Табрик“Чемпион” газетаси энди-энди тетапоя бўлаётган давр. Таҳририятга янги йигитлар тўпланган, энг муҳими ҳаммаси яхши ниятли холис йигитлар эди. Янги авлод фарзандлари эди.
Ўйлашимча, ўша газета камина каби журналист бўлиб танилганлардан кўра, янги номларни юзага чиқариш учун яхши восита бўлган. Ҳозирда “Чемпион”да илк мақолаларини ёзган йигитлар чин маънода етук журналист бўлиб етишишди.
Қизиғи, ўша пайтнинг ўзидаёқ улар турли хил услубда ёзишардию, маслак ягона эди. Гўёки узоқ вақт қидирган масканларини топишгану, дарҳол ишга киришиб кетгандек тасаввур уйғонган менда. Танланганлар мактаби бўлиб чиқди кейинчалик ул даргоҳ.
Бугун “Дарё” сайтининг бош муҳарририга айланган Муҳрим Аъзамхўжаев бу мактабнинг энг ёш ва энг истеъдодли талабаси эди. Буни ўша пайтдаёқ ҳамма билган. Ким қай манзилгача борадию, ким қай нуқтада тўхтайди, тахмин қилиш мушкул эмасди. Баъзилар ҳақидаги тахминлар ўзини оқламагандир, яъни тўхташ нуқтаси анча юқори бўлиб чиқди, лекин Муҳрим ҳақида менимча ҳамма бирдек ишончда бўлган: ўта кучли ва ҳассос журналист бўлиши аниқ! Ҳеч ким адашмади.
Муҳримнинг кўпчиликдан устунлиги – ёзишдаги тили ва ўта холислиги. Фаросати ва фаҳми. Ўзгармаслиги.
Баъзиларда айни шу жиҳатлар етишмаганидан ажойиб мақолаларига нимадир етишмаётгандек туюлаверади. Муҳрим эса, ёшлигиданоқ бу нуктанинг сезгир вакили эди.
(Фаросат дегани чиндан ҳам одамга берилади ё берилмайди. Бугунги кун қаҳрамонига бир инсонни безагулик миқдорда берилган).
Муҳримнинг бугунги лавозими унга қандайдир мавқе бўлолмайди. Умуман бирор бир лавозим...
Йўл-йўлакай қўриқлар очишга ўрганган укамиз шу билан “зўр” бўлиб қолмайди-ку, тўғрими?! Унинг Муҳримлиги ҳаммасидан устун. Унинг холислиги, вазиятга фаросат билан қараши энг ноёб хислати аслида.
Шундай бўлса-да, бугун Муҳримни табриклашимиз керак.
Шунақа йигитлар раҳбар бўляптими, демак, келажагимизга умид кўзи билан қарасак бўлади. Адаша-адаша йўлимизни топаётганимиздан, жамиятимиз ислоҳ бўлаётганидан дарак деб ўйладим бу ишни. Ўзи бу туйғулар Муҳримнинг-да бош орзуси бўлса керак.
Хуллас, самимий қутловларимиз...
https://daryo.uz/k/2019/12/23/muhrim-azamxojayev-daryo-bosh-muharriri-etib-tayinlandi