлди. Ҳозир ҳам шундай: яқингинада энг кам кўрсаткич (1752)га тушиб кетган эди, мана энди бир ҳафта ичида энг юксак кўрсаткич (1798)га чиқиб олди!!!

Оллоҳга шукр! Раҳмат сизларга! Лекин энди яна хавфсирай бошладим: тағин тушиш бошланиб кетмайдими ишқилиб? Ёки энди юксалиш давом этаверадими?


#Ўйлар

Адолатли давлат қонунларида кўпроқ ҳақларга урғу берилади, кўпроқ халқнинг ҳақ-ҳуқуқлари, давлатнинг бурч-вазифалари белгиланган бўлади. Тақиқлар ҳам ҳақ-ҳуқуқнинг ҳимояси учун қўйилади. Бир жумла билан айтганда:
Адолатлилик ўлчови — қонунларда тақиқдан кўра РУХСАТ кўпроқ бўлади.

Золим давлат қонунларида кўпроқ бурчларга, жиноят ва жазоларга, солиқ ва жарималарга урғу берилади, кўпроқ халқнинг бурч-вазифалари, давлатнинг ҳақ-ҳуқуқлари белгиланган бўлади. Бир жумла билан айтганда:
Зулмнинг белгиси — қонунларда рухсатдан кўра ТАҚИҚ кўпроқ бўлади.

Менимча, бугун дунёда том адолат билан бошқарилаётган давлат йўқ. Том адолатнинг ҳеч бўлмаганда ярми бор бўлса, бундай давлатнинг ватандошлари аҳволини ёмондан яхши деса бўлади. Қанийди ундан ортиқ бўлса!
Яъни юздан етмиш беш фоиз адолат ўрнатилган мамлакат ҳаётини орзудаги ҳаёт деса бўлади.




#Ўзбекча_ўрганамиз

Тилимизда "бесўнақай" деган сўз бор. Қўшимча ва ўзак сўз қўшилиб ҳосил бўлган: бе+сўнақай.
"Бе..." қўшимчаси форсча бўлиб, у қўшилса, ўзак сўз маъноси тескарисига ўзгаради. Ўзбекчада сўз охирига қўшиладиган "...сиз" қўшимчаси ўрнида ишлатилади:
1) "беихтиёр" — "ихтиёрсиз";
2) "беўхшов" — "ўхшовсиз"... каби.
Шу тартибда давом этсак, "бесўнақай" — "сўнақайсиз" бўлиши керак, тўғрими? Аммо тилимизда ҳозир "сўнақай" деган мустақил сўз йўқ, "бе..." қўшимчасисиз қўлланмайди. Ҳарҳолда, мен учратмадим.
"Бесўнақай" сўзи қоматгами, хатти-ҳаракатгами, дарахтгами, биногами — нимага нисбатан ишлатилса ҳам, қўпол, келишмаган, қийшиқ-сийшиқ, ўхшовсиз... каби салбий маъноларни билдиради.
Модам шундай экан, мантиқан қараганда, агар сўз олдидан салбийлик қўшимчаси "бе..." олиб ташланса, маъно ижобий томонга ўзгариши, "сўнақай(ли) одам" — қомати келишган одам; "сўнақай(ли) юриш" — текис, чиройли юриш; "сўнақай(ли) дарахт" — тик, тартибли ўсган дарахт; "сўнақай(ли) бино" — чиройли, жиримсиз (бежирим) қурилган бино... маъноларини бериши керак. Аммо, афсус, бу ўзак сўз тилимизда қўлланмайди, тушиб қолган, унутилган.
Балки "сўнақай" ўзак сўз эмасдир, охиридаги "...қай" ҳам қўшимчадир, худди "чапақай" сўзидаги "...қай"га ўхшаб. Билмадим. Лекин чинакам туркий сўз экани шундоқ билиниб турибди. Эски замонларда фаол қўлланган, албатта. Эҳтимол ҳозир ҳам айрим шеваларда ёки туркий қавмларда яшаётгандир. Биладиганлар бўлса, айтиб юборсалар, яхши бўларди.
Ҳарҳолда, изланишга арзирли, ниҳоятда чиройли, келишган сўз экан — СЎНАҚАЙ!


