Advokat Sharipov | Rasmiy


Kanal geosi va tili: O‘zbekiston, O‘zbekcha
Toifa: Huquq


Ҳуқуқий масалаларда сиз учун ишончли ҳамроҳ!!!
Адвокатга мурожаат учун: @advokat_sharipov

Связанные каналы

Kanal geosi va tili
O‘zbekiston, O‘zbekcha
Toifa
Huquq
Statistika
Postlar filtri


18 минга яқин аёллар “қатоғон қурбони” бўлганлигини билармидингиз?

ЎзА муҳбири Муҳтарама Комилованинг мутахассис Азиза Ахророва сўзидан маьлум қилишича, 1937-йил 15-августдаги СССР НКВДнинг “Ватан ҳоинларининг аёллари ва фарзандларини қатоғон қилиш тадбири тўғрисида”ги Буйруғи имзоланган.

Ушбу Буйруққа асосан 1938,1939-йилларда собиқ СССРдан 18 минга яқин аёллар ва болалар ватан хоинларининг оила аьзолари сифатида лагерларга жўнатилган.

Айбсиз айбдор бўлган аёллар кўп ҳолатда “ватан хоини”, “сотқин”га чиқарилган эрлари ортидан бошлари балога гирифтор бўлган.

Улар хеч қандай далил-исботсиз қамоққа олинганлар. Уларни қийнаш ва зўрлаш орқали эрларига туҳмат қилишга, эрларига қарши маьлумотлар беришга мажбурланганлар. Мол-мулклари мусодара қилиниб, турли жазоларга мубтало бўлганлар.

“Ватан хоинлари”нинг аёллари ва фарзандлари учун Дастур доирасида алоҳида жазони ижро этиш муассасалари фаолият юритган. Қарағанда (Шимолий Қозоғистон) жазони ижро этиш муассасасида 6 500 нафар аёллар жазони ўтаган ва шундан 1 507 нафар аёл муассасада фарзанда кўрган ва уларнинг аксарияти зўрлик натижаси ҳисобланган.

Мустақиллигимиз абадий бўлсин!

👉@advokat_sharipov


ЭКСКЛЮЗИВ ҲУҚУҚ КИМЛАРГА БЕРИЛАДИ?

2025-йил 28-февралда Ўзбекистон Республикаси Президентининг
“Иқтисодиётда рақобатни ривожлантириш ва хусусий секторнинг ролини янада ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги
ПФ-35-сонли Фармони қабул қилинди.

Фармонга кўра, мулкчилик шаклидан қатъи назар бир ёки бир нечта хўжалик юритувчи субъектлар ва давлат ташкилотларига муайян товарларни ишлаб чиқариш (хизматлар кўрсатиш, ишларни бажариш) ёки сотиш ёхуд сотиб олиш, шунингдек, ягона операторлик хизматларини кўрсатиш учун қуйидагилар асосида тақдим этилган мутлақ ҳуқуқ эксклюзив ҳуқуқ сифатида эътироф этилади:

қонунчилик ҳужжатлари билан истисно тариқасида берилган рухсат (ҳуқуқ);

умумий тартибдан ташқари равишда берилган якка тартибдаги лицензия (рухсатнома).

Бунда танлов (тендер) асосида тақдим этилган лицензиялар (рухсатномалар) эксклюзив ҳуқуқ сифатида эътироф этилмайди.

Фармонга кўра, 2025-йил 1-апрелдан эксклюзив ҳуқуқ хўжалик юритувчи субъектларга қонунлар ва Президентнинг фармон ва қарорлари билан 3 йилдан ортиқ бўлмаган муддатга фақат қуйидаги мақсадлар учун берилади:

конституциявий тузумни, аҳолининг соғлиғини, Ўзбекистон мудофаа қобилиятини, давлат ва жамоат хавфсизлигини ҳамда жамоат тартибини таъминлаш;

табиий офатлар, ҳалокатлар ва эпидемияларнинг олдини олиш ҳамда уларни бартараф этиш.

Биз билан ҳуқуқий билимларингизни оширинг!

👉@advokat_sharipov


КИМЛАР ЖАМОАТ ТРАНСПОРТИДАН БЕПУЛ ФОЙДАЛАНИШ ҲУҚУҚИГА ЭГА?

