ДРАБЛЛАР | қисқа ҳикоялар


Kanal geosi va tili: O‘zbekiston, O‘zbekcha
Toifa: Kitoblar


Романлар очко ҳисобига ютса, ҳикоя нокаут билан ғолиб келади.
• Канал яратувчиси:
Нилуфар Обидова(Аржумандбегим)
• Боғланиш: @Arjumandbegimga_yozishbot

Связанные каналы  |  Похожие каналы

Kanal geosi va tili
O‘zbekiston, O‘zbekcha
Statistika
Postlar filtri


ПАЛТО

Аёл сақичдай қора, кумушдай товланаётган мўйнали палтони кийиб, ўзини ойнага соларкан, чарос кўзлари яшнаб кетди, лекин дарҳол лабларини қимтиб, тўқ қизил, савлатдор диванда газета варақлаб ўтирган эрига оҳиста, ишвали оҳангда сўз қотди.
— Ярашдими, дадаси?
Эр бир-иккита оқ оралаган, қуюқ сочли бошини хиёл кўтарди, симобранг гардишли кўзойнаги тепасидан бирров назар ташлаб: «Ярашди, жуда ярашди!» деди-да, ўз юмушида давом этди.
Аёлнинг ҳилолсимон қошлари чимирилди: «Пандавақи. Ақалли қайси пулингга олдинг ҳам демайди-я...»

Қамчибек Кенжа

@drabllar | қисқа ҳикоялар


​​СУТ

Эшикдан қизча мўралади.
– Сут берайкансиз, эна.
– Вой, айланай-ей!
Ойхол момо унга сут берди.
– Сигирнинг сути кўп, келаверинглар.
– Раҳмат.
Қизча уйнинг ортига ўтганида, момонинг келини йўлини тўсди.
– Сигир олсаларинг бўлмайдими?
У пақирчани юлқиб олмоқчи бўлди, қизча музда тойиб йиқилди, сут устига тўкилди.
Йиғлаб уйига қайтди қизча...
...Келин чақалоқ қилган, йиғлаб кўкрагини сиқади, бир томчи сут йўқ!

Шониёз Мелибоев

@drabllar | қисқа ҳикоялар

2.5k 0 11 16 78

БЕКАТДА

Кўҳликкина жувон сочига қўл текканини сезди-ю, шартта ўгирилиб, ортида турган эркакнинг бетига тарсаки туширди.
— Уятсиз! Аблаҳ!
Жувон жўнаб кетди, сал нарида турган йигитлар келиб, эркакни ерга чўзиб ташлашди.
— Аёлга нега тегиндинг, болам? - сўради бир чол.
Эркак йиртилган лабига кафтини босди:
— Сочида чаён ёпишиб турган экан, уриб туширмоқчи бўлдим. У мени нотўғри тушунди, шекилли.
— Туширдингми?!
— Йўқ.

Шониёз Мелибоев

@drabllar | қисқа ҳикоялар

2.8k 0 10 8 102

ТAРБИЯМ ЙЎЛ ҚЎЙМAЙДИ (ҲAЖВИЯ)

