Янги Ўзбекистонда хотин-қизларнинг оғирини енгил қилиш, улар учун барча соҳаларда зарур шароитларни яратиб бериш доимо давлат сиёсатининг энг устувор йўналишларидан бири бўлиб қолади.
Бу ҳақида Президентимиз Кўксарой қароргоҳида Халқаро хотин-қизлар куни муносабати билан ташкил қилинган байрам тадбирида алоҳида таъкидлади.
Давлатимиз раҳбари муҳтарама оналар, азиз опа-сингилларни самимий қутлар экан, хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини тўлиқ таъминлаш, қадр-қимматини улуғлаш давлатимиз сиёсатида етакчи ўринда эканини таъкидлади.
Байрам табригида партиямиз мақсад ва ғояларига ҳамоҳанг бўлган хотин-қизлар бандлигини таъминлаш ва тадбиркорликка жалб этиш масалаларига ҳам алоҳида тўхталиб ўтилди. Бу борадаги амалий қадам сифатида Савдо-саноат палатаси ҳузурида Тадбиркор аёллар кенгашини ташкил этиш ташаббусини илгари сурди. Ушбу кенгаш жойларда аёл тадбиркорларни қийнаётган ҳаётий муаммоларни ҳал қилиш бўйича тўғридан-тўғри парламент олдига масала қўйиш ваколатига эга бўлади.
Бу йил маҳаллаларда аёллар тадбиркорлиги лойиҳалари учун қўшимча 3,3 триллион сўм ажратилади. Хусусан, оилавий тадбиркорлик дастурлари доирасида яна 100 миллион доллар берилади. Бунга қўшимча равишда тижорат банклари ҳам 100 миллион доллар жалб қилиб, маҳаллаларда ўзини ўзи банд қилган хотин-қизларга 50 миллион сўмгача гаровсиз кредитлар ажратади.
Қайд этилганидек, аёллар тадбиркорлигини ривожлантириш бўйича 4 босқичли янги тизим йўлга қўйилади. Биринчи босқичда бизнесга қизиққан, лекин кўникмаси бўлмаган 20 минг нафар хотин-қиз тадбиркорликка ўқитилади. Иккинчи босқичда ўзини ўзи банд қилган 100 минг нафар аёлнинг кичик тадбиркор бўлишига кўмаклашилади. Учинчи босқичда “Ҳамроҳ” компанияси ҳар бир туманда 2 тадан кичик корхона намунали ўрта бизнес даражасига олиб чиқишга масъул бўлади. Тўртинчи босқичда энг фаол 50 нафар аёл тадбиркор йиллик айланмаси 100 миллиард сўмдан ошадиган “чемпион тадбиркор”га айлантирилади.
Бу йил касб-ҳунарга ўқитиш, ишли қилиш ва тадбиркорликни ривожлантириш ҳисобидан 2 миллион нафар аёлнинг бандлигини таъминлаш мақсад қилинган.
Президентимизнинг хотин-қизларимизни барча соҳаларда қўллаб-қувватлаш борасидаги ташаббусларини тўлиқ эътироф этамиз, O‘zLiDeP ҳам ана шу юксак эътирофга ҳамоҳанг равишда ўз дастурий вазифалари ижросини таъминлашда фаол иш олиб боради.
@a_xaitov