#Ибрат

Сурия воқеалари каби ҳодисалар дунё давлатлари бир-бир ўзини тозалаб олиши лозимлигини яна бир марта (нечанчи марта!) кўрсатди.

Дунёда Асад ўз халқига қилган зулм каби, балки ундан ҳам ошириб халқига зулм қилаётган давлатлар йўқми?!

Асаднинг даҳшатли қамоқхоналари каби қамоқхоналар, айбсиз зиндонларга ташланиб, у ерларда ўн-йигирма йиллаб қон қусиб ётган бегуноҳ инсонлар бошқа давлатларда йўқми?!

Асад ҳокимият учун, тахт учун беш юз мингдан ортиқ ватандошини ўлдирибди, аммо барибир ҳокимиятини ва тахтини сақлаб қололмади — бошқа золим давлатларга бундан очиқ, бундан ёрқин ўрнак борми?!

Давлатлар зулмдан қайтиши керак. Адолатни бош ўлчов қилиб олиши керак. Ичларини порахўрлардан, золимлардан, ўғрилардан муттасил тозалаб туриши керак. Акс ҳолда, зулмга учраганларнинг оҳи ёмон, қарғиши етадиган Ерга етади, урадиган одамини уради.

Бу гаплар дунё давлатларига хитобдир. Айниқса, бутун бошли халқларни бор-йўғи улар мусулмон бўлгани ёки миллати бошқа бўлгани учунгина аямай қириб юбораётган "Исроил"дай, Миянмадай, Хитойдай... давлатлар кўзини очсин!

Энди ўзимизга келсак, Ўзбекистонимиз ҳам Сурия воқеаларидан ўзига тегишли хулосани чиқаради ва баҳонада бир тозаланиб олади деб ўйлайман. (Сал олдинроқдан ўзи тозалов бошланди ҳам шекилли.)

Ўзбекистон золим Каримов ўлимидан кейин тубдан бир тозаланишга кучли эҳтиёж сезган эди. Янги иқтидор бу йўлда жиддий одимлар отди ҳам. Чорак аср адолатга ташна бўлган юракларга сув сепилгандек, чанқоқлар қондирилаётгандек бўлди. Ўзгариш шабадалари эса бошлади.

Аммо... афсус, 2018 йил ярмиларидан бошлаб адолат, инсон ҳақлари йўлидаги ислоҳотлар секинлади. Кейинроқ тўхтади. Кейинроқ орқага кета бошлади. Бугунга келиб ижтимоий тармоқларда айримлар: "Каримов даври бундан яхши эди..." деб баралла айтиб ётибди. Бу яхши сигнал эмас.

Ҳозирги иқтидор ўзи бошлаган ўша эзгу ислоҳотларни тўхтаган еридан давом эттириши керак. Ўтган даврда давлатнинг юзини қора қилган жуда кўп амалдор бугун ҳам юмшоқ қўлтиқларда ўтиргани чатоқ ва хато қарор.

Давлатимиз бугун ҳар қачонгидан ҳам ички тозаловларга муҳтож. Бошқарув идораларидан золимлар, порахўрлар, ўғрилар битта-битта йўқотилаётганини, адолат ўрнатилаётганини халқимиз кўзи билан кўриб, юрагида ҳис қилсин. Давлатини қайтадан севсин. Ишонсин. Орқасидан эргашсин.

Давлатимиз билан халқимиз бир бўлсин. Халқ давлатим десин, давлат халқим десин — ўртада жарлик тугул, тирқиш ҳам очилмасин, ҳеч қанақа душман орага суқилиб кира олмасин.