Ўзбекистон Республикасининг айрим тоифадаги фуқароларига жамоат транспортидан бепул фойдаланиш учун имтиёз берилган.

Ўзбекистон Республикасининг 1996-йил 30-августдаги “Шаҳар йўловчилар транспортидан бепул фойдаланишни тартибга солиш тўғрисида”ги 278-1-сонли Қонунига кўра, қуйидаги шахслар шаҳар йўловчи (таксидан ташқари) транспортидан бепул фойдаланиш ҳуқуқига эга:

1941–1945-йиллар уруш қатнашчиси бўлган ҳарбий хизматчилар;

1941–1945-йиллар уруш қатнашчилари ногиронлари ва урушнинг 1-гуруҳ ногиронига ҳамроҳлик қилувчи шахслар;

1941–1945-йиллар уруш даврида фронт ортида фидокорона меҳнати ва бенуқсон ҳарбий хизмати учун орден ва мукофотлар билан тақдирланган шахслар;

Афғонистон Республикаси ва бошқа мамлакатлар ҳудудидаги жанговар ҳаракатларда қатнашган собиқ байналминалчи жумласидан бўлмиш фуқаролар;

ҳақиқий муддатли ҳарбий хизматни ўтаётган ҳарбий хизматчилар;

контракт бўйича ҳарбий хизматчилар таркибидаги оддий аскар ва сержантлар;

Чернобил АЭС ҳалокати оқибатида нурланиш касаллигига учраган ва уни бошдан кечирган шахслар;

ўзгалар парваришига муҳтож бўлган ёлғиз кексалар;

ёлғиз яшовчи кексалар ва ногиронлиги бўлган шахслар;

ногиронлиги бўлган кўзи ожиз шахслар учун ва ногиронлиги бўлган кўзи ожиз шахсларга сафарларда ҳамроҳлик қилувчи шахслар.

Ҳуқуқларингизни талаб қилишни ўрганинг!

👉@advokat_sharipov


ЎЗИМГА ТЕГИШЛИ УЙНИ ҲАДЯ ҚИЛМОҚЧИМАН. МЕНГА ЁКИ ҲАДЯ ҚАБУЛ ҚИЛУВЧИГА СОЛИҚ ҲИСОБЛАНАДИМИ?

Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодексининг 376-моддаси 1-қисми 2-банди талабларидан келиб чиқиб, солиқ тўловчининг манфаатларини кўзлаб, ҳадя шартномаси бўйича берилган мол-мулкнинг қиймати солиқ тўловчининг моддий наф тарзидаги олинган даромадлари қаторида бўлади.

Бунда солиқ тўловчи моддий наф тарзида олинган даромадидан, яъни ҳадя қилинган мол-мулкнинг қийматидан Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодексининг 378-моддаси 1-қисми 11-, 17-бандлари, шунингдек, 381-моддаси талабларидан келиб чиқиб, Ўзбекистон Республикаси солиқ резиденти бўлган ҳадя олувчи агар ҳадя қилувчига бегона шахс бўлса, 12% лик солиқ ставкаси бўйича солиққа тортилади.

Агар ҳадяни қабул қилувчи ҳадя берувчининг яқин қариндоши бўлса, солиққа тортилмайди.

Масалан:

1. Агар сиз мулкингизни ўз яқин қариндошингизга шартнома билан ҳадя қилган бўлсангиз, ҳадяни қабул қилган шахс моддий наф тарзида даромад олганлиги учун мулкнинг умумий қийматидан 12% даромад солиғи тўламайди.

2. Агар бегона шахсга ҳадя қилсангиз, бегона резидент бўлган жисмоний шахс моддий наф тарзидаги даромадга эга бўлганлиги учун мулк умумий қийматининг 12% миқдорида жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғини бюджетга тўлаб қўйиши лозим.

Биздан узоқлашманг!

Сизга ўз ҳуқуқларингизни ва қонуний манфаатларингизни қандай ҳимоя қилишни ўргатамиз.

👉@advokat_sharipov


ПОНЗИ (PONZI) АСЛИ КИМ?