— Вой ярамас-эй!..
Бу хотиннинг нега мени сўкаётганини тушунолмай қолдим. «Кечирасиз, нега мени сўкаяпсиз?» деб сўрамоқчи ҳам бўлдим. Aммо индамай қўя қолдим.
— Яна кўзини лўқ қилганига ўлайми? Мен сенга кўрсатиб қўярдим-у аммо тарбиям бунга йўл қўймайди-да.
Aвтобус йўловчилар билан тирбанд эди. Ҳамма бизга тикилиб қарарди. Мен яхшиси сукут сақлаган маъқул деб ўйладим. Aммо хотиннинг жағи тинмасди:
— Сурбет!..Тўнка!..Aблаҳ!..Тарбиянинг кўчасидан ўтмаган галварс! Қандай оиладан эканлигинг шундоқ кўриниб турибди!..
Икки марта оғиз жуфтлаб, «Хоним, ўзингизни қўлга олинг!» демоқчи ҳам бўлдим. Aммо яна индамадим.
— Тупурдим юзингга! Aгар тарбиям йўл қўйганда эди, сенга кўрсатиб қўярдим...
Aтрофдан танбеҳлар ёғила бошлади:
— Уят эмасми! Aёл кишига ҳам шунақа муомала қилинадими?
— У нима қилибди ўзи?
— Шилқимлик қилган бўлса керак.
— Эҳтимол оёғини босиб олгандир.
— Сиз қаёқдан биласиз, балки қўлига эрк бергандир...
Aгар шу тобда автобус тўхтаса эди, иккиланмай тушиб қолган бўлардим. Ҳалиги хотин эса ҳамон пулемётдай тинимсиз жаврарди. Уни тинчитишга ҳеч кимнинг ҳадди сиғмасди...
— Уят деган нарса йўқ экан-да! Одоб деган нарсанинг кўчасидан ҳам ўтмаган! Aёл кишининг иффатини қаёқдан ҳам билсин. Aфсус, тарбиям йўл қўймайди-да...Мен сенга кўрсатиб қўйган бўлардим!..
Ё тавба!..Кошки бирон айбим бўлса!..Унга тирноғимнинг учи теккан бўлса тил тортмай ўлай! Aгар теккан бўлса ҳам менинг айбим нима? Aвтобус тирбанд бўлса...
— Вой пасткаш-эй! Тарбия кўрган аёлга дуч келганинг учун шукур қил. Aкс ҳолда мен сенга...
Мен терлаб кетдим.
— Бунақа ярамаслар атай тирбанд автобусларга ўтиришади...Мен сенга...Омадинг бор экан, тарбияли аёлга дуч келдинг...
Чамаси, тоқатим тоқ бўлди. Менинг ўрнимда тош бўлганда ҳам портлаб кетарди.
— Шукур қил, мен тарбия кўрган аёлман. Aкс ҳолда оғзингдан қулоғинггача йиртиб ташлардим.
Йўловчилардан ҳеч ким ёнимни олай демасди. Ҳамма хотиннинг тарафида эди:
— Эҳтимол шилқимлик қилгандир...
— Хотин нима десаям барибир ҳақ!
— Ҳаддидан ошиб кетган-да! Ҳамма нарсанинг меёри бор.
Охир-оқибат хотин тиниб-тинчиш ўрнига яна баттар жазавага туша бошлади.
— Вой аблаҳ-эй! Вой ярамас-эй! Aгар жа-а ҳирсинг жўшиб кетган бўлса, қаерга бориш кераклигини кўрсатиб қўйишим мумкин. Тушундингми? Тушундингми деяпман? Худо ҳаққи агар тарбиям йўл қўйганда эди...
Бас. Пичоқ суякка етди. Ҳамма нарсанинг чеки-чегараси бор. Тирсакларим билан ўзимга йўл очиб, хотиннинг олдига бордим, қўлларидан тутиб дедим:
— Хоним, айтингчи, мен сизга нима қилдим ўзи?
Хотин хо-холаб кулиб юборди:
— Одамлар! Мана бу бечорага бир қараб қўйинглар! У ҳам ўзини эркакман деб юрибди. Сен қаёқдан пайдо бўлиб қолдинг? Наҳотки сен ҳам эркак бўлсанг? Наҳотки мен сенга гапирган бўлсам? Энсамни қотирма! Бор-э тошингни тер! Сенга гапираман деб ҳеч кимнинг кўзи учиб тургани йўқ. Мен ана бу баланд бўйли, келишган йигитга гапиряпман...
Aвтобус Тақсим майдонида тўхтади. Aвтобусдан қандай сакраб тушганимни сезмай қолдим. Хотин ҳамон жаврарди:
— Қариб қуюлмаган галварс! Хомтама бўлиб менга гапирган деб ўйлаганига ўлайми?..Aфсуски тарбиям йўл қўймайди-да, акс ҳолда тавбасига таянтириб қўярдим!
Ёшинг ўтиб қолса қийин бўларкан. Ҳатто хотинлар ҳам сени сўкмай қўяркан...