#Ибрат

Башар Асад қамоқхоналаридан бирида унинг икки-уч жаллоди бир маҳбусни ура-ура, зўр бериб: "Ла илаҳа илла Асад" (Асаддан бошқа илоҳ йўқ) дегиздирмоқчи бўлган видеолавҳани кўрган эдим.
Қурбонларининг қонини ичиб кайфу сафо қиларкан, бугунгача улар: "Асад бизнинг худомиз! Биз учун бирдан-бир худо Асаддир!" деб ҳайқириб келишди.

Мана, бугун "худо"лари тахтини ҳам, "банда"ларини ҳам ташлаб, ўзининг жимитдайгина жонини ҳовучлаб, шаталоқ отиб қочди! Ишониб юрган "худо"лари ҳатто ўзини асрашга ҳам қодир эмаслиги кўринди!

Ўтган иқтидор пайтидаги ўзбекистонлик айрим мўмин-мусулмон маҳбуслар ҳам худди Сурия қамоқхонасида бўлганидек ҳолатни бошдан кечиришган: айрим қамоқхоналарда ура-ура, азоб бера-бера, кўз кўриб қулоқ эшитмаган қийноқларга сола-сола, уларни кўкдаги Буюк Оллоҳдан юз ўгиртириб, ердаги биттасига сиғинтиришга роса уринишди. Ва худди Сурия жаллодлари каби биздаги жаллодлар ҳам маҳбусларга орқа деворларида осиғлиқ турган расмга ишора қилиб: "Мана бизнинг "оллоҳ"имиз! Биз учун "оллоҳ" мана шу одамдир!" дейишган (ҳаммалари эмас, албатта)!

Сўнгра нима бўлди? Еру кўк меники, ҳукм меники, истаганимни яшатаман, истаганимни қаматаман ё ўлдираман деб ишониб қолган у "оллоҳ"лари олган нафасини чиқаришга улгурмай, чиқаришга кучи етмай ўлди. Буюк Оллоҳ тавба қилишига ҳам фурсат бермай жонини олди.
Орқада қолган жаллод "банда"лари бугун нима қиляпти экан?! Энди қайси расмга сиғинишаркин?!

"Оллоҳдан ўзга илоҳ йўқ!"

1.5k 0 27 10 83

#Ўйлар

Ўлчов адолат бўлса, салтанат узоқ суради.
Яъни салтанатнинг боқийлиги адолат биландир, золим салтанатнинг орқаси кесикдир.
Халқ фитратида туғилган гўдак кабидир, кейинчалик ҳар хил бошқарув уни ё яхши, ё ёмон йўлга етаклайди.
Халқнинг хизматини қилган икки дунёда ҳам ютади, унинг ҳақини еган, алдаган, зулм қилган икки дунёда ҳам ютқазади.
Гўдак онанинг оппоқ, тоза сутига муҳтож бўлганидек, халқ ҳам фитратан доим адолатга муҳтож. Эҳтиёжи тўғри қондирилса, соғлом ўсади, заҳар билан суғорилса, касалланади ёки ўлади.
Халқ адолат билан халқдир, зулм халқни оломонга айлантиради.
Бошқарув меҳр-шафқатга асосланса, эл-юрт ишбошиларидан рози бўлади. Акси бўлса... акси бўлади.
Қари, оқсоқол, донишманд тарих ҳаммасига гувоҳ. Йўлидан адашган биз инсонлар бу тарихдан сабоқ чиқармаймиз, холос...