Аввалги постларимизда ПОНЗИ СХЕМАСИ ва ушбу схемадан фойдаланган ҳолда АҚШда дунё тарихидаги энг катта молиявий фирибгарлик содир этган БЕРНАРД МАДОФ ҳақида маълумот берган эдик.

Бу сафарги постимизда ПОНЗИ СХЕМАСИ асосчиси ЧАРЛЗ ПОНЗИ ҳақида сўз юритамиз.

Ушбу тарихий маълумотларни ёритиб боришдан асосий мақсадимиз бугунги кундаги фирибгарликларнинг олдини олиш, одамларда шундай фирибгарлик схемаси ва ҳаракатларга ўзига хос иммунитетни шакллантиришдан иборат.

ПОНЗИ сўзи асли итальян тилидан олинган бўлиб, ёлғоннинг бир шакли сифатида охирги инвесторлардан жалб қилинган пул маблағларини аввалги инвесторлардан олинган пул маблағларини сўндириш учун тўлов қилишни назарда тутган.

Бу схема номи ЧАРЛЗ ПОНЗИ исмли италиялик бизнесмен номидан олинган.

Ушбу бизнесмен 1920-йилларда бутун АҚШ бўйлаб ушбу схема ёрдамида жуда катта миқдорда пул маблағларини ўзлаштиришга эришади.

ПОНЗИ СХЕМАСИнинг асосий формуласи: “Питерни тунаб, Паулга тўлаш керак”, — деган қоида билан ҳаракат қилинган.

Биздан узоқлашманг!

Сизга ҳали кўплаб фирибгарлик турлари ҳақида маълумотлар бериб борамиз.

Зеро, фирибгарлик жиноятларини олдини олиш — унга жазо тайинлашдан самаралироқдир.

👉@advokat_sharipov


ЎЗ УЙИМНИ СОТСАМ ҲАМ СОЛИҚ ТЎЛАЙМАНМИ?

Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодексининг 375-моддаси 1-қисми 4-банди талабларидан келиб чиқиб, солиқ тўловчи ўзига мулк ҳуқуқи асосида тегишли бўлган кўчмас мулк учун уни реализация қилишдан топган мулкий даромадлари қаторида кўчмас мулкнинг реализация қилиш суммасининг ҳужжатлар билан тасдиқланган уни олиш қийматидан ошган қисми сифатида аниқланади.

Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодексининг 381-моддаси талабларидан келиб чиқиб, Ўзбекистон Республиксаси резиденти бўлган жисмоний шахснинг даромадларига 12% лик солиқ ставкаси бўйича солиққа тортилади.

Бунда солиқ тўловчи кўчмас мулкни сотиб олганидан кейин Солиқ кодексининг 378-моддаси 1-қисми 7-банди талабларига асосан 3 йил муддат ичида сотиб юборса солиқ тўловчи ҳисобланади.

Масалан: Сиз 2025-йил 1-март санасида 50 млн.сўмга уй-жой сотиб олдингиз, 2026-йил 1-март санасида 3 йил тўлмасдан агар 100 млн.сўмга сотсангиз, олиш ва сотиш ўртасидаги фойдадан, яъни 50 млн. сўмдан 12 % миқдорида 6 млн.сўм солиқ тўлашга тўғри келади.

Олди-сотди шартномасини имзолашдан аввал адвокатингиз билан маслаҳатлашишни унутманг!

👉@advokat_sharipov


ЎЗИНИ ЎЗИ БАНД ҚИЛГАН ШАХСЛАР...

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025-йил 27-февралдаги “Хизматлар соҳасини барқарор ривожланиши учун қулай шарт-шароитлар яратишга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПҚ-78-сонли Қарори қабул қилинди.

Қарорга асосан, ўзини ўзи банд қилган шахслар шуғулланиши мумкин бўлган фаолият турлари кенгайтирилди.

Шунингдек, Қарорда енгил автотранспорт воситаларида йўловчиларни шаҳар, шаҳар атрофи ва шаҳарлараро ташиш фаолияти ўзини ўзи банд қилган шахслар шуғулланиши мумкин бўлган фаолият (ишлар, хизматлар) турлари рўйхатига киритилади.

Улар ушбу фаолият билан лицензия варақаси асосида шуғулланиши белгиланади.

