Суҳбат чўзилиб кетган назаримда, натижада суҳбатни охирида қандай фикр айтилмоқчи ўзи деган савол жавобсиз қолгандек. Суҳбатни бошида айрим яхши фикрлар айтилди, кейин эса узундан узоқ цензура атрофидаги гапларга ўралашиб қолинди. Цензура бу театрлар учун 3-4чи муаммо.
Асосийси, театрларда ижодий муҳит йўқлиги, изланиш йўқлиги, режиссерлар учун етакчи жаҳон театрларида, етакчи режиссерлар олдида стажировкада бўлиш имконияти йўқлиги. Ёш дейилаётган режиссерлар айрим давлат театрларида бош режиссер этиб тайинланганидан кейин ҳам театрда сифат ўзгариши бўлгани йўқ, ўша-ўша юзакилик.
Давлат театрларида ёш режиссер постановка плани, бирор аллома юбилейига буюртма спектакли, театр директорига ижодий масалаларда бўйсиниш омиллари туфайли бўш, саёз спектакллар штамповкасига ўтиб қоляпти. Натижада театрда ўз “ижодий” тақдирига кўникиб улгурган актерлар сингари, режиссерда ҳам ўз ўртамиёна ижодига, Стокгольм синдромига учраган одамдек, кўникиш пайдо бўляпти. Бунинг устига шундай саёз спектакллар учун давлат унвонлари берилиши, мукофот билан тақдирланиши ёш режиссерда ўртамиёналик ижод чўққиси экан, деган нотўғри тасаввур беряпти.
Спектакллар учун ажратилаётган давлат буюртмаси режиссерларни сифатли, бадиий юксак спектакллар яратишга эмас, буюртма маблағни ўз муддатида “ўзлаштириш”, вазирлик бадиий кенгашидан “ўтказиб олиш” ва яна саёз спектакллар оқимини давом эттиришга имкон яратяпти.
Суҳбатда давлат театрларини бюджетдан ажратиб, ўзини молиялаш тизимига ўтиш муҳокама қилинди. Бу радикал чора, лекин ўн йиллаб давом этаётган театрлардаги ижодий инқироз туфайли эҳтимол шу чора тўғримикан, деган савол юзага келади. Албатта, бу тартиб жорий қилинадиган бўлса давлат томонидан катта ёшдаги театр санъаткорлари учун ижтимоий ҳимоя чоралари кўрилиши керак.
Театрда ижодий лабораторияларни ташкил этиш, ўз кучини синаб кўриш истаги бўлган режиссер, рассом, актерлар жамоасига кичик саҳна, театр фойеси каби жойларда спектакл эскизини яратиш, томошабин, театр мутахассислари учун эскизлар кўригини ўтказиш, яхши баҳоланган эскиз асосида спектакл яратиш учун шароит қилиб бериш каби имкониятлардан кўп бора айтилишига қарамай давлат театрлари юз ўгириб келмоқда. Театр раҳбарлари учун ижодий лабораториядан кўра вазирлик мансабдорлари билан “иноқлик” афзал.
https://m.youtube.com/watch?v=bZ5sPXUOfns