Дастлабки шартнома тузишда эътибор қаратиш лозим бўлган энг асосий жиҳатларФКнинг 361-моддасига кўра, дастлабки шартнома бўйича тарафлар келгусида мол-мулк бериш, ишлар бажариш ёки хизматлар кўрсатиш ҳақида дастлабки шартномада назарда тутилган шартлар асосида шартнома тузиш (асосий шартнома) мажбуриятини оладилар.
Дастлабки шартнома асосий шартнома учун белгиланган шаклда, борди-ю, асосий шартноманинг шакли аниқланмаган бўлса, ёзма шаклда тузилади. Дастлабки шартноманинг шакли тўғрисидаги қоидаларга риоя қилмаслик унинг ҳақиқий саналмаслигига сабаб бўлади.
Дастлабки шартномада асосий шартноманинг нарсасини, шунингдек бошқа муҳим шартларини белгилаб қўйиш имконини берадиган шартлар бўлиши керак.
Дастлабки шартномада тарафлар қанча муддатда асосий шартномани тузиш мажбуриятини олиши кўрсатилади. Агар дастлабки шартномада бундай муддат белгилаб қўйилган бўлмаса, асосий шартнома дастлабки шартнома тузилган пайтдан бошлаб бир йил ичида тузилиши шарт.
Дастлабки шартномани тузган тараф асосий шартномани тузишдан бош тортган тақдирда ушбу Кодекс 377-моддасининг олтинчи ва еттинчи қисмларида назарда тутилган қоидалар қўлланилади.
Агар тарафлар асосий шартномани тузишлари лозим бўлган муддатнинг охиригача у тузилмаса ёки тарафларнинг биронтаси ҳам иккинчи тарафга ана шундай шартнома тузиш ҳақида таклиф юбормаса, дастлабки шартномада назарда тутилган мажбуриятлар бекор бўлади.
Каналга уланиш: ➖
@Yurist_Zukhurov