Шу билан бирга, Карорда 2025-йил 1-апрелдан солиқ органлари ходимлари томонидан уларга бириктирилган корхоналарда ёки маҳаллалардаги тадбиркорлик субъектларида белгиланган солиққа оид ҳуқуқбузарликлар аниқланганда қуйидаги тартиб жорий этилади:

🔹биринчи марта огоҳлантириш;

🔹огоҳлантиришдан сўнг 3 кун муддатда солиққа оид ҳуқуқбузарлик бартараф этилмагани ёки такроран аниқлангани сайёр солиқ текширувини ўтказишга асос бўлиши;

🔹сайёр солиқ текширувини 24 соат ичида “Ягона давлат назорати” ахборот тизимида рўйхатга олиш орқали Бизнес-омбудсманни хабардор этиш тартибида амалга оширишга рухсат этиш;

🔹сайёр солиқ текшируви натижалари бўйича расмийлаштирилган далолатнома сайёр солиқ текшируви бўйича қарор қабул қилиш учун асос бўлиб ҳисобланиши.

Огоҳ бўлинг!

👉@advokat_sharipov


СУДДАГИ ДАВЛАТ БОЖЛАРИНИ ҚАЙТАРИШ...

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2024-йил 11-ноябрдаги “Тадбиркорлик ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПФ-184-сонли Фармонига кўра, 2025-йил 1-мартдан судда иш юритиш тарафлар келишув битими тузганлиги сабабли тугатилганда тадбиркорлик субъектлари ва фуқароларга давлат божини қуйидаги миқдорларда қайтариб бериш тартиби жорий қилинади:

— биринчи инстанция судида — тўланган давлат божининг 70 фоизи;

— апелляция ва кассация тартибида берилган шикоятлар бўйича судда — тўланган давлат божининг 30 фоизи.

Ҳуқуқларингизни биз билан ўрганинг!

👉@advokat_sharipov


ТАДБИРКОРЛИК СУБЪЕКТЛАРИ ФАОЛИЯТИНИ ТЕКШИРИШ...

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2024-йил 11-ноябрдаги “Тадбиркорлик ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПФ-184-сонли Фармонига кўра, 2025-йил 1-январдан:

➖ жисмоний шахс томонидан тадбиркорлик фаолиятини якка тартибдаги тадбиркор сифатида давлат рўйхатидан ўтмасдан амалга оширганлик учун молиявий жарима бекор қилинади;

“Хавфни таҳлил қилиш” электрон тизими жорий этилади.

Электрон тизимда тадбиркорлик субъектлари фаолиятида ҳуқуқбузарлик содир этиш хавфи паст, ўрта ва юқори даражаларга таснифланади.

Хавф даражаси паст бўлган тадбиркорлик субъектлари фаолиятида назорат қилувчи органлар томонидан текширувлар ўтказилмайди.

⚡️Мазкур фармон билан тадбиркорлик субъектлари фаолиятида ўтказиладиган барча текширувлар “Ягона давлат назорати” ахборот тизимида рўйхатга олиш орқали Бизнес-омбудсманни хабардор этиш тартиби жорий этилади.

➡️ Бунда текшириладиган тадбиркорлик субъекти аниқ бўлмаган ҳолатларда текширув бошлангандан сўнг 24 соат ичида Бизнес-омбудсман хабардор этилади.

👉@advokat_sharipov


МАЖБУРИЙ АВТОСУҒУРТА: жабрланувчиларга тўланадиган пул миқдори икки баробарга оширилади

Бу нимани англатади?


Маълумки, ҳайдовчининг йўл ҳаракатидаги иштироки давомида ножўя хатти-ҳаракати натижасида бошқа бир йўл ҳаракати иштирокчиси бўлган шахсга, унинг мулкига турли миқдорда зарар етказилиши мумкин.

Транспорт воситалари эгаларининг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилиш бўйича суғурта тарифларини, шу жумладан, суғурта пулини ҳам индексация қилишни назарда тутадиган ҳукумат қарори лойиҳаси муҳокамага қўйилган эди.

Эндиликда янги тартибдаги мажбурий автосуғурта бўйича жабрланувчига тўланадиган пул миқдори икки баробар оширилиши режалаштирилди.

