Ер юзидаги илк жиноят инсонни ўлдириш, қотиллик бўлиб, Одам алайҳиссаломнинг икки ўғиллари ўртасида содир бўлган. Қобил ўз укаси Ҳобилни ўлдирган. Бунга сабаб Ҳобилнинг қилган қурбонлиги қабул қилиниб, Қобилнинг қурбонлиги қабул қилинмагани эди. Демак, бу жиноятга Иблиснинг васвасаси, ҳасад, гина, адоват сабаб бўлган экан. Мана шунда Аллоҳ таоло Қобилга ўз укасини қандай дафн этишни ўргатиши учун қарғани юборади. Хўш, нима учун Аллоҳ таоло бошқа қушни эмас, айнан қарғани юборди? Аллоҳ таолонинг инсон жасадини қандай дафн этишни ўргатиши учун қарғани юбориши бежизга эмас, албатта. Қуръондаги ушбу мўъжизани замонавий илм-фан яқиндагина исбот қилди.
Биология ва зоология фани мутахассисларининг таъкидлашларича, қарға қушлар орасидаги энг зийрак ва шу билан бирга энг маккор қуш экан. Бунга сабаб қарғанинг мияси бошқа қушлар миясига нисбатан каттароқ ҳажмга эга эканлигидир.
Соҳа мутахассисларининг айтишича, бошқа қушлардан фарқли ўлароқ, қарғалар оиласида ўзига хос суд, маҳкама жараёни бор экан. Бу маҳкамада оила ва жамоа низомига бўйсунмаган ахлоқсиз қарға суд қилинади. Қизиғи шундаки, бу суд Аллоҳнинг марҳамати билан адолат асосида олиб борилади.
Қарғалар жамоасида ҳар бир жиноят учун муайян жазо белгиланган.
Масалан, бирор қарғанинг ёш полапони оғзидаги луқмасини тортиб олган қарғага суд томонидан ўша қарға то учолмайдиган бўлиб қолгунича битта қўймай патларини юлиш жазоси тайинланади. Жабрланган томон жиноятчи қарғанинг патларини шу қадар юлиб ташлашадики, натижада жиноятчининг ўзи ҳам ҳалиги полапон каби учолмайдиган, заиф бўлиб қолади.
Қарғалар инини золимларча эгаллаб олган ёки уни бузган қарғага адолатли суд томонидан жабрланган қарға учун янги ин қуриб бериш вазифаси юклатилади.
Бошқа қарғанинг урғочисига тажовуз қилган, тегажоғлик қилган қарға ўлимга маҳкум этилади. Урғочи қарғанинг қариндошлари жиноятчи қарғани тумшуқлари билан то у ўлгунича уриб, чўқишади.
Қарғалар маҳкамаси, одатда, бирорта экинзор далада ёки кенгроқ майдонда олиб борилади. Аввалига маҳкама ҳайъати аъзолари белгиланган жойга келишади ва шундан кейин айбланувчи қарға қўриқчилар ҳамроҳлигида ва қаттиқ назорат остида майдонга келтирилади. Суд бошланганда айбдор қарға бошини қуйи солиб, қанотларини тушириб, айбини тан олгани учун қағилламай жим туради. Агар маҳкама томонидан жиноятчи қарғага ўлим жазоси тайинланса, ҳамма қарғалар уни ўткир тумшуқлари билан чўқиб, уриб ўлдиришади. Ўлгандан кейин қарғалардан бири уни кўмиш учун жасади бемалол сиғадиган қилиб ер қазийди. Кейин ҳаммалари бирлашиб жасадни эҳтиёткорлик билан қабрга тортишади. Сўнг уни ҳурмат қилгандек, тупроқни ҳам устига аста-секин тортишади. Шундай қилиб инсон боласи кўпинча жорий қилолмайдиган илоҳий адолатни улар қойиллатиб ўрнига қўйишади. Бундан ташқари, олимларнинг маълумотларига кўра, бошқа қушлар орасида фақатгина қарғалар қабр кавлаб, ўлганларини ерга кўмишар экан.
Мана, нима учун Аллоҳ таоло инсонга дафн қилишни ўргатиши учун қарғани юборганини билиб олдик. Ҳа, азизлар, Роббимиз Ҳаким Зот! У ҳеч бир ишни беҳикмат қилмайди. Қуръони каримнинг бу каби янги-янги мўъжизалари қиёматга қадар тўхтовсиз равишда чиқаверади. Шундай экан, мўъжизаларга бой, ақлларни шоширувчи бу Китобни қўлдан қўймай ўқийлик, имконимиз борича ўқиганларимизга амал қилайлик. Ана шунда икки дунё саодатига эришамиз.
➡️
Яқинларингизга ҳам улашинг! 👇
🌙 @Kunlik_Duolarim 🤲 - Кунлик Дуолар каналига аъзо бўлинг!