Aзиз Несин
Шодмон Отабек таржимаси


@drabllar | қисқа ҳикоялар


Кўҳликкина жувон сочига қўл текканини сезди-ю, шартта ўгирилиб, ортида турган эркакнинг бетига тарсаки туширди.
— Уятсиз! Аблаҳ!
Жувон жўнаб кетди, сал нарида турган йигитлар келиб, эркакни ерга чўзиб ташлашди.
— Аёлга нега тегиндинг, болам?

давомини ўқинг…


Аёл

Аёл тугунни чап қўлига кўтарди. Боласини ўнг қўлига олди.
— Болам, энди биз бу ерлардан кетамиз.
Ортиқчалик қилиб қолдик.
Кўзлари, юзлари кўкарган аёл оғриқлардан оқсаб оқсаб қадам босди.
Дарвозага яқин келганида боласини ерга қўйиб, ҳали ҳам спиртли ичимликдан ўзига келмасдан уйқуда ётган эрининг ёнига косада сув, бошига ёстиқ қўйди.
Кейин яна йўлида давом этди.

Нуриддин Зиё

@drabllar | қисқа ҳикоялар


БИТТА ОДАМ ОРТИҚЧА
(ҳажвия)

Эрталаб. Бекат. Автобус тиқилинч. Йўловчилар унинг устига чиққудек бўлиб осилмоқда. Қий-чув, шовқин-сурон...
— Сал сурилинг, ака! Э, яшанг, яна бир сантиметр!..
— Ўв, секинроқ! Кўз қаёқда, оёқни эздинг-ку, номард?!
— Қани, қани, яна жиндек сурилинглар-чи, азаматлар! Битта яхши одам қолиб кетмасин! 
— Э, қаёққа чиқаман? Оёқ қўядиган жой йўқ-ку, амаки!
 — Шу-у... аптобусни резинкадан ишлаб чиқарилса бўлмасмикан-а! Ҳаммамиз сиғиб кетардик!..
Буларга қўшимча микрофон орқали гапираётган ҳайдовчининг бўғиқ товуши қулоққа чалиниб қоларди: 
 — Агар эшиклар ёпилмаса, ҳеч қаёққа қимирламайман!..
Боз устига қўлига бир даста пул ушлаб олган бақалоқ чиптачи хотин ҳам ҳали олд, ҳали орқа эшик олдида чирқиллагани-чирқиллаган эди:
— Йўл ҳақи тўлашни унутманглар! Автобусга сиғмай қолганлар хафа бўлишмасин. Орқадан бошқаси келяпти... Ҳо-ой, сизни чиптангиз қани яхши, йигит? Қани, қани, тез-тез қимирлай қолинглар! График бузилмасин. Орқа эшик ёпилмагунча автобус юрмайди. Чиқинглар, чиқа қолинглар!..
 — Қаёққа чиқамиз, опа? — дейман бўғилиб. — Томига чиқиб бўлмайди-ку, ахир?
— Буниси менинг ишим эмас, — дейди у. — Чиқинглар! Бўлмаса, ортиқча йўловчилар тушиб қолишсин!
— Тўғри айтасиз, — ҳиринглайди эшикка осилиб турган талаба йигитчалардан бири. — Шу, битта одам ортиқчалик қилиб турибди-да!
— Ким ортиқча? — дўриллаб бўйнини чўзади унинг орқасида осилиб турган барзанги йигит.
— Сизни айтмаяпман-ку, ака, — бўйнини қисади талаба йигитча.
— Қани азаматлар, яна бир уриниб кўрайлик! Қолган-қолди, кетган-кетди! — хитоб қилади бошқа бир йўловчи.
... Ҳансираш, чираниш, инқиллаш, оҳ-уҳ бошланди ва ниҳоят эшиклар ғирчиллаб аранг ёпилди. Автобус йўлга тушди. Бир бекат юрди, икки бекат. Негадир бақалоқ чиптачи хотиннинг овози эшитилмай қолди.
— Тўғри, битта одам ортиқча экан! — енгил нафас олди йўловчилар...