Йўллардан эҳтиёт бўлинг!

👉@advokat_sharipov


ПЕНСИЯ ТАЙИНЛАШДА ПРОАКТИВ ТИЗИМИ НИМА ДЕГАНИ?

Пенсия тайинлашдаги проактив тизим дейилганда пенсия олиш ҳуқуқи билан боғлиқ жараёнларни автоматлаштириш ва такомиллаштиришга қаратилган тизим тушунилади.

2025-йил 1-мартдан бошлаб фуқароларга ёшга доир пенсияларни белгиланган ёшга тўлиши муносабати билан алоҳида мурожаат талаб этмаган ҳолда
Пенсия тайинлашда проактив тизимидан фойдаланиш белгиланган.

Мазкур тизим дастлаб 55 ёшга тўлган аёлларга ва 60 ёшга тўлган эркак фуқароларга татбиқ этилиши режалаштирилган.

Бунда Адлия вазирлиги томонидан фуқаро умумий белгиланган пенсия ёшига тўлган санада автоматик тарзда фуқаронинг паспорт (идентификация ID-карта) маълумотларини бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасининг “Пенсия” ахборот тизимига электрон шаклда юборади.

Ички ишлар вазирлигининг “Манзил” ахборот тизимига пенсия ёшига тўлган фуқаронинг маҳалла фуқаролар йиғини кесимида яшаш жойи тўғрисидаги маълумотларни олиш учун ахборот тизими орқали электрон сўров юборади.

Пенсия жамғармаси пенсия ёшига тўлган фуқаронинг номига расмийлаштирилган мобил телефон рақамига пенсия тайинлаш масаласи кўриб чиқилиши тўғрисида СМС-хабар юборади.

Пенсия жамғармасининг туман (шаҳар) бўлими белгиланган муддатда “Пенсия” ахборот тизимидаги мавжуд пенсия ёшига тўлган фуқаронинг иш стажи, иш ҳақи, устама олиш ҳуқуқини берадиган электрон маълумотлар асосида дастлаб фуқаронинг пенсияга бўлган ҳуқуқини аниқлайди, пенсия миқдорини ҳисоблайди ва пенсия тайинлайди.

Шундан сўнг, агар фуқаро тайинланган ёшга доир пенсия миқдоридан норози бўлганида ёки меҳнат фаолиятини давом эттириб, ёшга доир пенсияга кейинчалик чиқиш хоҳишини билдирган тақдирда, хабарнома олганидан сўнг 10 кун ичида Пенсия жамғармаси бўлимига ташриф буюрган ҳолда ариза бериш орқали тайинланган пенсияни рад қилиши мумкин.

Биздан узоқлашманг!

👉@advokat_sharipov


ОВЧИЛАР, ЭҲТИЁТ БЎЛИНГ!

Ўзбекистон Республикасининг 2020-йил 8-июлдаги 627-сонли “Ов қилиш ва овчилик ҳўжалиги тўғрисида”ги Қонуни қабул қилинган.

Қонун талабларига кўра, Ўзбекистонда 1-мартдан 15-августга қадар ов мавсуми ёпилади. Бу давр оралиғида ёввойи ҳайвонлар ва қушларни овлаш қатъий тақиқланади.

Қонун билан тақиқланган ушбу вақт оралиғида ов қилиб ҳуқуқбузарга айланиб қолманг!

Дастлабки маъмурий жарима жазоси миқдори қуйидагича:

— жисмоний шахсларга — 12 250 000 (12 миллион 250 минг) сўмгача;

— мансабдор шахсларга — 16 000 000 (16 миллион) сўмгача.

Табиатни асранг!

Овчи танишларингизга юбориб қўйишни унутманг!

👉@advokat_sharipov


ТАБРИК...

Ассалому алайкум, ҳурматли Ватандошлар!

Сизларни 2025-йил 1-март санасидан мусулмонларнинг муборак ойи бўлмиш Рамазони шариф кириб келаётганлиги билан табриклайман.

Сизни ва яқинларингизни мустаҳкам соғлиқ, бахт-у саодат, хотиржамлик тарк этмасин.

