Расмий баёнот: “М-25” кони ҳудудида кичик ҳажмда тўпланган газни хавфсиз ёқиш ишлари олиб борилмоқда
Бугун оммавий ахборот воситаларида Бойсун туманидаги “М-25” кони ҳудудида юзага келган вазият ҳақида хабар тарқалди.
Айтиш жоизки, “М-25” кони ҳудудида ҳеч қандай кутилмаган вазиятлар кузатилмаган.
Бугунги кунда 2024-йил сентябрь ойида метан эмиссияси содир бўлган қудуқ ўрнида объектни консервация қилиш бўйича режалаштирилган ишлар олиб борилмоқда ва бу ерда доимий мониторинг юритиляпти.
604-сонли қудуқда тозалаш ишлари олиб борилаётганда қудуқдан олис ҳудудларда ер юзасига яқин жойлашган бўшлиқлар ва коллекторлардаги микро ёриқларда кичик ҳажмдаги газ тўпланган.
Айни пайтда ҳудудда кичик ҳажмда тўпланган газни ёқиш орқали зарарсизлантириш ишлари олиб борилмоқда. Бундан кўзланган мақсад кислотали газларнинг атмосферага чиқишини олдини олишдан иборат.
Ушбу жараён атроф-муҳит ифлосланишининг олдини олишда стандарт ёндашув ҳисобланади ва халқаро саноат хавфсизлиги талабларига тўла жавоб беради.
Режалаштирилган консервация ва профилактика ишлари мазкур технологик жараённинг ўзига хос хусусиятларини тушунмайдиган одамлар бошқача талқин қилиши мумкин бўлган бир қатор операциялардан иборат. Бунга ҳолат бўйича тарқалган видеолавҳа яхши мисол бўла олади.
@Margilonliklaruzb