Эркин Усмон

@drabllar | қисқа ҳикоялар


Виждон

«Пулини кимнинг номига ёзай?» — деди янга қайни укасининг қўлига тўрт дона тухум тутаркан.
Одамлар орасида ранги қизарган йигит қўлидагини пештахта устида қайтариб қўйди. Йўлда кета туриб…

давомини ўқинг


Ҳолва

— Ўғлим, бугун...
— Дада, илтимос кейин гаплашайлик! Биласизку, ишим жуда кўп.
— Мен... Aйтмоқчийдимки...
— Дадааа, ҳали Нигорани боғчага олиб боришим керак. Келинингиз бозорга ташлаб ўтинг, деяпти! Ишга кеч қоламан, тушинсангизчи!
Ўғил чиқиб кетди.
Ота ўғил ортидан қараб қоларкан, шивирлади:
— Қайтишингда ҳолва олиб кел, демоқчи эдим. Онангни егиси келибди. Бугун етмиш иккига кирди...

Муаттар Йўлдошалиева

@drabllar | обуначилардан

3.2k 0 16 17 110

Ҳожатбарор

— Кечирасиз, биродар! Сизга бир саволим бор эди.
— Қанақа савол? Бемалол, бераверинг!
— Ҳаётингиз давомида одамлар сиздан кўпроқ қайси гапни эшитган?
— “Арзимайди!”

Жасур Сафаров

@drabllar | обуначилардан


Боғда

— Воййй, олмааа...
— Олсанг эгасидан сўраб ол!
— Эээ... сўрагани уяламан.
— Ўғирлашгачи?!

Фарҳоджон Қосимов

@drabllar | қисқа ҳикоялар


Статистика

Жувон газета ўқиб ўтирар экан, ғалати бир статистикага дуч келди: «Мамлакатимизда ҳар бир оилага уч яримтадан фарзанд тўғри келади».
– Ёлғон! Ғирт уйдирма бу! – дея газетани ирғитиб юборди жувон. − Ишонмайман бу статистикага!
«Бизда, ҳеч бўлмаса, шу яримта ҳам йўқ-ку!» – дея унсиз йиғларди у.
Сабаби, жувон тирноққа зор эди.

Жасур Кенгбоев

@drabllar | қисқа ҳикоялар


Айрим каналларнинг ҳикояларни манбаасиз кўчирганига унча эътибор бермайман. Лекин муаллифини ёзмаганини кўрсам жаҳлим чиқади.

Ҳикояни каналингизга қўйиб ФОЙДАЛАНЯПСИЗМИ муаллифини ҳам ҲУРМАТ ҚИЛИНГ!


Ўзбек

Аравакаш. Йиғлаяпти. Ваҳимага тушган. Юкнинг эгасини йўқотиб қўйибди. Энди нима қилади?

Дилобар Аслиддин қизи

@drabllar | қисқа ҳикоялар


Ота

Қобил ака ўғли Aнваржонни ариқ бўйида кута-кута соатни ҳам тунги икки қилди. Учда Aнвар келиб уни уйғотди. Ота-бола уйга келиб энди ётганди ҳамки, айвондан овоз келди:
Қобилжон қайтдингларингми болам!?

Азизбек Абдалимов

@drabllar | обуначилардан


Имтиҳон

— Ғалвирни сувдан кўтарадиган вақт келди,– деди домла.
Маънавий заиф талабалар “кўтарма кран” учун пул йиғишга тушишди.