Муборак Рамазон ойида қиладиган эзгу амалларингизни Парвардигор Ўз даргоҳида қабул қилсин!

Ҳурмат ва эҳтиром билан,

Адвокат Ш. Шарипов


НОГИРОНЛИК ПЕНСИЯСИНИ ҚАНДАЙ ҚИЛИБ ҚАЙТА ҲИСОБЛАТИШ МУМКИН?

Фуқаро I ва II гуруҳ ногиронлик пенсияси тайинланганидан кейин камида 1 йил иш стажига эга бўлса, унинг аризаси асосида иш стажи ва иш ҳақи инобатга олинган ҳолда пенсияси ҳар 2 йилда бир маротаба қайта ҳисоблаб берилади.

Ҳуқуқ пайдо бўлган шахс қандай ҳужжатларни тақдим қилиши керак?

Пенсияни қайта ҳисоблашга асослар вужудга келганда шахс фақат паспорт билан Пенсия жамғармасига мурожаат қилиши мумкин.

Бунда шахснинг меҳнат стажи ва иш ҳақи тўғрисидаги маълумотлар ахборот тизимларида мавжуд бўлса, пенсионердан ҳеч қандай маълумот талаб қилинмайди.

Маълум сабабларга кўра, маълумотлар ахборот тизимларида мавжуд бўлмаса, бу ҳақда пенсионерга маълум қилинади ва пенсионер сўралган маълумотларни тақдим қилиши керак бўлади.

Биз
дан узоқлашманг!

Биз сизга ўз ҳуқуқларингизни ҳимоя қилишни ўргатамиз.

👉@advokat_sharipov


ТАЛАБАЛАР ДИҚҚАТИГА!

Давлат олий таълим муассасаларига шартнома асосида талабаликка тавсия этилган абитуриентлар шартнома суммасини бўлиб тўлаш муддатлари қуйидагича:

— белгиланган тўлов миқдорининг камида 25% ини ўқув йилининг 15-сентябргача ёхуд Давлат қабул комиссияси белгилаб берган муддатгача;

— иккинчи ва ундан кейинги босқич талабалари учун ўқув йилининг 1-октябргача ёки ОТМ раҳбарияти узайтирган муддатгача;

— Барча курс талабалари учун белгиланган тўлов миқдорининг камида 50% 1-январгача;

— 75% 1-апрелгача;

— 100 % 1-июлгача ёки ОТМ раҳбарияти узайтирган муддатгача.

Шунингдек:

👉 Хорижий давлат фуқаролари учун ОТМ раҳбарияти белгилаб берган муддатгача;

👉 Хусусий ОТМларида шартнома суммаси, унинг миқдорини тўлаш шартлари ва муддатлари ўзаро имзоланган шартномага кўра тартибга солинади.

👉@advokat_sharipov


БЕРНАРД МАДОФ “ИШИ”

Бернард Мадоф тарихдаги энг катта молиявий фирибгар ҳисобланади. У АҚШда истиқомат қилган.

Барча молиявий фирибгарликларини 1960–2008-йиллар оралиғида — то қўлга олингунига қадар амалга оширган.

Ундан жабрланганлар асосан машҳур шахслар, банклар ва минглаб инвесторлар ҳисобланади.

Зарарнинг умумий миқдори 64 млрд АҚШ долларини ташкил қилган.

У одамларга, банкларга машҳур Понзи (PONZI) схемаси асосида фириб берган.

2008-йилда Жаҳон иқтисодий инқирози юз беради.

Натижада, банклар, инвесторлар ўз пул маблағларини қайтариб беришини сўраб, Бернард Мадофга оммавий мурожаатлар қила бошлашади.

Бироқ пул йўқ эди...

Ушбу фонда Бернарднинг ўз ўғли FBIга қўнғироқ қилиб, отасининг қилмишларини фош этади. Шундан сўнг жиноят иши қўзғатилган ва Бернард қамоққа олинган.

"Қаҳрамон"имиз 2009-йилда 150 йил муддатга озодликдан маҳрум қилинган.

У 2021-йилда жазони ижро этиш муассасасида вафот этган.