2k 1 11 7 33



"Эй Оллоҳ, кучим озлигини, чорасиз қолганимни фақат Сенга арз этаман, одамлар орасида бу қадар хор бўлганимдан ёлғиз Сенга шикоят қиламан. Эй марҳаматлиларнинг марҳаматлиси Оллоҳ! Эзилганларнинг ва менинг ҳам Раббим Сенсан! Мени кимларга йўлиқтиряпсан? Менинг ишимни кимларга топширдинг – нафрат-ла қаршилайдиган бегоналаргами ёки душманларгами?! Сен мендан ғазабланмаётганингни билсам-ку, бу азиятларга парво ҳам қилмайман. Сендан келадиган офиятга ортиқ даражада интизорман. Ғазабингга йўлиқишдан қўрқиб, Сенинг нурингга сиғинаман, зеро зулматларни зиёга айлантирадиган, дунё ва охират ишларини тартибга соладиган нарса Сенинг ўша нурингдир. То Сен рози бўлгунингга қадар Сендан розилик сўрайвераман. Куч ва қудрат ёлғиз Сендадир".

Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) Тоифда хўрлик кўрганларидан кейин, узум боғида ўтириб қилган дуолари.

(Аҳмад Лутфий Қозончи. "Саодат асри қиссалари" асаридан.)


#Ўзбекча_ўрганамиз

1. Биз "қишлоқ" деймиз, турклар "кўй" дейди.
"Кўй" сўзи бизда ҳам сақланган, лекин биз уни фақат бир ҳолатда — "маҳалла-кўй" деганда ишлатамиз.

2. Ўзбекчадаги "чанг"ни турклар "тўз" дейди.
"Тўз" сўзи ўзбек адабий тилида ҳам бор, фақат "чанг"га бирикиб "чанг-тўзон" шаклида келади.

3. "Бек" сўзи ҳам қизиқтириб қолди.
Туркча "бекламоқ" сўзининг ўзаги "бек"дир. "Бекламоқ" (beklemek) ўзбекчада "кутмоқ" деганидир. Ўзбекчада бу ўзак сўз "бекат"да ишлатилади. Зотан, биздаги "бекат" сўзи "кутиш"га алоқали ер отидир.
Туркчада "бек" ўзаги "...чи" қўшимчаси билан биргаликда яна бошқа маънодаги сўзни ясашда ҳам қатнашади. Қоровул, қараб турувчилар туркчада "бекчи" дейилади.
Ўйлаб қолдим: биздаги "бек" сўзи ҳам туркларнинг "бек"и билан асли битта сўз эмасмикан? Чунки амал, вазифа ўлароқ "беклик", "бек" ҳам ўзига тегишли ҳудудга — "маҳалла, кўча, қишлоққа қараб турувчи, қўриб турувчи, боқувчи" маъноларини бераётганга ўхшайди.


