#тўй #исроф #орзу_ҳавас #ижтимоий_эҳтиёж #ижтимоий_ғоя
Халқимиз тўйларга ҳаддан ташқари кўп ресурс сарфлаши ҳақида юз йил олдин ҳам жон куйдириб жадидлар ёзишар эди. Энг забардаст ёзувчилар ҳам тўхтамай ёзишди. Ҳатто бунга қарши давлат дастурлари, жазо чоралари ишлаб чиқилиб, расман курашиб ҳам кўрилди. Ҳозир ҳам зиёлилар қайта-қайта танқид қилиб ёзишаяпти. (Медиада ва шартли "Оталар сўзи"да бу мавзу кўтарилавериб, тутаб кетди.)
Модомики, шунча уриниш ва танқидлардан кейин ҳам бу феномен мустаҳкам сақланиб қолаётган экан, хулоса битта.
Данғиллама тўй қилишнинг, ўн йил азоб билан, мисқоллаб йиғилган пулларга бир соатлик артист чақириб, йўқ қилишнинг, ўз ИЖТИМОИЙ ФУНКЦИЯСИ бор. (тўйдан кейинги исроф маросимларнинг ҳам)
Бунинг ўрнига, ўша функцияни бажара оладиган, ишончли муқобил нарса таклиф берилмагунча, бу жараён ТЎХ-ТА-МАЙ-ДИ.
Лекин кимгаям керак шу бош оғриқ?
- Тўйлар нима қўшимча функцияни бажараётганини аниқлаш учун ижтимоий тадқиқот керак. Ҳатто жавобни гўёки "шундоғам сезиб турган" бўлсак ҳам, икир-чикиригача ўрганиб чиқмаса, сифатли ечим чиқмайди.
- Унинг муқобил вариантларини топиб, энг оптималларини ишлаб чиқиш учун ҳам яхшигина изланиш керак.
- Ечимлар, халқ ҳаётига органик тадбиқ бўладими-йўқми, буни аниқлаш учун ўнлаб ижтимоий тажрибалар ўтказилиши ва ўнлаб гипотезалар текширилиши керак (кичикроқ кўламда).
- Ва бу бир марталик жараён эмас. ечимлар вақт ўтиши билан эскирса, жамият тезда яна эски ўзанга қайта бошлайди. Кичикроқ кўламда бўлсаям, доимий изланиш керак бўлади.
- Буларнинг ҳаммаси учун яхши социологлар ва ресурс керак (ресурс айнан маблағ бўлиши шарт эмас, қайсидир жонкуярларнинг вақти бўлиши ҳам мумкин).
Кўриниб турибдики, катта меҳнат. Арзийдими, деган савол пайдо бўлади. Лекин бунинг бонус эффекти бор: битта шунақа сифатли ижтимоий тадқиқот, бир нечта ёндош тадқиқотлар учун информацион база беради, хамиртуруш бўлади. Зийракроқ тадқиқотчилар, битта ечим топиш жараёнида, битта гипотезани текшириш жараёнида , албатта кутилмаган ёндош муаммоларга ҳам ечимлар кўради.
Шахсан ишончим комилки, охирида бу меҳнатни монетизация қилса ҳам бўлади. Чунки тадқиқот жамиятнинг каттагина қатламининг кўздан яширин мотивларини очиб беради. Бу инфо эса озми-кўпми пул туради.
п.с. бу битта муаммо атрофидаги гап-сўзларга мисол холос. Кўзимизга хунук ёки аҳмоқона кўринган нарсаларда савол бериб кўрайлик: "балки бу иррационал ҳодисанинг жудаям рационал пойдевори бордир?"
Ўзимизга савол бериб, унга жавоб қидириш машаққатидан кўра, "халқимиз исрофгар ва ноадекват", "одам бўлмаймиз", "юз йилдан бери шу аҳвол", "биздака нодон халқ йўқ", "тубанлашиб кетдик", "баттар бўлайлик", дейиш албатта анча осон ва хавфсиз.
Bobur Niyozov
🌾
@Hikmatlar _ Hikmat mo‘minning yo‘qotganidir, qayerda topsa olishga haqli...