Аслиддин

@drabllar | қисқа ҳикоялар


КИТОБ

Бугун китобим чиқди.
Ҳар гал янги китобим чиқиши билан биринчи нусхасини онамга атар эдим. Ҳар гал бир хил сўз ёзиб берардим: «Биринчи ўқитувчим – онамга!» Онам китобни кўриши билан кўзлари қувончдан порлаб кетар, узундан-узоқ дуо қилар, пешонамдан ўпиб, яккаш битта гапни такрорлар эди.
– Сен менинг суянган тоғимсан, ўғлим...
Кейин худди биров олиб қўядигандек, китобни ёстиғининг тагига яширарди.
Шунда мен китобим чиққани учун ўзимдан кўпроқ онам қувонганини билиб турардим.
Бир куни маҳалланинг нариги чеккасида турадиган нонвойникига кириб қолдим. (Нима юмуш билан борганим эсимда йўқ.) Қарасам, ёғоч сўрида китобим ётибди. Варақлари титилган, офтобда сарғайиб кетган. Қизиқиб қўлимга олдим. Ўқисам, ўзимнинг дастхатим: «Биринчи ўқитувчим – онамга!»
Ўшанда нима учун бундай аҳволга тушганимни билмайман. Худди биров мени масхара қилаётгандек бўлиб кетди. Келиб онамга тўнғилладим:
– Китобни етти маҳалла нарига ташлаб келинг, деб берганмидим сизга!
Онам айбдор қиёфада маъюс жилмайди.
– Мавлу ҳеч қўймади-да, болам. «Битта ўқиб бераман», деди.
– Мавлудагача яна мингта қўлдан ўтгани кўриниб турибди, – дедим зарда билан. – Мақтангансиз.
– Ўзингни сиқма, жон болам. Ҳозир олиб келаман.
Чиндан ҳам, ўша куни китоб қайтиб келди...
Ҳар гал китобим чиқса, онам бир гапни айтарди:
– Сен менинг суянган тоғимсан, ўғлим...
Билмаган эканман, мен онамнинг эмас, онам менинг суянган тоғим экан. Тоғим тўсатдан қулаб тушди. Бугун янги китобим чиқди. Биринчи нусхасини эмас, битта нусхасини эмас, олтмиш минг китобнинг ҳаммасини онамга бағишладим. Лекин...

Ўткир Ҳошимов

@drabllar | қисқа ҳикоялар

2.9k 0 16 11 97

Эр ухлаётган хотинининг кўкарган юзини оҳиста силаркан, ўйчан шивирлаб қўйди: қўлим синсин...

Эътибор Aмирова

@drabllar | обуначилардан

2.9k 0 14 32 64

Одамлар

Қиш. Шахноза эгилибгина автобусга чиқди. Бўйлари узун, кўҳликкина бу қизнинг ушбу ҳолатидан автобусдагилар илжайиб қўйди. Қиз йигитнинг ёнидаги бўш жойга ўтирди:
— Яхши қиз, мана бу "порточка"ни ёпиб юборинг, шундоқ қўлингизни чўзсангиз етаркан. Бу гапдан автобус орқасида тўпланиб турган бир талай болалар бақириб кулиб юборишди. Қиз бор қаҳр-ғазабини тўплаб йигитга сочди:
— Уятсиз, сени ҳам она туққан-ку, безбет!
Aвтобус ортидан эса пичир-пичир овозлар эшитилди:
—Ҳааҳ уятсиз, қиз боплади. Бу ёшлар жаа бетарбия бўлиб кетишяпти, беадаб.
Қишнинг аччиқ шамоли яна бир бекат автобус ойнасидан эсиб турди. Қиз олдида жим кетаётган "безбет" дир-дир титраса-да, туриб деразачани ёпишга унамади.
— Зиёлилар бекати!! Тушадиганлар келинг - автобус чипта тарқатувчиси чақириғидан йигит ёнида турган қўлтиқ таёғини олди-ю, авайлабгина автобусдан тушиб кетди...
— Оббо қиз қурғуреее, ўзи кўнгли ярим бечора йигит экан. Дилини оғритибди. Инсоф ҳам қолмаган одамларда..., — автобус ортидан яна ўша таниш овозлар эшитилди.

Aзизбек Aбдалимов

@drabllar | обуначилардан


Чин муҳаббат

Қиш. Ярим тун. Ой оппоқ қорга бурканган ҳовли тепасида нур таратиб турарди...
Онанинг оёқлари оқсоқ. Тунлари қоқшаб ухлашга бермайди, мана бу тун ҳам шу оғриқлар ичида ўғлини уйғотиб юборди.
— Яхшисимисиз, ойижон? Бирор нима керакми?
— Сув...
Фарзанд сув олиб келгани чиқиб кетди ва қайтаётиб хона деразасидан онасининг ухлаб қолганини кўрди...
Тонг. Қуёш эшик ғирчиллаб онасини уйғотишидан чўчиб остонада тонг оттирган ўғил сочларини силаб уйғотди...

Рухсора Хабибуллаева

@drabllar | обуначилардан

2.5k 0 11 11 77
20 ta oxirgi post ko‘rsatilgan.