#Ўзбекча_ўрганамиз

Таклифларимни ҳузурларингизга сунмасдан бурун муҳим бир эслатма

Дунёда тил кўп. Шаклан ҳам, маъно томондан ҳам ҳар бири ўзига хос. Жумладан, ҳар бир тилнинг ўзига, фақат ўзига хос товуш тизими бор. Шулар билан бир-биридан фарқланади, шуниси билан гўзал!
Тил илмини биладиганлар билади: бирон тилга чеккадан ёт биронта сўз ( у оддий бир сўз бўладими, нарсалар, жой ёки одам оти бўладими — фарқи йўқ) кирадиган бўлса, қабул қилувчи тил ўзининг товуш чиқариш қоидасига кўра ўзининг товуш тизимига мослаб (ўзгартириб) қабул қилади. Масалан, араблар "ъийд" деган сўзни бизнинг тилимиз "ҳайит" деб ўзига мослаб қабул қилганидек. Ўрислар "немец" шаклида айтадиган сўз ўзбекчага "немис" бўлиб кирганидек. Ўзбекча айтилишда "Иброҳим" бўлган отни ўрислар ўзининг тилига мослаб "Ибрагим" деб айтаётганидек. "Абу Али ибн Синони Ғарб олами "Авиценна", Ал-Хоразмийни "Алгоритм", Ал-Фарғонийни "Алфраганус" деб қабул қилганидек. Ва ҳоказо.
Дунёнинг ҳамма тиллари мана шу қоида асосида ишлайди ва бу қоиданинг ишлаши ўша тилларнинг мустақил тил эканига далиллардан биридир. Битта биз бу қоидага риоя этмаймиз, афсус. Тўғрироғи, шундай бўлиб қолганмиз. Чунки бугун ўзбекларимиз орасида айримлар (улар кўпчилик) онгига сингиб қолган "Халқаро сўзлар ўзбекчага ҳеч бир ўзгаришсиз айнан қабул қилиниши керак!" деган янглиш, ўта янглиш тушунча аслида совет даврида юргизилган тилни, онгни, руҳни, юракни... ўрислаштириш сиёсати мевасидир.
Афсус, ҳалигача бу хатарли "қоида"дан ҳеч қутула олмаяпмиз. Ҳолбуки, бу "қоида" тагида ўзбекча товуш (талаффуз) мустақиллигини йўқотиш ҳисобига тил табиатини бузиш, товуш чиқадиган жойларимизни ўрисча талаффузга тайёрлаш мақсади ётган эди.
Биз "Чеккадан кираётган сўзлар ўзгаришсиз қабул этилиши керак!" деб ёқа йиртаётганимизда, биринчидан, кираётган у сўз ёки атама ўз тилида бутунлай бошқача талаффуз этилиши билан ишимиз бўлмаяпти, иккинчидан, биз у сўз ёки атамаларни ўрисча талаффуздаги шаклини олаётганимизни билмаяпмиз ва ҳамон шу касалимиз давом этмоқда. Масалан, немислар "Ҳитлер"ни "Гитлер" демайди, ўрислар шундай дейди. Ота-боболаримиз "Пекин"ни "Хонбалиқ" дерди, биз уни ўрисдан "Пекин" деб олдик ва шундай бўлиши керак деб оёқ тираб турибмиз.
Қисқаси, тил мустақиллигига эришиш учун бузилган товуш қўрғонимизни қайтадан тиклашимиз ва уни мустаҳкамлашимиз керак. Дунёда тиллар бир-биридан таъсирланиб туриши бор гап. Ҳеч бир тил топ-тоза эмас. Бу ерда гап чеккадан кираётган сўз ва атамаларни ўзбекча айтилиш қоидасига мослаб (ўзбекчалаштириб) қабул этиш лозимлиги ҳақидадир.

Бунча тушунтиришдан сўнг айрим отлар тилимиз табиатига хос тарзда қандай айтилиши кераклигига ўрнаклар бермоқчиман.

1. Қосим-Жомарт Тоқаев эмас, Қосимжўмард Тўқаев (ёки: Қосим Жўмард Тўқаев).
2. Абдулла Арипов эмас, Абдулла Орипов.
3. Режеб Таиб Эрдоган эмас, Ражаб Тоййиб Эрдўған.
4. Си Цзиньпин эмас, Ши Жин Пин...
5. Вьетнам эмас, Ветнам.
6. ...

Истасангиз, шу руҳда давом эттиринг ёки сўранг.


Azon Global — Муқобил ахборот-таҳлилий канали dan repost
Video oldindan ko‘rish uchun mavjud emas
Telegram'da ko‘rish
Черковнинг чекланиши, коммунизм жиноятлари ва демократия

