Аллоҳнинг жазосими ёки инсоният имтиҳони?Лос Анжелесдаги ёниб турган ўрмонлар нафақат Америка, балки бутун дунё учун сигналдир. Инсоният табиий офатлар қаршисида бирлашиши шарт, акс ҳолда бу ёнғин бутун ер юзини «куйдиради».Шу аснода Саъдий Шерозийнинг машҳур байти қайта ва қайта хаёлга келяпти:
«Бани одам аъзои якдигаранд,
Ки дар офариниш зи як гавҳаранд.
Чу узве ба дард оварад рўзгор,
Дигар узвҳоро намонад қарор».Мазмуни:
«Одам болалари ибтидода бир гавҳардан бино бўлганлари туфайли яхлит бир вужуд кабидирлар. Бинобарин, замон унинг бир аъзосига жароҳат етказса, бошқа аъзолари ҳам ўз тинчини йўқотади».Инсонлар бир гавҳардан яратилган, уларнинг ичидаги фарқлар, эътиқод ёки тил бўлсин, табиий ҳолатдир. Лекин биз бир ўрмондай ўзаро боғлиқмиз: бир шохнинг ёниши унинг атрофидаги барча дарахтларга зарар етказади. Бугунги кунда Лос Анжелесдаги ўрмон ёнғинларини “мусулмон бўлмаганларга жазо” деб англаш, на ислом бағрикенглигига ва на инсоният қадриятларига мос келади.
Ислом дини инсониятга нафақат адолат ва ҳақиқат, балки ҳимматлилик ва бағрикенглик билан ёндашишни уқтиради. Қуръони Каримда шундай оят бор:
“Ким бир жонни ноҳақдан ёки ер юзида фасод қилмаса ҳам ўлдирса, гўё барча инсонларни ўлдирган бўлади. Ким уни тирилтирса (ҳаётини сақлаб қолса) гўё барча инсонларни тирилтиргандек бўлади”. (Моида, 32-оят).
Бу оят фақат бир дин ёки миллат вакилларини эмас, барча инсонларни ҳимоя қилишга чақиради. Оламшумул ёнғинлар, табиий офатлар бизни ажратиш эмас, аксинча, бирлаштириши керак.
Пандемия бунга мисол. Ўшанда номусулмонлар яратган вакцинани қабул қилмадикми? Номусулмонларнинг гуманитар ёрдамларини қабул қилмадикми? Дунё ўшанда қайсидир маънода бирлашмадими? Одамлар одамга айланмадими? Афсуски, тез унутдик.
Демак, ҳозирги ҳолатда ёрдамга муҳтожларга қўл узатиш ҳақиқий имонли инсоннинг иши. Ҳеч бўлмаса инсоният, она замин учун дуо қилиб қўйинг!
Бу ёнғин бутун инсониятни куйдиради...Лос Анжелесдаги ўрмон ёнғинлари нафақат шу минтақа аҳолисига, балки бутун дунёга зарар етказиши мумкин.
Аввало,
экологик мувозанат бузилади. Ўрмонлар нафақат заҳарли газларни ютиб, кислород ишлаб чиқаради, балки турли жонзотлар учун яшаш манбаидир. Бу ёнғинлар бутун дунё
иқлимига салбий таъсир қилади. Катта миқдорда ёнган дарахтлар атмосферага юзлаб тонна ис газини чиқаради, бу эса ер юзидаги исишни янада тезлаштиради.
Сув захираларига салбий таъсир қилади. Ёнғинлар туфайли сув манбалари бузилиши, чўлланишнинг ортиши экологик ҳалокатларга олиб келади.
Саъдийнинг байтида айтилганидек, бирор аъзо оғриқда бўлса, бошқа аъзолар ҳам тинчимаслиги керак. Инсоният бир вужуд кабидир: бугун Америкада ёнғин бўлса, эртага бошқа бир ерда бўлиши мумкин.
Бу ёнғин эртами-кечми, барибир ўчади. Бироқ номусулмонларнинг кўнглида бир хотира қолади. Мусулмонлар уларга ҳамдард бўлмагани, Аллоҳнинг жазоси келди, дея ўзига таскин бергани, уларнинг оҳ-воҳидан маза қилишганинигина эслаб қолишади. Шу, холос! Биз уларнинг ҳалокати сабаб асло кучайиб кетмаймиз. Чунки ўзимиз ислоҳга муҳтожмиз...
Ислом кечиради, имкон беради. Ёрдам беринг, дуо қилинг, бутун инсониятга инсоф берсин, тинчлик бўлсин!
Исомиддин Пўлатов.👉
@jomboytongi