👉@advokat_sharipov


ПЕНСИЯ ҲИСОБЛАШ УЧУН ҚАЙСИ ДАВРДАГИ ИШ ҲАҚИ ИНОБАТГА ОЛИНАДИ?

“Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тўғрисида”ги Қонуни ва Вазирлар Маҳкамасининг 2022-йил 13-октябрдаги 592-сон қарори билан "Давлат пенсияларини тайинлаш ва тўлаш тартиби тўғрисида"ги Низом тасдиқланган.

Унинг талабларига асосан, пенсияни ҳисоблаб чиқариш учун ишдаги мавжуд танаффуслардан қатъи назар охирги 10 йиллик меҳнат фаолияти давомидаги исталган кетма-кет 5 йилдаги (пенсия сўраб мурожаат этган шахснинг танлови бўйича) иш ҳақи инобатга олинади.

Мавсумий ишларда банд бўлган ходимларга пенсиялар тайинлашда пенсияни ҳисоблаб чиқариш учун олинадиган ўртача ойлик иш ҳақи ишдаги мавжуд танаффуслардан қатъи назар меҳнат фаолиятининг охирги 10 йил давомидаги исталган кетма-кет 5 мавсумдаги (пенсия сўраб мурожаат этган кишининг танлови бўйича) қайта ҳисобланган иш ҳақининг умумий миқдорини 60 га бўлиш йўли билан аниқланади.

Эслатиб ўтаман. Ўзбекистонда ёшга доир пенсия олиш ҳуқуқига:

эркаклар 60 ёшга тўлганда ва иш стажлари камида 25 йил бўлганда;

аёллар 55 ёшга тўлганда ва иш стажлари 20 йил бўлган тақдирда эга бўладилар.

2025-йил 1-мартдан ёшга доир пенсиялар автоматик тарзда база маълумотларига асосланиб тайинланиши режалаштирилмоқда.

👉@advokat_sharipov


ПОНЗИ (PONZI) СХЕМАСИ

Молиявий фирибгарлик турлари орасида энг кенг тарқалган ва хавфлиларидан бири бу — Ponzi схемаси.

Бу схема одамларни юқори даромад ваъдaси билан жалб қилиб, янги иштирокчиларнинг пуллари ҳисобидан аввалги инвесторларнинг фойдасини тўлаш орқали ишлайди.

Аслида, эса ҳеч қандай реал инвестиция ёки даромад манбаи мавжуд эмас.

Ponzi схемасининг асосий белгиларига эътибор беринг:

Ўта юқори даромад ваъда қилиниши — бозордаги ўртача фойдадан анча юқори фоизлар ваъда қилинади.

Барқарор ва мунтазам фойда таклиф этилиши — бозордаги ўзгаришларга қарамай инвесторлар ҳар доим бир хил даромад олишларини айтишади.

Компания фаолияти шаффоф эмаслиги — қандай қилиб даромад топилаётгани ҳақида аниқ тушунтириш берилмайди.

Янги инвесторларни жалб қилишга урғу берилиши — сиздан фақатгина инвестиция киритиш эмас, балки янги одамларни жалб қилиш ҳам сўралади.

Пулни қайтариб олиш қийинлиги — дастлаб пул олиш осон бўлиши мумкин, лекин вақт ўтиши билан қийинчиликлар пайдо бўлади.

Ponzi схемаси қандай ишлайди?

1️⃣ Инвесторлар юқори даромад ваъдaсига ишониб пул киритади.

2️⃣ Янги инвесторларнинг пуллари аввалгилaрга фойда сифатида тарқатилади.

3️⃣ Тизим янги одамларни жалб қилиш орқали ишлашда давом этади.

4️⃣ Охир-оқибат, янги иштирокчилар етишмай қолади ва схема қулайди.

Хулоса:

1) агар сизга шубҳали инвестиция таклиф қилинса, аввал компаниянинг лицензияси, фаолият соҳаси ва даромад манбаларини ТЕКШИРИНГ;

2) фирибгарлик қурбони бўлишни хоҳламасангиз, ҳеч қачон шаффофлиги номаълум бўлган схемаларга ПУЛ ТИКМАНГ.

Эҳтиёт бўлинг, ҳуқуқларингизни билинг!

СИЗ БИЗ БИЛАН ЯНАДА КУЧЛИСИЗ!