«Аср шоҳиди» кўрсатуви, 43-қисм

Томоша қилинг 👉 https://youtu.be/6FwFSM8v9io

©️Azon Global


#Ғалвирни_сувдан_кўтарсак

2. МАЧИТЛАР ВА ЁШЛАР

Диққатимни тортган ва энг кўзга кўринган ўзгаришлардан бири мачитларимиз ободлиги бўлди.
Ҳарёқлама обод бўлибди: а) эскилари бузилиб замонавий мачитлар қурилибди; б) эскилари жиддий таъмирланиб замонавий ҳолга келтирилибди; в) энг асосий ободлиги — мачитлар намоз ўқийдиганлар билан тўлибди! (Кўз тегмасин, ишқилиб.)
Маҳалламдаги мачит беш вақт намозга ҳам анча гавжумлашган. Айниқса бомдод кўзимни қувонтирди. Пешин, аср, шом ёки хуфтон (яъни кундузги) намозларида одам қанча бўлса, бомдодда ҳам деярли шунча одам бор! Ва яна, кўпи ёшлар! Одатда ва кўпинча бомдодга ёши катталар, кексалар чиқарди, энди қарасам, қарилардан ёшлар кўп. Ўн етти-ўн саккиз ёшли йигит ёзнинг қисқа кунида уйқусини тарк этиб тонг-саҳарлаб мачитга чиқаётгани албатта одамни суюнтиради ва ҳайратлантиради!
Масалан, Туркия билан солиштирсак, у ёқда беш вақт намозда ёшлар озчиликни ташкил этади. Асосан ўрта ёш ва кексалар. Бизда эса, аксинча: ҳам кўп, ҳам асосий қисми ёшлар! Ҳолбуки, Туркияда дин ҳавас қилгулик даражада эркин.
Сабаб нима бўлса экан, деб ўйлайман. Динимиз сиқувда яхши ривожланадиганга ўхшайди. Яна, билмадим...

1.9k 0 10 16 62

#Ғалвирни_сувдан_кўтарсак

Ойига камида икки мартадан жаримага тушибман.
Нафақа пулим кўпи жарима тўлашга кетди.
Айниқса охирги мартаси жуда оғир ботди. Бир ойда икки милёндан ошиқ жарима тўладим! Тўғрисини айтсам, ачитди роса.
Ҳаммаёқда камера, радар. Булардан кўра ДАН ходими тургани яхши эди, деб юбордим. Ҳеч бўлмаганда уларга сабабини тушунтирасан. Камера гапга тушунмаса! Уйингга хат келади, тамом, тўлашга мажбурсан.
ДАН ташкилоти битта менинг нафақамга қараб қолган бўлса, майли, ўшаларнинг хазинаси тўлсин, деб қанча ачитса ҳам, тўладим албатта.
Лекин, бошқа ёқдан қаралса, жарима шунинг учун жарима — у ачитиши керак! Бундан кейин ачитмасин десангиз, қоидани бузмасликка ҳаракат қиласиз. Ачитмаса, жарималар миқдори озгина бўлса, бемалол қоида бузиб юраверасиз-да.
Ишқилиб, шу келишимда мамлакатим хазинасига анча-мунча сармоя (инвеститсия) киритдим, шунга хурсандман.


Шанба куни ўғлим Файзуллохон билан бирга Аҳмад Лутфий Қозончини зиёрат қилдик.
Камина таржима этган ва бир жилд шаклида янги чоп этилган "Хулафои рошидин" (Тўғри йўлдаги тўрт халифа даврларидан ҳикоя қилувчи) асарини, навбатдаги қаламҳақини ҳамда "Меҳригиё" ширкати бошлиғи ҳурматли Алижон ака (Доктор Али)нинг шифобахш ҳадяларини етказдик.
Яқинда бўйиндан амалиёт кечирибди. Ўзбекистонлик мухлисларидан ҳаққига хайрли дуолар истади.

8.3k 1 54 26 110



Туркларда "Yolcu yolunda gerek" -- "Йўлчи йўлида керак" деган бир чиройли ибора бор.
Йўлдаги одам бирон ерда кўп тўхтаб қолмасдан тезроқ йўлга чиққани яхши, деган маънода.
Бошқа томондан боқилса, йўл йўлчини, йўлчиликни тақозо этади, деб тушунса ҳам бўлади.
Дунёда йўл кўп. Демак, дунёда йўлчи кўп, йўлчилик кўп.
Демак, қайсидир маънода биз ҳаммамиз йўлчимиз.
Шу кунларда йўлга, йўлчиликка чиққанлар, йўлларинг очиқ, йўлчиликларинг хатарсиз бўлсин!



20 ta oxirgi post ko‘rsatilgan.