Кабул Дусов иши: суд Кодексда йўқ жазо белгиланганини тўғри деб топди
Бугун Тошкент шаҳар суди Жиноят ишлари бўйича кассация судлов ҳайъати собиқ депутат ва блогер Кабул Дусовга оид биринчи жиноят иши бўйича шикоятимизни қаноатлантирмади.
Ёдингизда бўлса, Дусов 2024 йил 22 ноябрда ЖК 140-моддаси (“Ҳақорат қилиш”) 3-қисми “а” банди билан 1 йилга озодликни чеклаш жазосига ҳукм қилинган ва “жазони ўташ тартибини бузгани учун” бу муддатнинг ўталмай қолган қисми (11 ой 2 кун) озодликдан маҳрум қилиш жазосига алмаштирилган эди.
Ҳолбуки, 140-модда санкциясида озодликдан маҳрум қилиш жазоси НАЗАРДА ТУТИЛМАГАН! Яъни ЖИБ Яшнобод тумани суди Кодексда йўқ жазони қўллаган эди.
Малакаси юқорироқ ва нисбатан мустақил деб ишонганимиз шаҳар суди судьялари ҳам шунга рози бўлиб ўтиришибди. Асосий аргументлари:
“К.Дусов пробация қоидаларини бузган, “Пробация тўғрисида”ги қонунга кўра бунақа ҳолатларда маҳкумга оғирроқ жазо тайинланади”.Хўп, майли, аммо бунинг учун “оғирроқ жазо” инкриминация қилинган модда санкциясида белгиланган бўлиши керак-ку? Қолаверса, Дусовга шусиз ҳам 140-модда бўйича максимал жазо тайинланган-ку?
Шу важдан маҳкумга нисбатан озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ бўлмаган бошқа жазо тайинлашни сўраган эдик.
Илтимосимиз рад этилди, начора.
Энди умид тафтишдан. Бу мантиқсизлик қайсидир нуқтада тугаши керак.