👉@advokat_sharipov


ИМТИЁЗЛАРДАН ФОЙДАЛАНИНГ!

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2024-йил 24-феаралдаги ПҚ-71-сонли “Ўзбекистон Республикаси Президентининг айрим қарорларига ҳарбий хизматчиларни ижтимоий ҳимоя қилишни кучайтиришга қаратилган ўзгартириш ва қўшимча киритиш тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.

Қарорга кўра, Президентнинг айрим қарорларига қуйидагиларни назарда тутувчи ўзгартириш ва қўшимча киритилди:

2025-йил 1-мартдан ҳарбий хизматчиларга тураржойни ижарага олганлик (ижарада турганлик) учун тўланадиган ҳар ойлик пул компенсацияси миқдори 20 фоизга оширилади;

2025-йил 1-июндан қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ тасдиқланадиган ипотека кредитларини ажратиш кўрсаткичлари асосида уй-жой билан таъминланадиган, календарь ҳисобида 10 йилдан ортиқ ҳарбий хизматни ўтаган ҳарбий хизматчиларга тураржой сотиб олиш (қуриш) учун ипотека кредити олинишида ажратиладиган дастлабки бадал миқдори уй-жой ҳисобланган қийматининг 35 фоизи миқдорида белгиланади.

Президентининг 2005-йил 30-июндаги ПҚ-112-сонли қарорига киритилган ўзгартиришларга кўра:

2025-йил 1-мартдан йил якунигача Қуролли Кучларнинг контракт бўйича хизмат қилаётган, амалдаги сарф-харажатлар доирасида тураржой билан таъминланмаган оддий аскар, сержант ва офицерлар таркибидаги ҳарбий хизматчиларига тураржойни ижарага олганлик (ижарада турганлик) учун:

➖Тошкент шаҳрида — БҲМнинг 4,8 бараваригача миқдорда;
➖Нукус шаҳри ва вилоятлар марказларида — БҲМнинг 3,6 бараваригача миқдорда;
➖бошқа шаҳарлар, туман марказлари ва аҳоли пунктларида — БҲМнинг 2,4 бараваригача миқдорда ҳар ойлик пул компенсацияси тўловлари белгиланди.

Оила аъзолари 3 киши ва ундан ортиқ бўлган тақдирда ҳарбий хизматчиларнинг ушбу пул компенсацияси миқдорлари 50 фоизга оширилади.

2026-йилдан ҳар йили ҳар ойлик пул компенсацияси тўловлари миқдори ҳудудлар кесимида тураржой ижарасининг бозор нархларидан келиб чиққан ҳолда, Ҳукумат қарори билан белгилаб борилади.

👉@advokat_sharipov


БОЗОР ҚИЙМАТИ ТЎЛИҚ ҚОПЛАБ БЕРИЛАДИМИ?

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025-йил 21-февралдаги ПФ-26-фармонига кўра 2025-йил 1-мартдан реновация асосида кўп квартирали уй-жойларни барпо этишнинг янги тартиби жорий этилди.

Мулкдорларга, уларнинг хоҳишига кўра қуйидаги компенсация турларидан бири тақдим этилади:

— бузилаётган тураржой объектлари ўрнига уларнинг майдонидан кам бўлмаган реновация дастурига мувофиқ янги қуриладиган тураржойлардан яшаш учун тайёр ҳолдаги квартираларни мулк ҳуқуқи асосида бериш ҳамда қурилиш даврида кўчиш, шу жумладан, бошқа тураржой объектини вақтинчалик ижарага олиш билан боғлиқ харажатларни тўлиқ қоплаш;

— бузилаётган турар ва нотурар жой объектининг бозор қийматини тўлиқ қоплаб бериш;

— реновация лойиҳаси ташаббускори билан келишилган ҳолда бошқа турдаги компенсацияни тақдим этиш.

Реновация лойиҳасини бошлашга барча мулкдорлар билан нотариал тасдиқланган келишув битими имзоланганидан сўнг рухсат берилади.

Ҳуқуқларингизни билинг ва янада кучли бўлинг!

👉 @advokat_sharipov

20 ta oxirgi post ko‘rsatilgan.